Инсон – эҳтиром ва икром соҳиби

Инсон – эҳтиром ва икром соҳиби

imon.uz 23-11-2021 536

Муҳтарам азизлар – бу хитоб Яратганнинг “инсон” аталмиш махлуқотигагина тегишлидир. Инсон ўзини нақадар азиз эканини ҳамиша ҳам англайвермайди. Дунё яралибдики, ҳеч бир мавжудот инсончалик эътибор ва эъзозга мушарраф бўлмаган. Бу азизликни, бу юксакликни ўз вақтида англаган инсоннинг қадди ва қадри баланд бўлади. Бундай кишилар атрофдагиларни ҳам қадрлайди. Инсон ўзлигини англагани сари  ҳурмат эҳтиром чўққиси сари одимлайверади. Инсон борки азиз ва мукаррамлик унвони Яратган зот томонидан унга берилгандир.

“Батаҳқиқ, Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик”.[1]

Аллоҳ таоло борлиқдаги турли-туман мавжудотларни бир-биридан афзал қилиб яратган. Юқоридаги оятда эса одам боласининг борлиқдаги ҳамма нарсадан азиз ва мукаррам қилиб яратилгани баён қилинган. Инсоннинг чеҳраси, қадди-қомати, нафақат ташқи қиёфаси балки ички дунёси, барча аъзоларининг тузилиши унинг азизу мукаррамлигидан далолат беради.

Миллати ва ирқидан қатъий назар ана ўша унвонга  ҳар бир одам боласи сазовордир. Чунки ислом таълимотига кўра барча инсонлар бир ота-онадан тарқалгани баён қилинади. Аллоҳ одамни тупроқдан яратиб, унга гўзал кўриниш берди. Бошқа махлуқотлардан фарқли унга илоҳий руҳ ином қилди. Бу ҳақда муқаддас Қуръонда бундай дейилган:

Эсла! Ўшанда Роббинг фаришталарга: “Албатта, мен лойдан башар яратувчидирман. Бас, қачонки уни ростлаб, ичига руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилиб йиқилинглар!” деган эди.[2]

Меҳрибон Аллоҳ инсон аталмиш кашфиётига бошқа махлуқотларидан фарқли равишда ўзининг илоҳий руҳидан унга жон бағишлагани инсонни нақадар улуғ мартабага кўтарганидан ва ана ўша илоҳий руҳ инсониятга берилган азизу-мукаррамлик унвони эканига далилдир. Инсонга берилган бу улуғлик нишони унинг эзгу ва солиҳ амаллари билан янада мустаҳкамланади. Азизлик неъматини вақтида англаган инсон чинакам ютуққа эришади. Миллати ва ижтимоий келиб чиқиши учун камситиш динимизда қораланади. Аллоҳ таоло инсонларга барака бериб, уларни қабилалар ва ҳар-хил тилларда сўзлашувчи элатларга бўлиб ташлаганини, лекин барчасининг ўзаги бир эркак ва бир аёл эканини баён қилиб, синовли дунёда бир-бирларига қандай муомалада бўлишларини имтиҳон қилиш учун шундай қилганини айтади. Бу элатларнинг ичида уларнинг яратувчи олдидаги энг ҳурматга сазовори тақводорроқ ва яхши амални кўп қилувчилари эканини таъкидлайди.

“Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”.[3]

Бу ояти каримада “ Эй одамлар!” деб барча инсониятга қарата нидо қилинмоқда, шу билан бирга уларнинг асли бир экани эслатилмоқда. Яъни ҳаммалари Одам ато ва момо Ҳавводан тарқалгани назарда тутилмоқда. Айни чоғда Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб қўйганини ҳам таъкидламоқда. Инсонларнинг турли халқ ва қабилаларга бўлинишининг сабаби эса, ўзаро танишиш, маърифат ҳосил қилиш экани уқтирилмоқда. Зинҳор бир қавм бошқа бир қавмнинг устидан кулиб уни камситиши мусулмон киши учун жоиз эмас. Нафақат мусулмоннинг балки диндор бўлмаган одамнинг ҳам устидан масхара қилиш, камситишга ҳеч бир банданинг ҳаққи йўқ. Аллоҳ қуйидаги оятда шундай марҳамат қилади:

“Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни мазах қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир...”[4]

Албатта масхара қилиш ёмон одат бўлиб, жамият аъзоларининг ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг бузилишига сабаб бўлади. Бир одам иккинчисини масхара қилса, камситилган шахснинг жаҳли чиқади, у ҳам мазах қилувчига ўзига яраша жавоб беришга уринади. Орада низо, жанжал чиқади, ижтимоий алоқалар бузилади, инсонлар ўртасидаги тотувликка дарз кетади ва жамият заифлашади. Ислом дини эса доимо мусулмонлар жамиятининг мустаҳкам бўлиши учун қайғуради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирини масхара қилишни тақиқлайди. Демак, инсонни ҳақоратлаш, мазах қилиш қандай катта гуноҳлиги уқтирилаётган бир вақтда, энди одамнининг жонига қасд қилиш нақадар катта гуноҳ эканлигини тушуниб етиш қийин эмас.

 “ ..Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса,  худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади” деб ёздик...”. [5]

Ушбу оятдан инсоннинг нақадар юксак мартабада экани маълум бўлади. Одамнинг азиз жонига қасд қилиш бу гуноҳлар ичида энг олийси экани, бундай жиноятга қўл урганга эса инсоният қотили аталмиш тамға босилиши, бир кишининг умрини сақлаб қолган кишига башарият халоскори унвони берилиши инсоннинг Аллоҳ томонидан эъзозу-эҳтиромга созовор эканидандир. Одам боласи борки, улар орасида оқ танли, қора танли, катта, бой, қашшоқ,  илмли ва илмсиз, уқувли ва уқувсизи бор. Буларнинг барчаси “ҳазрати инсон” аталмиш улуғ ном соҳибларидир.

Одам боласини ёлғиз худо  яратди,

улар орасида улуғ, кичик, ёмон, яхши бор.

Бордир илмли, илмсиз,қашшоқ ва бой,

уқувли уқувсиз, ночор ва гадой.[6]

Буюк аждодимиз Юсуф Хос Ҳожибнинг юқоридаги сатрлари ҳам, инсон қандай холатда бўлмасин Аллоҳ азиз ва муккаррам қилган махлуқот эканига урғу беради. Уни камситишга, таҳқирлашга, масхаралашга ва азиз жонига қасд қилишга хеч кимнинг ҳаққи йўқлиги, муқаддас динимиз ўгитларида келтирилган. Ҳадиси шарифда бундай дейилади:

“Эй мўминлар! Сўзларимни яхшилаб эшитинг, яхши англаб олинг ва яхшилаб эслаб қолинг. Шу нарса ҳақиқатки, Роббингиз бирдир. Отангиз бирдир, барчангиз Одамдансиз, Одам (алайҳиссалом) эса, тупроқдандир. Ҳеч кимнинг бошқалардан устунлиги йўқдир. Шараф ва устунлик фақат фазилат биландир. Шуни яхши билингки, мусулмон мусулмоннинг биродаридир, барча мусулмонлар бир-бирларининг биродарларидир. Улар айни (тенг) ҳақларга эгадирлар. Дин биродарингизга оид бўлган ҳар  қандай ҳаққа тажовуз этиш, кўнгил ризоси бўлмагунча, бошқа биров учун ҳалол бўлмас. Ҳақсизлик қилманг, ҳақсизликка бўйин ҳам эгманг, одамларнинг ҳақларини еманг! Зинҳор мендан кейин бир-бирингиз билан урушманг! ”[7]

Оламларга раҳмат ўлароқ юборилган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажидаги хитоби бутун башарият учун нақадар зарур ўгит эканини билишимиз лозим! Бу даъват замирида ислом дини инсониятга улкан маънавиятни тақдим  қилган. Бу маърифат манбаидан ўзимиз учун етарлича манфаат олиб, ахлоқий камолотга етишимиз вожиб бўлади. Зеро, хадиси шарифга кўра дину-маърифатни нозил бўлишидан кўзланган олий мақсад одоб-ахлоқни юксалтиришдир.

Абу Ҳурайра розиаллоху анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Шак-шубҳасиз, мен гўзал хулқларни камолга етказиш учун юборилдим!” дедилар.[8]

Барча олиму-уламолар гўзал хулқ ва юксак одобларни эгаллаш зарурлигига амин бўлишган. Шунингдек, унинг жамият ҳаёти ва ислоҳи учун муҳимлигини ҳам таъкидлашган. Динимизда чиройли хулқ эгаларига абадий саодат ваъда қилинган. Инсон ҳусни-хулқ ва одоби билан янада юксалади, эъзозланади. Киши ахлоқининг гўзал бўлиши, унга берилган “унвон” азиз ва мукаррамлик сари етаклайди. Хулоса шуки, Аллоҳ сизу бизга “ҳазрати инсон” бўлишдек буюк неъматини ином қилган экан, ахлоқий, маънавий жиҳатдан юксалиб Яратганнинг бу марҳаматига  лойиқ бўлайлик. Ўзимизни, ўзлигимизни чинакамига англайлик ва атрофимиздагиларни вақтида қадрлайлик! Аллоҳ таоло барчамизни азиз ва мукаррамликда бардавом қилсин.

  

 

Жиззах шахар,”Набижон” жоме масжиди имом-ноиби

Махмудов Баёзхон Зарифович



[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Тафсири Ҳилол”, Hilol – NashrTOSHKENT 2018, 3-жуз, 432 б. Исро сураси, 70 оят.

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Тафсири Ҳилол, Hilol – NashrTOSHKENT 2018, 5-жуз, 171 б. Сод сураси 70,71 оятлар.

[3] Шайх Усмонхон Темирхон Самарқандий, “ТАФСИРИ ИРФОН”, “SHARQ” Нашриёти – матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти Тоошкент – 2019, 5 жуз, 523 б. Хужурот сураси 13 оят.

[4] Шайх Усмонхон Темирхон Самарқандий, “ТАФСИРИ ИРФОН”, “SHARQ” Нашриёти – матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти Тоошкент – 2019, 5 жуз, 523 б. Хужурот сураси 11 оят.

[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Тафсири Ҳилол, Hilol – NashrTOSHKENT 2018, 2-жуз, 46 б. Моида сураси 32 оят.

[6]  Юсуф Хос Хожиб "Қутадғу билиг" ("Саодатга элтувчи билим")  "Чўлпон" – 2017

[7] “Вадо хутбаси” https://islom.uz/maqola/263

[8] Имом байҳақий “Шўбул иймон” № 7609 ҳадис, 352 бет.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид