ФАРЗАНДНИНГ ОТА-ОНАГА ҚИЛГАН НАФАҚАСИ

ФАРЗАНДНИНГ ОТА-ОНАГА ҚИЛГАН НАФАҚАСИ

Mimon.uz 2026-03-21 11:51:00 1

Муварриқ Ижлийдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг йўлида қилинган нафақадан ҳам афзалроқ нафақа борлигини биласизларми?» дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билади», дейишди.
«Фарзанднинг ота-онага қилган нафақаси», дедилар.
Ҳайсам зиёда қилди: «Иккисининг унга қилган яхши дуоси аслни собит қилади ва фаръни ўстиради. Дуоибадлари эса аслни ҳалок қилади».

Шарҳ:
Кўпчилигимизнинг тасаввуримизда Аллоҳнинг йўлида қилинган нафақадан ҳам афзалроқ нафақа бўлиши мумкин эмасдек туюлади. Аллоҳнинг йўлида нафақа қилишга тарғиб этувчи оят ва ҳадислар кўплигидан улардаги маъно кучлилигидан мана шундай тасаввур пайдо бўлган.
  Худди шу тасаввур саҳобаи киромларда ҳам бор экан. Бу ҳақиқатни яхши билганларидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қарата:
«Аллоҳнинг йўлида қилинган нафақадан ҳам афзалроқ нафақа борлигини биласизларми?» дедилар».
  Бундай нафақа борлигидан бехабар бўлганлари учун, саҳобаи киромлар ўзларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саволларига берган жавобларида:
«Аллоҳ Унинг Расули билади», дейишди».
Уларнинг бу жавобидан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг йўлида қилинган нафақадан ҳам афзалроқ нафақа борлигини баён қилиб:
  «Фарзанднинг Ота-онага қилган ва нафақаси», дедилар».
  Демак, фарзанд топганини Ота-онага сарфласа, уларга бериб, кўнглини олса, дуосини олса, хурсандчилигига сабаб бўлса, яхшилик етказса, улуғ ишни қилган бўлар экан.
  «Ҳайсам зиёда қилди: «Иккисининг унга қилган яхши дуоси аслни собит қилади ва фаръни ўстиради. Дуоибадлари эса аслни ҳалок қилади».
  Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийларидан бири бўлмиш Ҳайсам зиёда қилиб айтибдики: «Агар ота-она ўз фарзандига яхши дуо қилса, шу дуо аслни, яъни дуо олган фарзандни собит қилади ва унинг фаръини, яъни болаларини ўстиради, хайрга, баракага кўмдиради.
  Ота-онанинг ёмон дуоси ҳалокатга учратади. Чунки Ота-онанинг норози бўлгани, боласининг ҳаққига дуоибад қилгани оғир мусибат бўлади.
  Шунинг учун мўмин-мусулмон инсон имкони борича отасига, онасига яхшилик қилиши лозим. У ўзида бор пулни, молни аямасдан, уларнинг яхши дуоларини олиш пайидан бўлиши керак. Аллоҳ сақласин, ёмон дуо ва қарғишларидан сақланиб, яхши ҳолатда юришга ҳаракат қилиши лозим.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Муҳим нарсани одамларга яхшироқ сингдириш учун аввал у нарса ҳақида савол бериш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг услублари экани.
2. «Аллоҳ ва Унинг Расули билади», дейиш саҳобаларнинг одобидан экани.
3. Аллоҳнинг йўлида қилинган нафақадан ҳам афзалроқ нафақа борлиги.
4. Фарзанднинг ота-онага қилган нафақаси Аллоҳнинг йўлида қилинган нафақадан ҳам афзалроқ экани.
5. Ота-онанинг фарзандга қилган яхши дуоси фарзандни собит қилиб, унинг зурриётини ўстириши.
6. Ота-онанинг ёмон дуоси фарзандни ҳалок қилиши.


"Яхшилик ва силаи раҳм" китобидан.
Миролим Мансур

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид