Касб ва ризқ

Касб ва ризқ

Mimon.uz 2021-04-29 01:42:47 847

Касб ва ризқ мўмин-мусулмонлар орасида жуда кўп баҳсларга сабаб бўлган масалалардан бири. Зотан, бу икки мавзу бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Банда ризқни касб қилишга қандай муносабатда бўлиши кераклиги доимо уламоларни ўйлантириб келган. Бунга олимлар ҳар асрда қайта- қайта мурожаат қилишган. Ҳатто ақида масалалари ёритилган китобларда ҳам касб ва ризқ сўзларига турлича таърифлар берилган.

Дунёдаги барча жонзотларнинг ризқи Аллоҳ таоло томонидан белгилаб, тақсимлаб қўйилган. Инсонлар ҳам, бошқа жонзотлар ҳам ўз ризқидан ортиғини ёки камини олмайдилар. Барча тақсимланган ризқнинг охирги томчисию, ушоғигача еганидан кейингина дунёдан ўтади. Бу ҳақиқатни Сўфи Аллоҳёр ҳазратлари “Саботул ожизин” номли китобида бундай зикр қилган:

Қидирғон бирла ризқинг қатра тошмас,

Кетар қадринг, қадардан ҳаргиз ошмас.

“Ҳидоятут толибийн шарҳу саботул ожизин” китобида бу байтга қуйидагича шарҳ берилган: “Қидирган, ризқ орқасидан ҳар тарафда юрган ва талаш этган билан ризқинг тўлиб-тошмас ва зиёда бўлмас. Ва ё ҳар қанча ахтарган бирла ризқинг қадри (қозони) тўлиб-тошмас ва кўпаймас. Халқ олдида иззату ҳурматинг, қадринг кетар. Лекин қадардан (тақдирда ёзилган ва тақдир этилган ризқдан) ҳаргиз ошмас”.

Баъзилар бундай дейишади: “Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг қадарини белгилаб қўйган бўлса, касбнинг нима кераги бор?” ёки “Аллоҳ таолога таваккал қилиб ётаверсак ҳам, Раббимиз ризқимизни беради. Таваккал дегани сабаб ахтармасдан, тадбир кўрмай, чора изламай, Аллоҳга ишониш ва суянишдир. Кимки чора ёки восита изласа, Аллоҳга ишонмаган, Унга суянмаган бўлади”. Минг афсуски, улар адашганлар каби исломий ақидаларни тушунишда тойилишади.

Келинг, бу масалани теран англаб етиш учун уламоларимизнинг касб ва ризқ ҳақидаги таърифларини ўрганиб чиқайлик.

“Касб” сўзи луғатда қўлга киритмоқ, меҳнат билан маблағ топиш, ютуқ ва маош каби маъноларни ифода этади.

 Уламолар истилоҳида эса мақсадни ҳосил қилиш учун саъй-ҳаракат қилиш ва сабаб бўлувчи воситаларни ишга солишга касб дейилади.

Бошқа таърифда: “Манфаат жалб қилишга ёки зарарни даф қилишга олиб борувчи амал касбдир”, дейилган.

Ризқсўзи луғатда улуш, инъом маъноларини англатади.

Уламолар истилоҳида эса Аллоҳ таоло жонзотларга етказган ва улар истеъмол қилган нарса ризқ деб аталади.

Яна бир таърифда: “Аллоҳ таоло одамлар ва ҳайвонлардан иборат махлуқотларига берган ва улар манфаат олган дунёвий ва ухровий ҳар бир нарса ризқдир”, дейилади.

Демак, юқоридаги таърифлардан маълум бўладики, одамлар ва ҳайвонлар истеъмол қилган барча нарса ҳалол ёки ҳаром бўлсин, ризқ ҳисобланади.

Шу ўринда хақли бир савол туғилади. Агар ризқ Аллоҳ таоло томонидан ато қилинса, У зот ато қилган нарсани ҳаром дейиш мумкинми? Уламоларимиз бу саволга қуйидагича жавоб беради. Аллоҳ таоло ато этган ризқ ҳаром бўлмайди. Ман қилинган йўл орқали топилган, истеъмол қилинган дунё ва охиратда инсонга зарар келтириши маълум бўлган ризқ ҳаром дейилади. Чунки борлиқдаги барча нарса Аллоҳнинг мулкидир. Аллоҳ Ўз мулкидан хоҳлаганига беради. Агар ҳаром нарса ризқ дейилмаса, умри давомида фақат ҳаром йўл билан мол топиб еган одамга ризқ берилмаган бўлиб қолади. Аллоҳ таоло ҳар бир жонзотнинг ризқини Ўзи бериши қуйидаги оятда баён қилинади:

«Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир» (Ҳуд сураси, 6-оят).

Ер юзидаги барча – одамзот, ҳайвонлар, ҳашарот, қурт-қумурсқа ва бошқа тирик мавжудотлар жонзотлар ҳисобланади. Аллоҳ таоло барча жонзотларнинг ризқини Ўз зиммасига олган. Уларнинг ягона яратувчиси Ўзи бўлгани каби ризқини ҳам берувчи Аллоҳдир.

Аллоҳнинг халқ қилиш яратиш қудрати ҳақдир, бандадан эса касб қилиш талаб этилади. Демак, ризқни Аллоҳ таоло яратади, инсон эса касби орқали насиб қилганича олади. Мусулмон киши ҳалол меҳнат қилади, касб-ҳунар билан шуғулланади ва унинг ортидан келган ризқни Аллоҳ таолодан деб билади.

Обиджон Мирҳамидовнинг

“Ҳалол касб-ҳунар –қут-барака келтирар” китоби асосида

Мироли Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид