Ислом дини терроризм ва экстремизмга қарши

Ислом дини терроризм ва экстремизмга қарши

imon.uz 2021-05-07 05:34:12 464

Экстремизм — жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва ақидаларни рад этиш, уларга зид бўлган ғояларни алдов ва зўрлик билан тарғиб қилишга асосланган назария ва амалиётни англатади.

Ҳали террорнинг таърифида бир қарорга келинмаган бўлса ҳам кеўчилик террорни ўз мақсадига эришиш йўлида бошқаларнинг жони, моли ва обрўсига куч ва қурол ишлатиш йўли билан зарар етказишни террор деб атамоқдалар.

Ўз – ўзида бу масалаларга Ислом дини таълимотларида қандай қаралади деган савол пайдо бўлади. Албата, бу каби саволларга Қуръон ва Суннатда жавоблар тайёр. Жавоб беришдан аввал террордан тортилаётган зарарларга бир назар солайлик. Уларнинг рўйхати бошида бегуноҳ одамларнинг кўплаб ҳалок бўлиши туради. Кейин кишиларнинг молу мулклари зое бўлиши, шарафларига футур етиши, халқлар орасидаги муносабатларнинг ёмонлашиши, дунёда хавф – хатар бардавом бўлиши каби кўпгина инсонятга зарарли нарсалар келади. Ислом инсониятга зарар етишига мутлақо қаршидир. Ислом Аллоҳ таоло томонидан инсоният бахт – саодатини таъминлаш учун жорий қилинган диндир. Ислом динининг таълимотлари, қонун-қоидалари ва амалларидан бешта бош мақсад кўзда тутилгандир:

Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсади.

Инсон ақлини муҳофаза қилиш мақсади.

Инсон динини муҳофаза қилиш мақсади.

Инсон наслини муҳофаза қилиш мақсади.

Инсон молу-мулкини муҳофаза қилиш мақсади.

Террор эса айнан ушбу мақсадларга қарши фаолиятдан иборатдир. Террорнинг бош зарари бегуноҳ инсонларнинг ўлдирилишига Ислом қанчалар қарши эканини билишнинг ўз бу илоҳий диннинг террорга қанчалар қарши эканини очиқ – ойдин кўрсатиб беради.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади» деган.

Исломда ҳар бир жон жуда ҳам юқори баҳоланади. Шу боис бир беайб инсонни ўлдирган одам бутун бошли инсониятни ўлдиргандек жиноят қилган ҳисобланади. Чунки жонлар кўп бўлгани билан ҳаёт кечириш ҳаққи битта. Ҳар бир жон ҳаёт кечириш ҳаққига эга. Ана ўша жонлардан биттасини ўлдирган одам ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққига тажовуз этган бўлади. Аксинча, битта жоннинг ҳаётини сақлаб қолиш эса, ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққини сақлаб қолган билан тенг.

Интернет материаллари асосида

Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани

"Яккақайроғоч" жоме масжиди имом-хатиби

Усмонали Оралов тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид