Жаннатга элтувчи амал

Жаннатга элтувчи амал

imon.uz 14-05-2020 338

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бизлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирган эдик: “Ҳозир сизларнинг олдингизга жаннат аҳлидан бир киши келиб қолади” — дедилар. Ансорлардан бир киши соқолидан таҳоратининг сувлари томиб, чап қўлига ковушини кўтарган ҳолда кириб келди.

Эртаси куни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна ўша сўзни айтдилар. Яна ўша киши аввалги ҳолида кириб келди. Учинчи куни ҳам шу ҳолат такрорланди.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб кетганларидан сўнг Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс разияллоҳу анҳу ҳалиги ансорийнинг ортидан бориб:

— Мен билан отам орасида бир нарса ўтиб қолди. Унинг олдига уч кунгача кирмасликка қасам ичиб қўйдим, агар хўп десанг уч кунни сенинг уйингда ўтказсам, — деди.

— Майли, — деди ансорий.

Анас разияллоҳу анҳу айтади: “Абдуллоҳ айтиб юрар эди: “У билан бирга ўша уч кечани ўтказдим. Кечалари бомдод намозига тургунгача бошқа ҳеч бир ўрнидан турганини кўрмадим. Фақат кўрпасини ёпинса ёки бир ёнбошига ағдарилса, Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилар ва “Аллоҳу акбар” деб қўяр эди.

Яхшиликдан бошқа сўз айтганини эшитмадим, — дейди Абдулоҳ. — Уч кеча ўтиб бўлди, менга унинг амаллари оз кўринди.

— Эй Аллоҳнинг бандаси, мен билан отамнинг ўртамизда ҳеч нарса ўтмаган эди, — дедим. — Лекин мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сен ҳақингда уч бора “Ҳозир сизларнинг олдингизга жаннат аҳлидан бир киши келиб қолади”, деганларини эшитдим. Учала сафар ҳам сен келдинг. Шунинг учун сенинг амалларингни кўргани уйингга киришни ихтиёр қилдим. Аммо сендан бирор катта амал содир бўлганлигини кўрмадим. Хўш, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сен ҳақингда айтган сўзлардаги даражаларга етиштирган амал нима ўзи?

— У нарса мана шу сен кўрганингдан бошқа нарса эмас, — деди ансорий.

Мен ортимга қайтиб кетаётган эдим, чақириб:

— У нарса мана шу сен кўрганингдан бошқа нарса эмас, фақат бундан ташқари шу нарса борки, мен қалбимда ҳеч қачон бирор мусулмонга хиёнат ва фирибгарлик кўрмадим. Бирорта мусулмонга Аллоҳ таоло ато қилган яхшиликка ҳасад қилмадим, — деди”.

— Ҳа, мана шу экан сенга (жаннат башорати бўлишига) олиб келган! Мана шу экан бизларнинг тоқатимиз етмайдиган амал! — деди Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳу.

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан Шаҳобиддин Парпиев таржимаси.

Миролим Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид