Излаган имкон топар

Излаган имкон топар

imon.uz 2022-12-23 01:41:24 230

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Суратдаги мисрлик болакайнинг исми Зиёд Муҳаммад. У ҳозирда ўн уч ёшда. Зиёд қўлсиз ва оёқсиз ҳолда туғилган. Чақалоқлигида ота-онаси унинг аъзолари кейинчалик ривожланиб кетишига ишонишган ва Мисрнинг жуда кўп шифохоналарига олиб бориб кўрсатишган. Шифокорлар дастлаб «Бу ҳолат яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ туфайли юзага келган» деб хулоса қилишади. Отаси турмуш ўртоғи билан яқин қариндош эмаслигини ва бошқа фарзадндари соғлом эканини айтгач, шифокорлар қайта текшириб, унинг аъзолари ривожланмаслигини таъкидлайдилар. 

Зиёднинг отаси доим ишда бўлиши, онаси уй юмушлари билан кўп бандлиги баъзан қаровсиз қолиб кетишига сабаб бўларди. У бировнинг ёрдамисиз мутлақо овқатлана олмасди. Гарчи ҳаёти машаққатли бўлса-да, асло бошқа болалардан орта қолишни истамас ва атрофдагилардан ажралиб олмасди.

Жисмидаги ногиронлиги билан бир қаторда нутқида ҳам нуқсон бўлиб, равон гапиролмасди. Натижада, таълимда тенгқурларидан ортда қолиб кетади. Унинг бу ҳолатидан қаттиқ ташвишга тушган отаси ўғлини мактабга чиқиб таълим олиши, ўзини уддалашга ҳаракат қилиши учун унга махсус ясама қўл ва оёқ сотиб олишга уринади. Аммо шифокорлар унга мос келадиган барча ясама аъзолар дунёнинг ривожланган давлатларида бўлиши ва нархи 3 миллион Миср жунайҳи (ҳозирда тақрибан 100 минг доллардан ортиқ) туришини айтадилар. Маошини рўзғоридан ортира олмайдиган ноилож ота бунча маблағ тополмасди. Лекин ўғлининг таълим олишини истаб, унга бўшаган пластик идишдан «қўлча» ясаб беради. Идиш қопқоғини тешиб, уни ручка ва қошиқ ўрнатишга мослайди. Кесилган қисмидан тешиб, ип ўтказиб Зиёднинг елкасига тортиб боғлаб ўрнатади. Интилувчан ва тиришқоқ Зиёд шу «қўл» билан ўқиш ва ёзишни ўрганиб, мактаб дарсликларини ўзлаштира бошлайди. У шу ҳолатда мактабга бориб, ўқиш ва ёзишни ўрганади ҳамда «қўлига» биров қошиқ ўрнатиб қўйса, овқатини ўзи ейишни уддалайди. Унинг аъзоларининг йўқлиги илм олмаслигига баҳона бўлмаган. У мактабда берилган вазифаларни ўз вақтида бажаради. Қўшимча машқларни ёзади. Ҳозирда шу ҳолатда ҳам анча-мунча тенгдошларидан пешқадам.

Шу ўринда, унинг ҳолатини кўриб, ҳар бир инсонда мулоҳаза пайдо бўлади. Барча аъзолари соғлом, бақувват кишилар ўзларидаги неъматни қадрига етмай, беҳуда ишлар билан машғул. Баъзи ота-оналар эса арзимас баҳоналар билан фарзандларининг таълим олишига шароит ҳозирламайди, уларнинг келажаги борасида қайғурмайди. 

Тўрт мучаси бутун бўлса-да, кишиларнинг илм олмай жисмини қаритиши, вақтларини зое қилиши ҳақиқий
мусибатдир.

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли араб тилидан таржима қилди

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид