Илм устоздан ўрганилади

Илм устоздан ўрганилади

imon.uz 16-10-2020 106

Мусулмон уммати барча илмларни мударрис ва устозлардан ўрганишга одатланишган ва бу ишга алоҳида, катта аҳамият бериб, илмни китоблардан ва қоғозлардан ўзича ўрганишни ёқтиришмаган, ҳатто буни ўта макруҳ иш деб ҳисоблашган. Зотан, Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримни ва бошқа керакли илмларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳийнинг амини бўлган Жаброил алайҳиссалом орқали ўргатган ва у зот алайҳиссаломга мазкур илмларни ўз умматларига ўргатишни вазифа қилиб топширган. Агар динни ҳар ким ўзича, устозсиз, китобдан ўқиб ўрганиб олиши мумкин бўлганида Аллоҳ таоло Қуръони каримни нозил қилиб, ҳар ким ўзи ўқиб олсин, деган бўлур эди. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло ундай қилмади. Қуръони каримни Жаброил фаришта алайҳиссалом орқали нозил этди. У зот Аллоҳнинг каломини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўқиб берди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, ўз навбатларида, уни умматга ўқитдилар, уқтирдилар ва амал қилдирдилар. 


Ҳозиргача мусулмон уммати илмларни мударрис, муаллим ва устозлардан ўрганиб келмоқда. Ҳозиргача мусулмон умматида мударрис, муаллим ва устозлар эъзозланиб келмоқда.

Ибн Ажийба раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Энг улкан балолардан бири – саҳифаларни шайх қилиб олишдир».

Мусъаб ибн Зубайр розияллоҳу анҳу айтадилар: «Одамлар ўзлари энг яхши ёд олган нарсаларини гапирадилар. Улар энг яхши ёзган нарсаларини ёд оладилар. Энг яхши эшитган нарсаларини ёзадилар. Қачон одоб оладиган бўлсанг, одамларнинг оғизларидан ол, фақатгина танланган ва сочилган лаълнигина эшитасан».


«Китобуш шакво»да айтилади: «Кимнинг шайхи бўлмаса, дини ҳам бўлмас. Устози йўқнинг устози шайтондир». 

Имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Ким китоблар қорнидан фиқҳ ўрганса, ҳукмларни зое қиладир».

Шунинг учун ҳам мусулмон умматида мударрис, муаллим ва устозлар доимо катта эътибор ва эҳтиромда бўлганлар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

«Самарқанднинг сара уламолари» китобидан

Миролим Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид