130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ҲАЛОЛ КАСБ – БАРАКА ВА САЛОҲИЯТ МАНБАИ
Mimon.uz 2026-09-30 10:28:22 6Ислом дини инсонни ҳам бу дунёда, ҳам охиратда бахтли-саодатли ҳаёт кечиришга тарғиб қилади. Ҳар бир инсон бу дунёда тўкин-сочин яшашни яхши кўради, истайди ва шунга интилади. Динимиз бизни асло бундан қайтармайди. Муқаддас динимиз камбағалликни мақтаб, бойликни ёмонламайди. Балки, ўрни келганда бунинг акси бўлиши мумкин: дангасалик сабаб келган камбағаллик танқид қилиниб, ҳалол йўл билан топилган тўғри бойлик мадҳ этилади.
Ҳалол меҳнат – фарздан кейинги фарз
Фиқҳ мактабимиз асосчиларидан бири, буюк мужтаҳид олим Имом Муҳаммад Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳнинг ажойиб бир гаплари бор: “Илм талаб қилиш қандай фарз бўлса, ҳалол меҳнат қилиш ҳам худди шундай фарздир”. Яъни:
طَلَبُ كَسْبِ الْحَلَالِ فَرْضٌ بَعْدَ الْفَرْضِ
“Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир”.
Киши зиммасидаги намоз, рўза каби асосий фарзларни адо этганидан кейин, ўзи ва оиласининг нафақасини таъминлаш учун ҳалол ризқ излаши ҳам улуғ фарз амаллардан саналади.
Ҳалол касб нима?
Уламоларимиз ва машойихи киромлар ҳалол мол-дунё талаб қилиш нима эканлигини осонгина тушуниб олишимиз учун унга шундай мукаммал таъриф берганлар (Аллоҳ улардан рози бўлсин):
اَلْكَسْبُ الْحَلَالُ هُوَ الْحُصُولُ عَلَى الْمَالِ بِالطُّرُقِ الْمَشْرُوعَةِ الَّتِي أَحَلَّهَا اللهُ، وَهُوَ عِبَادَةٌ عَظِيمَةٌ، وَأَسَاسٌ لِاسْتِقْرَارِ الْمُجْتَمَعِ وَبَرَكَةِ الرِّزْقِ وَصَلَاحِ الذُّرِّيَّةِ
“Ҳалол касб – бу Аллоҳ ҳалол қилган машруъ (шариат жоиз санаган) тўғри йўллар билан мол-дунё ҳосил қилишдир. У улуғ бир ибодатдир ҳамда жамият барқарорлиги, ризқнинг баракаси ва зурриётнинг салоҳияти учун асосдир”.
Биргина амалнинг уч буюк меваси
Эътибор берсак, ушбу гўзал таърифда ҳалол касб инсон ҳаёти ва жамият учун нечта буюк маҳсулот (мева) бериши баён қилинмоқда:
اِسْتِقْرَارُ الْمُجْتَمَعِ (Жамиятнинг барқарорлиги): Агар жамият аъзолари ҳалол ва покиза ризқ топсалар, ўша жойда осойишталик ҳукм суради. Жамиятдагиларнинг ҳалолни ҳаромдан устун қўйиши тинч ва хотиржам ҳаёт кечиришнинг энг асосий сабабидир.
بَرَكَةُ الرِّزْقِ (Ризқнинг баракали бўлиши): Oз ҳисобдан кўп бўлган ҳаром молда барака бўлмайди. Ҳалол йўл билан топилган озгина луқма ҳам инсоннинг ҳаётига ва хонадонига чексиз барака олиб келади.
صَلَاحِيَّةُ الذُّرِّيَّةِ (Зурриётнинг солиҳ бўлиши): Энг муҳими – ҳалол луқма фарзандларимизнинг солиҳ, қобил ва қорихон бўлиб улғайишига сабаб бўлади.
Дуолар ижобати ва ҳалол луқма
Ҳа азизлар, ҳалол мол-дунё ва ҳалол луқма фарзандларимизнинг тарбияси ва салоҳиятига бевосита боғлиқдир. Нафақат зурриётнинг тарбиясига, балки қилаётган ибодатларимизнинг қабул бўлишига, Аллоҳга кўтарган қўлларимиз ва дуоларимизнинг ижобатига ҳам айнан ҳалол луқма сабабчи бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳаромдан узоқ қилиб, ҳалол касб билан ҳаёт кечирадиган, топганига барака берилган ва солиҳ зурриётлар қолдирадиган бандаларидан айласин!
