130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Қандай қўрқамиз
imon.uz 30-10-2020 1231Аллоҳ таоло каломи Қуръони каримда шундай марҳамамт қилади:
“Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар! Ҳар ким эртаси учун олдиндан нима ҳозирлаб қўйганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар, чунки Аллоҳ чиндан ҳам қилаётган амалларингиздан хабардордир”. (Ҳашр сураси – 18 ояти).
“Аллоҳ таолодан қўрққан киши:
- тилини ёлғондан, ғийбатдан, ўзгаларни бўҳтон қилишдан ва бекорчи сўзларни айтишдан тияди, Аллоҳ таолонинг зикри, Қуръон тиловати ва маърифий суҳбатлар билан машғул бўлади;
- қалбида мусулмон қариндлшларига душманлик ҳисси, адоват ва ҳасад каби ғайриинсоний иллатлар бўлмайди. Чунки, Пайғамбар (алайҳиссалом): “Олов ўтинни еб битиргани каби, ҳасад ҳам инсоннинг гўзал амалларини еб битиради”, - деганлар.
- кўзини қараш манъ этилган нарсаклардан тўсади. Дунёга ибрат назари билан боқади. Негаки, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ким кўзини нопок нарсалар билан тўлдирса, Аллоҳ таоло қиёмат куни у кўзни олов билан тўлдиради”, - деганлар.
- меъдасини нопок луқмадан асрайди. Зеро, Пайғамбар (алайҳис солату васаллам): “Инсон меъдасига бир луқма ҳаром тушса, у луқма чиқиб кетгунича еру кўкдаги фаришталар унга лаънат ўқийди. Агар у луқма меъдасидан чиқиб кетмай ўлиб қолса, борадиган ери жаҳаннамдир”, - деганлар.
- қўлини фақат Аллоҳнинг ризоси бўлган нарсаларгагина узатади;
- оёғи исён йўлида одимламайди. Илм –маърифат ва яхши ахлоқ ўрганиш мақсадида олимлар ва солиҳ кишилар мажлисига боради.
Аллоҳ таолодан қўрққан одам фақат Аллоҳ таоло ризоси учун Унгагина ибодат қилади. Риёдан, инсонларга ўзини ё ишларини кўз-кўз қилишдан ва иккиюзламачиликдан сақланади”.
Ҳар бир мўмин-мусулмон учун сув билан ҳаводек зарур бўлган бу гўзал насиҳатлар Имоми Абу Лайс Мисрий ҳазратларининг қаламларига мансубдир. Ҳа азизлар! Халқимизда “Худодан қўрқмагандан қўрқ”- деган нақл ҳам бекорга айтилмаган.
Аллоҳ таолодан қўрқиш танамиздаги барча аъзоларни ўзига хос усулда тийиш билан бўлади. Агар Имоми Абу Лайс Мисрий ҳазратларининг насиҳатларига амал қилиб умргузаронлик қиладиган бўлсак, жамиятимиз ўзаро гина-кудурат, бир-бирига ишончсизлик, фисқу-фасод ва душманчиликлардан холи бўлиб, қалбимиз соф, ҳаётимиз ростгўйликка асосланиб, ғиллу-ғашликлардан мусаффо бўлиб, Аллоҳнинг ҳузурида ҳам юзларимиз ёруғ бўлади иншааллоҳ.
Бахмал тумани бош имом-хатиби Маматқулов Раҳмонқул