Дин душманларидан огоҳ бўлинг

Дин душманларидан огоҳ бўлинг

imon.uz 12-08-2020 732

Тарихдан инсонларнинг мияси, онги эгаллаб бўлмайдиган қўрғонлардан бири деган фикр мавжуд. Афсуски, бугунги воқелик ва амалиёт айнан инсон мияси (онги) энг нозик ва заиф эканини исботлаб қўймоқда, ана шу ожизликдан фойдаланиб, онгни бошқариш орқали фойда кўриш истагида бўлганлар сони эса мислсиз равишда ўсиб бормоқда. Ғарб жамиятлари, МДҲ мамлакатларининг айримларида, хусусан, Россияда кейинги йилларда Ғарбда бундан 20-25 йиллар олдин намоён бўлиб улгурган муаммо, яъни жамиятга ёт кимсалар томонидан ўзларининг жиноий фаолиятларини амалга ошириш учун инсон руҳияти ва онгини тезкор ва оммавий тарзда эгаллашга интилиш билан юзма юз келмоқда.

Бугунги кунда тоталитар ташкилотлар ва ноанъанавий ақидаларнинг инсонга салбий таъсирининг оқибатлари бўйича кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда. Кўп ҳолларда одамлар қулларга айланиб қолишади ва кенг кўламли таъқиқлар ва қоидалар тизими орқали уларнинг ҳаёти энг майда жиҳатларигача назоратга олинади, улар ва ташқи олам ўртасида кўзга кўринмайдиган ўтиб бўлмас девор ҳосил қилинади, улар ташкилотга бор мол-мулкларини, ўз куч ва соғлиқларини бағишлашади. Охир-оқибат бу ҳол ақлдан озиш ёки ўз жонига қасд қилиш (баъзида эса ҳатто қотиллик) билан якун топиши мумкин. Бу муаммо кеча ёки ўтган куни пайдо бўлган эмас.

Аксарият ҳолларда секталар мазкур ташкилотга аъзо бўлмаган одамлар билан мулоқотда ёлғон ишлатишади ёки ўзлари ҳақдаги маълумотларни яширишади; ўз аъзолари онгини бошқаришнинг турли услубларидан, шу жумладан, гипноз йўли билан таъсир қилиш усулидан кенг фойдаланишади. Улар анъанавий динлар томонидан тегишли динларнинг издошлари сифатида тан олинмайди.

ХХ аср охирида ГФР ҳукумати ўз фуқароларини сектачи ташкилотларнинг хавфидан огоҳ этишга қаратилган варақани чоп этган. Унда тоталитар секталарнинг 17 хил белгиси келтириб ўтилган. Булар:

1. Гуруҳда сиз шу пайтгача бекорга излаб юрган нарсангизни топасиз. У сизга аслида нима кераклиги жуда наиқ билади.

2. Биринчи учрашувдан кейиноқ сизда нарсаларга янгича қараш шакллана бошлайди.

3. Гуруҳнинг дунёқараши ҳайратланарли тарзда оддий бўлиб, ҳар қандай муаммони изоҳлашга қодир.

4. Гуруҳнинг аниқ таърифини келтириш мушкул. Сиз фикр юритишингиз ёки текширишингиз шарт эмас. Сизнингг янги дўстларингиз шундай дейишади: “буни тушунтириб бериш мумкин эмас, сиз буни шахсан бошингиздан ўтказишингиз керак, шу боис ҳозир биз билан Марказимизга боришингизни таклиф қиламиз”.

5. Гуруҳнинг устози, медиуми, доҳийси ёки гуруси бор. Фақат угина бор ҳақиқатни билади.

6. Гуруҳнинг таълимоти ягона ҳақиқий ва мангу тўғри билим ҳисобланади. Анъанавий фан, рационал фикрлаш, онг инкор этилади, чунки улар салбий, шайтоний ва маърифатсиз деб баҳоланади.

7. Гуруҳга аъзо бўлмаганлар томонидан унинг фаолияти танқид қилиниши танланган йўлнинг ҳақлигини кўрсатувчи далил сифатида қабул қилинади.

8. Дунё инқирозга юз тутган, фақат мазкур гуруҳгина уни қутқариб қолиш йўлини билади.

9. Сизнинг гуруҳингиз – энг саралардан иборат. Бошқа одамлар эса оғир дардга чалинган ва уларни қутқариб қолишнинг имкони йўқ: чунки улар гуруҳ билан ҳамкорлик қилишмаяпти ёки ўзларининг гуруҳ томонидан қутқарилишига имкон беришмаяпти.

10. Сиз дарҳол гуруҳ аъзосига айланишингиз керак.

11. Гуруҳ ўзини ташқи оламдан, масалан, кийиниш, таом, ўзига хос тил, шахслар ўртасидаги муносабатларнинг қатъмий тартибга солинганлиги билан ажратиб туради.

12. Гуруҳ сиз ўзингизнинг эски муносабатларингизни узишингизни хоҳлайди, чунки улар сизнинг камолотингизга салбий таъсир кўрсатади.

13. Сизнинг жинсий муносабатларингиз ташқаридан тартибга счолиб турилади. Масалан, раҳбарият шерикларни танлайди, гуруҳ бўлиб жинсий алоқа қилиш ёки аксинча жинсий алоқадан бутунлай тийилиш бўйича кўрсатма беради.

14. Гуруҳ сизнинг бутун вақтингизни топшириқлар билан банд этади: китоб ёки газеталар сотиш, янги аъзоларни жалб этиш, курсларга қатнашиш, медитация билан шуғулланиш зарур бўлади...

15. Ёлғиз қолиш ниҳоятда мушкул, ҳар доим ёнингизда гуруҳ аъзоларидан кимдир бўлади.

16. Агар сиз иккилана бошласангиз, ваъда қилинган муавффақиятдан дарак бўлавермаса, ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзингизни айбдор қилишади. Чунки сиз ёки етарлича зўр бериб ишламаётган бўласиз ёхуд эътиқодингиз суст.

17. Гуруҳ ўзи ўртанган қоида ва тартибга сўзсиз ва тўлиқ амал қилинишини талаб этади.

Минг афсуски, ислом дини тарихида ҳам юқоридаги каби белгиларга эга бўлган гуруҳлар учраб туради ва бугунги кунда у ёки бу кўринишда давом этмоқда. Биз мутахассислар ва тадқиқотчилар сифатида бу соҳада кузатишлар олиб боришимиз ва диний билимлар камроқ бўлган диндошларимизни юқоридаги каби белгиларга эга бўлган секталар хуружидан сақланиш огоҳлантиришлар ишлаб чиқишимиз лозим. Айниқса, сўнгги йилларда «солиҳ салафлар (аждодлар)га эргашиш» шиори остида «салафийлик» мафкурасини байроқ қилиб олиб, ўзларини гуёки «салафларнинг издошларимиз» деб ҳисоблайдиган мутаассиб, сохта салафийлар фирқаси пайдо бўлгани кўпчиликка маълум.

Муҳтарам ўқувчилар ва отинойиларга сохта салафийлар ким, уларнинг аломатлари нималар эканини билдириш мақсадида ушбу фирқага эргашувчиларнинг асосий белгилари қуйида санаб ўтилди.

1.        Қуръони карим оятларини фақат зоҳиран, сўзма-сўз талқин қилиш, оятларнинг мажозий маъноси борлигини рад этиш.

2.      Аллоҳ таолони маълум маконда жойлашган деб сифатлаш.

3.           Аҳли сунна ва жамоанинг икки ақидавий йўналиши - мотуридийлик ва ашъарийликка эргашганларни залолатда деб даъво қилиш.

4.              Анъанавий тўрт фиқҳий мазҳабни инкор қилиш.

Б. «Жиҳод» тушунчаси мазмунини бузиб талқин этиб, унга жангарилик тусини бериш, бошқа дин вакиллари, ҳатто мусулмонларга қарши зўравонлик, босқинчилик хатти-қаракатларини оқлаш.

6.                 Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунлари (мавлиди шариф)ни нишонлашни инкор этиш.

7.                Расулуллох, соллаллоҳу алайҳи ва салламни васила қилиб, Аллоҳдан тилагини сўрашни ҳаром, ширк деб ҳисоблаш.

8.      Ёнида ёки ҳовлисида мақбараси бўлган масжидларда намоз ўқишни ҳаром деб, бундай масжидларни бузишга чақириш.

9.        Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва солиҳ зотларнинг осори ати- қаларини табаррук билишни ширк деб эътиқод қилиш.

10.       Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, пайғамбарлар ва солиҳ зотларнинг қабрини зиёрат қилишни ҳаром дейиш.

11.        Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ота-оналарини дўзахда деб ҳукм қилиш.

12.      Ўзларига эргашмаган мусулмонларни кофирликда айблаш.

13.         Ҳар қандай янгиликни «бидъат» деб, мусулмонларнинг аксарини «бидъат аҳли» деб сифатлаш.

14.      Фатво бериш учун илм ва лаёқатга эга бўлмаса ҳам, фатво беравериш.

15.    Тасаввуфни умуман тан олмаслик.

16.       Марҳумлар руҳига Қуръон тиловат қилишни, хайр-эҳсон қилишни жоиз эмас дейиш.

17.       Давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари, ҳарбийларни ҳам "динсизлар" тоифасидан ҳисоблаш.

18.          Давлат раҳбарларини, ҳокимият идоралари вакилларини обрўсизлантириш ҳамда расмий диний уламоларнинг мавқеларини заифлаштиришга интилиш, уларнинг ҳаётига тажовуз қилишгача бориш.

Бугун Ғарб жамиятларида янги дин ташкил этиш энг даромадли соҳалардан бирига айланган. Янги секта ташкил эта олган доҳий ўзини энг бой одамлардан бири деб ҳисоблайди. Чунки юқорида ҳам айтилганидек, секта аъзолари ўз етакчилари учун ҳамма мулкини, керак бўлса жонини ҳам беришга тайёр бўлади. Шу сабабдан, диндошларимиз юқоридаги каби белгилар мавжуд бўлган гуруҳлар фаолиятидан узоқроқ бўлиши лозим топилганда юқори ташкилотларга мурожаат қилишлари лозим.

Бундай гуруҳлар таъсирига тушиб қолмаслик учун эса, ҳар биримиз доимий равишда ҳам диний ҳам дунёвий билимларимизни ошириб боришимиз лозим. Кўпинча, одамлар юқоридаги каби гуруҳлар фаолиятига қарши кураш учун диний билимлар лозим эмас, диний билимлар етарли деб ҳисоблайдилар. Аммо ушбу гуруҳ аъзолари келтирадиган далилларга чидаш учун ёшлар ҳам шу даражадаги билимларга эга бўлишлари лозим бўлади.


Ғаллаорол тумани "Муқри" жоме масжиди имом-хатиби

Турсунбоев Исмоил

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид