АЗОН ЧАҚИРИШ

АЗОН ЧАҚИРИШ

imon.uz 20-11-2020 1152

Азон исломнинг рамзларидан бўлиб, уни айтишнинг улкан фазилатлари ҳадисларда ворид бўлган. Имом Бухорий ва Муслим ўз тўпламларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги кўрсатмаларини ривоят қилганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар одамлар азон айтиш ва биринчи сафда намоз ўқишда нима (савоб) борлигини билганларида эди, бунинг учун қуръа ташлашдан бошқа (чора) топа олишмаса, албатта қуръа ташлашарди. (Намозга) эрта боришда нима (савоб) борлигини билганларида эди, бунинг учун мусобақалашишарди. Хуфтон ва бомдодда нима (савоб) борлигини билганларида эди,уларга эмаклаб бўлса ҳам келишарди”, дедилар”.

Зикр қилинишича, кишилар азон айтишда тортишиб қолишганида, Саъд розияллоҳу анҳу улар орасида қуръа ташлаган эканлар.

Қолаверса, азон шаҳарлардан, қишлоқ ва овуллардан шайтонни қувади ва ўзи билан барака ва фазилат олиб келади. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Намозга азон айтилганида, шайтон азонни эшитмаслик учун ел чиқариб, ортига қарамай қочади. Азон айтиб бўлингач, яна келади. Намозга иқома айтилса, яна ортига қараб кетади. Иқома айтиб бўлингач, одамнинг дилига васваса солиш учун яна қайтиб келади. Эсламаётган нарсасини эслатиб: “Уни эсла, буни эсла”, дейди. Натижада киши қанча намоз ўқиганини ҳам билмайдиган бўлиб қолади”, дедилар”. (Имом Бухорий ривояти)

Бугунги кунда масжидларга расман муаззинлар тайин қилинган. Лекин, бирор киши азон овози етиб бормайдиган жойда намоз ўқишига тўғри келиб қолса, у ерда ҳам намоздан олдин азон айтиш суннатдир ва бундай ўринларда ҳам мазкур фазилат албатта ҳосил бўлади.

Абдураҳмон ибн Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Абу Саъсаъа ал-Ансорий ал-Мозинийдан ривоят қилинади,унга отаси бундай хабар қилган:

Абу Саъид Худрий унга: “Назаримда сен қўйларни ва даштни яхши кўрар экансан. Қўйларинг ичида ёки даштингда турганингда намозга азон айтсанг, овозингни баланд кўтар. Чунки муаззиннинг етиб борган овозини инсу-жинлар ёки бирон нарса эшитса, Қиёмат куни унга албатта гувоҳлик беради”, деган экан. Абу Саъид: “Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман”, деди”.  (Имом Бухорий ривояти)

Юқоридагилардан азон айтиш нечоғлик фазилатли иш экани маълум бўлади. Шундай экан, имкон туғилган заҳоти ушбу фазилатга эга чиқишни қўлдан бой бермаслик лозим.


Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний

Миролим Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид