Энг кўп китоб ёзган олим

Энг кўп китоб ёзган олим

imon.uz 27-05-2020 325

Ибн Ақийл раҳматуллоҳи алайҳнинг биргина «Фунун» деган китоблари 800 мужаллад бўлган экан. Одам алайҳиссаломдан кейин келган одамлардан ҳеч бири бунчалик кўп китоб ёзолмаган.
Ибн Ақийл айтган эканлар:
«Ҳозир ёшим 80 да. Лекин ҳалиям китоб ёзишга ҳимматим бор. Мен сизлар овқатлангандек овқатланмайман. Балки, вақтимни қизғонаман. Қаттиқ нонни сувга солиб қўйиб, китоб ёзаётган жойимда еявераман. Астойдил ўтириб ейишга эса вақтим йўқ.»
Амр Холид айтади:
«Уммати Муҳаммадиянинг ҳозирда қоим бўлиши мана шундай вақтнинг қадрига етадиганлар сабабидандир. Агар дин бизга ўхшаганларга қолганда хор бўлган бўларди.
Умр яшаб ўтилган йиллар билан эмас, қилинган эзгу ишлар билан ўлчанади…»


Арш ларзага тушди

Саъд ибн Муоз р.а. 30 ёшда мусулмон бўлдилар. У зот 37 ёшда вафот қилганларида Расулуллоҳ с.а.в.: «Аллоҳнинг Арши Саъднинг ўлимидан ларзага тушди» деган эканлар. Марҳумнинг тобутини кўтариб кетаётган бир саҳоба: «Нега унинг тобути жуда енгил?» – деб сўраганда, Расулуллоҳ с.а.в.: «Уни фаришталар кўтариб кетяпти» – деган эканлар.
Аллоҳ сиздан рози бўлсин, эй Саъд, сиз 7 йиллик мусулмонлик умрингизда вақтдан унумли фойдаланиб, олий мартабаларга эришдингиз.

Ҳазрат Усома ибн Зайдни Расулуллоҳ с.а.в. катта қўшинга амир қилганларида ёши 16 да эди. Ваҳоланки, бу қўшинда Абу Бакр сиддиқ, Умардек (р.а.) зотлар бўлган. Демак, Усома р.а. шу ёшигача вақтини ғанимат билан Расулуллоҳ с.а.в.нинг эътиборларини қозонган экан.

Муҳаммад Фотиҳ (Фатиҳ Меҳмет) Истамбулни кофирлар қўлидан олганида ёши 23 да эди.


Таомини унутган имом

Имом Нававий 500 та китоб ёзганлар. 40 ёшда вафот этганлар. Илмни деб уйланолмаганлар. Шу зот айтган эканлар: «Аллоҳга қасамки, йиқилиб тушмагунимча овқатланмайман ва ухламайман. Чунки вақтни қизғонаман». Оналари овқатни олиб келарканлар-да, ҳазрат китоб ўқиб турган пайтларида оналари оғизларига тиқиб-тиқиб кетавераркан. Бомдодга азон чақирилиб, ҳазрат оналарига: «Онажон, овқатни олиб келдингизми?» десалар, оналари: «Уни кечқурун едириб қўйдим-ку» – дерканлар.


Уйқуга зор халифа

Умри давомида тўйиб ухламаган Ҳазрати Умарнинг гапларини эшитинг:
«Қачон ухлай экан. Кечқурун ухласам Парвардигорнинг ҳақини зое қиламан, кундузи ухласам бандаларнинг ҳақини зое қилиб қўяман-ку».


Бир лаҳзанинг қадри

Имоми Аъзам р.а.нинг шогирдлари, буюк Фақиҳ Абу Юсуф ўлим тўшагида ҳам шогирдларини чақириб, бирон илмий масалани суҳбат қилиб турайлик, деган эканлар.
Шунда шогирдларидан бири: «Ҳазрат, ҳозир масала тортишадиган вақтмас-ку, ўзингиз билан ўзингиз овора бўлсангиз» – деса, шундай жавоб берган эканлар: «Аллоҳ менга берган бир лаҳза қолса ҳам ўша билан бир мусулмонга хизмат қилиб қолсам дейман. Шу лаҳзани қўлдан бой бериб қўймай…»

Буюк ҳофиз, муҳаддис Ибн Ражаб р.а. айтадилар: «Ўз қўлим билан 2000 та китоб ёзганман». Ҳатто кунига 9 та китоб ёзган пайтлари ҳам бўлган экан.
Амр Холид айтади:
«Булар қандайин зотлар эди! Вақтининг қадрини билган мана шундай зотлар сабабли уммат 1300 йил турди. Охирги 100 йилнинг умматлари нима бўлди? Бу замон умматининг дарду ғами уй қуриш бўлди…»


Миролим Мансуров тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид