Бесуннатлар («қуръоний»лар) фитнасидан огоҳ бўлинг! (3)

Бесуннатлар («қуръоний»лар) фитнасидан огоҳ бўлинг! (3)

Mimon.uz 2026-07-03 01:45:17 13

Бесуннатлар Пайғамбаримизнинг маъсум эканлигига иймон келтирмайдилар. Саҳобийларни ҳам адолатли деб билмайдилар. Замонамиздаги бесуннатларнинг Аҳмад Субҳий Мансур каби айрим нодон вакиллари наркотик моддаларни истеъмол қилиш ва бошқа кўплаб бузуқликларга Қуръонда очиқ зикр этилмаганлиги учун ҳалол деб фатво ҳам берадилар.

Бу тоифа Ҳиндистон ва Покистондан Англияга, у ердан Европа ва бошқа давлатларга ўтиб, атайин ривожлантирилади. Ҳизбут таҳрир каби залолатдаги оқимларга макон ва бошпана бўлган айрим ғарб давлатлари ушбу залолатдаги тоифага ҳам ҳомий ва бошпанага айланган афсуски.

Сўнги пайтларда мазкур адашган тоифа вакиллари ўзимизда ҳам пайдо бўлаётгани ачинарлидир. Уларнинг зомбидан фарқи қолмаган, тафаккур ва ақлни ишлатишдан мосуво бўлган тўдадир.

Уларнинг кўп жиҳатлари ҳизбут таҳрир аъзоларининг ғояларига ҳам ўхшаб кетади. Ҳизбут таҳрир ҳам ҳадисларни осонгина инкор қилиб, мусулмонлар бирлигига раҳна солар эди. Оҳод ҳадис гарчи саҳиҳлиги муттафақун алайҳ ва ундан юқори даражада бўлса ҳам барибир, гумонни тақозо этади, бинобарин, ундай ҳадисларга ишониш мумкин эмас, деган даъволари билан кўплаб ҳадисларни инкор қилар ва ҳалолни ҳаром, ҳаромни эса ҳалол қилардилар. Улар бу борада шу сўзни пайдо қилган уламоларнинг ҳам хаёлига келмаган жоҳилона таъвил билан ёндашар эдилар. Маълумки, усулул фиқҳ ва мусталаҳул ҳадис илмида тавотур даражасига етмаган хабар «зонн»и ифода қилади деган қоида бор. Бу ерда ишлатилган «зонн» сузи яқийн ва қатъий илм даражасига чиқмаган бўлсада, оғир босувчи фикр маъносини ифода этади. Ўзимизнинг ўзбек тилимизда ҳам бирор инсонни бирор нарсада гумон қилиш бу шак ва тараддуддан кучлироқ даражадаги фикрга нисбатан қўлланади. Фалончи ҳақида яхши гумон қиламан, дейишади. Бу дегани уни яхши инсон деб ўйлайман, дегани бўлади, яхшими ёмонми тараддуд қиламан дегани бўлмайди.

Мутавотир даражасига етмаган ҳадис қатъий илмни ифода қилмайди деганда олимларимиз яна шуни ҳам таъкидлайдиларки, мутавотир даражасига етмаган, аммо саҳиҳ бўлган ҳадисни инкор қилган кимса қаттиқ гуноҳкор бўлади ва фосиқ бўлади, дейдилар. Ҳизбут таҳрир эса зонн деган истилоҳни саводсизларча ўзбекчага ўгириб, уни шубҳа ва гумон деган маъносини олганлар холос. Эҳтимол, улар бу борада бор йўғи «Баранов» луғатига таянган чиқарлар. Ваҳоланки, Қуръони каримнинг баъзи жойларида мазкур «зонн» сўзи яқийний ишонч маъносида ҳам келган. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Қуръони каримнинг ал-Ҳаққа сурасида ўз номаи аъмолини ўнг томонидан олиб, шодликка ғарқ бўлган мўмин кишининг тилидан қуйидаги сўзлар келтирилади:

«إِنِّي ظَنَنتُ أَنِّي مُلَاقٍ حِسَابِيَهْ (20) فَهُوَ فِي عِيشَةٍ رَّاضِيَةٍ (21) فِي جَنَّةٍ عَالِيَةٍ (22) قُطُوفُهَا دَانِيَةٌ»

маъноси: «дарҳақиқат, мен ҳисоб-китобимга рўбарў бўлишимни билган эдим, дер. Сўнг у кўнгилли ҳаётда, мевалари (қўлга) яқин бўлган олий жаннатда бўлур» (ал-Ҳааққа сураси: 20-23-оятлар). Яъни, айтмоқчи, бўлганимиз араб тилида «зонн» сўзи доим ҳам салбий маънони англатмайди, балки, баъзан Қуръони карим далолати билан ишонч ва билим маъносини ҳам англатиши мумкин экан. Баъзан эса, қатъий ишонч ва билим даражасига чиқмаган бўлсада оғир босувчи фикр маъносини ифода қилади.

Нима бўлганда ҳам ҳизбчилар аслида ўз манфаатлари учун келтирган ҳужжатларида ўзларига қарши катта зарба бор эди. Оҳод ҳадислар «зонн»и ифода қилади деган аҳли илмлар саҳиҳ ҳадисларни инкор қилган киши гарчи кофир бўлмаса-да аммо, қаттиқ гуноҳкор бўлиши ва фосиққа айланишини ҳам таъкидлаб ўтганлар. Демак, ҳизбчилар биринчи галда ўз қўллари билан ўз бўйинларига фосиқлик тавқини илганлари ҳолда ўз йўлларига даъват қилганлар. Бундан ортиқ шармандалик йўқ эди аслида улар учун.

Ундан ташқари, усулийларнинг мазкур сўзларини суистеъмол қилиш ҳам тўғри эмас. Бизга етиб келган имконият ва тажриба асосида бирор ҳадисни оҳодга ҳукм қилар эканмиз, бу ҳолат аслида ўша ҳадис Набий алайҳиссалом томонларидан айтилган бўлиши мумкинлигини инкор қилмайди. Яъни, биз зонний деб билган ҳадис Набий алайҳиссалом томонларидан ҳақиқатан айтилган бўлиши ҳам мумкиндир. Чунки, биз ўртадаги восита ва василаларнинг ҳолатига таяниб, у ёки бу хабарни зоннийга ҳукм қилганмиз. Асл ҳолат эса яна Аллоҳнинг илмидадир. Айнан шунинг учун ҳам шайх аллома Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ шунга ишора қилиб: «кейингилар учун зонний бўлган ҳадис унинг асл ровийси бўлган саҳобий учун яқийний бўлиши мумкин», дейдилар. Шундай экан илмий истилоҳлар ва уларни келиб чиқиши борасида етарлича билимга эга бўлмаган ҳолда улар билан ўйнашиш ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.

Шунингдек, усулул фиқҳ уламолари оҳод кишиларнинг хабари зонни ифода қилади, дер эканлар, ҳизбуттаҳрир суитстеъмол қилган фитна қўзғаш мақсадини ирода қилмаганлари ҳолда бу билан «ўша ҳадисларга ишониб юборманглар! уларга ишониш ҳаром!» деган нарсани ҳам мақсад қилмаганлар. Бирор нарсага ишониш ёки ишонмаслик қалбнинг иши. Инсон саҳиҳ ва ҳасан ва ҳаттоки заиф санадли ҳадисларга ишонса ажр олса оладики, гуноҳкор бўлмайди.

Шунинг учун ҳам уламолар тавотур даражасига чиқмаган ҳадисни инкор қилувчи киши кофир бўлмаса ҳам, фосиқ бўлади деганларида, битта ҳолат узри билан шуни айтганлар. У ҳам бўлса, у ёки бу кишининг мазкур ҳадиснинг чиндан ҳам пайғамбаримиз айтганларига шубҳа қилиш ҳолатидир. Агар мусулмон киши қайсидир сабаб билан қалбида пайдо бўлган гумон туфайли бирор саҳиҳ ҳадисни инкор қилса, кофирга ҳукм қилинмаслиги унинг нияти яхши эканлиги туфайлидир. Эҳтимол, у мазкур ривоятни бирор илмий сабаб билан қалбул қилмаётгандир. Аммо, қалбан шу сўз Набий алайҳиссаломга мансублигига ишонган ҳолда инкор қилса, унинг ҳолати оғирроқ бўлади.

Шунингдек, уламолар мутавотирлигига иттифоқ қилинган ҳадиси шарифларни инкор қилиш кишини диндан чиқаради, дейдилар.

Ўзини Қуръонга нисбат берувчи аслида эса ундан узоқ бўлган бесуннатлар тоифаси ҳизбут таҳрир каби ниҳоятда зарарли балки, ундан ҳам ёмонроқ бўлган адашган тоифадир. Уларнинг асалга заҳар қўшиб бериш услубидаги нағмаларига қулоқ тутиш бениҳоя хатарлидир. Худо билади, уларнинг ортида қандай кучлар турибди, кимлар бошқаряпти. Ҳозирда ўзбеклар орасида ҳам битта яримта шундай адашганлар пайдо бўлиб қоляпти. Эҳтимол, уларнинг ортида турганлар Ватанимизнинг барқарорлиги, тинчлиги ва фаровон ҳаётини кўра олмаётган ғаразли кучлардир, ким билсин.


Миролим Мансуров тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид