«ОММАВИЙ МАДАНИЯТ»  АХЛОҚИЙ ТАНАЗЗУЛДИР

«ОММАВИЙ МАДАНИЯТ» АХЛОҚИЙ ТАНАЗЗУЛДИР

Mimon.uz 20-06-2021 415

Руҳимизга мезбон бўлиб турган жасад (организм)имизнинг моддий талаблари нафсимиз талаблари деб аталади. Бадан талабларини ақлимиз тарозисига солиб, меъёрга риоя қилмасдан бажараверсак, ҳеч бўлмаганда семизлик деб аталмиш дардга йўлиқамиз.

Бу борада фожиавий ҳолатлар – ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, очофатлик каби охири ўлим билан тугайдиган касалликлардир. Руҳиятимизга боғлиқ талаблар: ихлос, муҳаббат, дўстлик, ҳалоллик, тавба, уят, ор-номус, иззат-икром, обрў, эътибор, кибр, ҳасад, ғафлат, лоқайдлик, қайсарлик кабиларни ҳам ақл тарозисига солиб, «нимага?» «кимга?» «қай даражада?» деган саволларга жавоб топмасак, ўзаро муомалаларимизда муаммоларга йўлиқиб, бошимиз қотиши ҳеч гап эмас. Саволларга жавобларни аввало биз учун жавобгар шахслар – ота-онамиздан, тарбиямизнинг масъулиятини ўз зиммасига олган устозларимиздан, сўнгра барча донишмандликлар ичига жо бўлган китоблардан оламиз.

Хожа Аҳмад Яссавий бобомиз айтган эканлар:

  • Нафс йўлига кирган киши расво бўлур,
  • Йўлдин озиб, тойиб, тўзиб гумроҳ бўлур.
  • Ётса, қўпса шайтон била ҳамроҳ бўлур,
  • Нафсни тебкил, нафсни тебкил,эй бадкирдор!

Хозирда компьютерлар, қўл телефонлари орқали интернетга кириш имкониятига эга бўлган ёшларимиз, илм ва маърифат олишда интернетнинг қулайликларидан унумли фойдаланишяпти. Аммо интернетдаги маълумотлар ёлғон ва зарарли ҳам бўлиши мумкин.

Шу сабабли ёш фарзандимизнинг компьютер билан мулоқотларини мунтазам назорат қилиб бориш ҳар биримизнинг масъулиятли бурчимиздир. Интернетдан фойдаланаётган ёш бола қизиқувчанлиги ва тажрибасизлиги туфайли рўбарўсидаги даҳшатли хавф-хатарни сезмай қолиши мумкин. Интернетга устамонлик билан киритиб қўйилган ёвузлик, шарм-ҳаёсизлик, ахлоқсизлик каби феъл-атворларни ўзига юклаб олаётганини билмай қолади. Агарда интернет орқали гаплашаётган номаълум «дўсти» маккор ва ёвуз оқимларнинг вакили бўлса, Аллоҳ асрасин, кўр-кўрона унинг таъсирига тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Мана сизга интернетнинг хавфли томони.

Бу хавф ўзининг жозибадорлиги билан қалбга йўл топади, қизиқувчан болани атрофдаги одамлар: ота-онаси, ака-укаси, дўст-ёрлари билан жонли мулоқотдан ажратиб олади ва хаёлот оламига гирифтор этиб, ҳаётдан узоқлаштиради. Бу эса боланинг хулқ-атворига ҳалокатли таъсир кўрсатиши билан изоҳланади. Инсон ўз қизиқишларини тўғри, яхши нарсаларга ва покиза ғояларга йўналтира олиши шарт. Бу борада энг яқин ва холис ёрдамчи, албатта, ота-онадир. Бола қизиқаётган нарсаларни назорат қилиб туриш, ниятини тўғрилаш тарбия деб аталмиш масъулиятли ва шарафли бурчнинг асосини ташкил қилади. Ота-она назоратидан кейинги аҳамиятли омил атрофидаги ака-укалари, устоз ва ёру жўраларининг бевосита таъсиридир.

Одамзоднинг ғафлатда қолиши ожизлигидир. У ўз диққат-эътиборини бир нарсага йўналтирса, бошқа нарсалардан бехабар қолади. Ўзи билмаган нарсага, агар у нарса муҳим бўлса ҳам, аҳамиятсиз бўлади. Хулоса шуки, инсон ўзидаги меҳр ва эътиборини ҳаёти ва атрофидаги инсонлар учун фойдали ва зарур ишларга йўналтирмоғи лозим. Ҳаётда гўзал ва меҳр-оқибатли бўлиш учун атрофдаги инсонлар билан эътибор ва оқибат ришталарини боғлаш керак. 

 Атабаев Абдумуталип Миролим Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид