БУЙРУҚ ВА ҚАЙТАРИҚ

БУЙРУҚ ВА ҚАЙТАРИҚ

Mimon.uz 2025-07-11 01:24:51 8

  Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни еттита нарсага буюриб еттитадан қайтардилар: Жанозада қатнашиш, беморни бориб кўриш, чақирилган жойга бориш, мазлумга ёрдам бериш, қасамни оқлаш (бажариш), саломга алик олиш ва акса урувчига (акса уриб Алҳамду лиллаҳи деса ярҳамукаллоҳ, деб) жавоб қайтаришга буюрдилар. Ҳамда кумуш идиш, тилла узук, ипак ва (унинг бошқача тури бўлмиш) дийбож, қосий ва истаброқни эркаклар фойдаланишидан қайтардилар”, дедилар.


Шарҳ: Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ушбу ҳадисда етти хислатга буюриб, еттитасидан ман қилмоқдалар. Агар сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амр қилаётган ушбу кўрсатмаларига назар солсанг жамият билан якка шахсларнинг орасини қай даражада улфат, муҳаббат ва биродарликка чақираётганларини кўрасан.

Демак мусулмоннинг бошига ўлим мусибати тушса ўлишидан олдин уни бориб кўриш ёки золим зулм қилиб турса унга ёрдам қўлини чўзиш. Нафақат ёрдам қийинчилик пайтларида балки осончилик ва хурсандчилик пайтларида ҳам алоқаларни тиклаш, агар тўй ва маросимларга ўхшаш ҳар-хил муносабат билан чақирса, лаббай деб хурсандчилигига шерик бўлиш, акса уриб “Алҳамдулиллаҳи”, деса, “Ярҳамукаллоҳ”, деб жавоб қайтариш, қасам ичса уни устидан чиқиш ёки биродари насиҳат қилишини сўраса холис насиҳат қилиш, салом берса саломидан ҳам яхши қилиб жавоб қайтариш агар мусулмонлар пайғамбарларини мана шу кўрсатмаларига амал қилишса уларнинг жамиятлари худди бир жасадга ўхшаши, бирор аъзо оғриб қолса жасаддаги бошқа аъзолар ҳам иситма ва оғриқни ҳис қилишини билардилар.

  Энди сен ман этилган нарсаларни тадаббур қилсанг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу умматдаги одамларни буюк инсон, нозик ва юмшоқликдан йироқ, ипакойим ва мулойимликни билмайдиган, қасди қаттиқ ва азийматли, матонатли қавм бўлишларини хоҳлардилар. Чунки ипак ва тиллодан ишланган нарсаларни кийган эркаклар одатда мулойим бўлиб қолишади.

Ундан ташқари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гердайиш ва кибр рамзи бўлган тилла-кумуш идишларда овқатланиш, ипак тўшалган уловларни миниш, хашаматли гиламларни тўшаш каби нарсалардан ислом пайғамбари ва Аллоҳнинг динида ман этилган.


"Манҳалул ҳадис фий шарҳил ҳадис" китобидан.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид