Маънавий жиноятларнинг хатари

Маънавий жиноятларнинг хатари

imon.uz 2023-03-03 01:25:24 159

Азизлар, бугунги мавзуимиз энг долзарб масалалардан бирига бағишланган.  
Жиноятнинг ҳар қандай тури ҳам инсон учун хатарли, аммо маънавий жиноятнинг оқибатлари энг оғир, зарари энг катта ва кўп бўлади. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси жиноятчиликка, айниқса маънавий жиноятларга қарши курашиши, лоқайд бўлмаслиги лозим.  
Ҳар ким ҳам хато қилади, гуноҳ-маъсиятлар инсонга доим ҳамроҳ бўлади. Шунинг учун меҳрибон Роббимиз Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандалари тўғри йўлга юриши учун уларни ҳидоятга бошлади, беминнат ёрдамчилар бериб қўйди. Шу туфайли инсон Роббини таниб, ўзининг бу дунё ҳаётидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиб, мусулмон бўлди. Шу туфайли инсонни тўғри йўлга чақириб турадиган, адашса тўғри йўлни кўрсатиб турадиган Қуръонимиз бор, иймонимиз бор, виждонимиз бор, уламоларимиз, устозларимиз бор, қиблагоҳу волидаларимиз бор, яқинларимиз бор, дўстларимиз бор. Буларнинг барчаси бизни яхшиликка, тўғри йўлга йўллаб туради. Роббимиз юборган анбиё алайҳимуссаломлар орқали биз ўлимдан сўнг абадий ҳаёт борлигини, сирот, ҳисоб-китоб, тарозу борлигини, жаннат ёки дўзах борлигини, агар гуноҳлардан тийилсак, насуҳ тавба қилсак, Парвардигоримизга ширк келтирмасак, У Зот субҳанаҳу ва таолонинг жамоли борлигини билдик.  
Демак, биз жиноятнинг бу дунёдаги жазосидангина эмас, балки охиратдаги оғир азоб-уқубатидан қўрқишимиз, Роббимизга осий бўлиб қолмаслик учунгина жиноятга қўл урмаслигимиз керак экан. Жиноят деганда аввало бировнинг жонига ёки мол-мулкига, қасд қилиш, хавфсизлигига тажовуз тушунилади. Аммо бу моддий жиноятлардир. Бугунги мавзуимиз эса маънавий жиноятларнинг хатарига бағишланган. 
Маънавий жиноят нима? Маънавий жиноят – бу инсоннинг шаънига, обрўсига, қалбига озор етказишдир. Демак, ғийбат, иғво, туҳмат, ёлғон, бўҳтон каби асосан тил билан содир қилинадиган иллатларнинг ҳаммаси маънавий жиноятлар ҳисобланар экан.  
Тил офати ҳақида динимизда батафсил маълумотлар берилган. Ояти карималарда, ҳадиси шарифларда маънавий жиноятларнинг турлари, сабаблари, оқибатлари баён қилиниб, улардан сақланиш йўллари ҳам кўрсатиб берилган.  
Масалан, Қоф сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: 
«У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта ҳузурида ҳозиру нозир бор» (18-оят). 
Инсоннинг оғзидан бир оғиз сўз чиқса ҳам, ўша сўзни ёзиб олувчи фаришта ҳозиру нозирдир. Бу фаришталар елкамизда ўтириб, бири яхшилигимизни, бири ёмонлигимизни доим ёзиб боради. Эътибор берайликки, улар фақат айтилган сўзнигина ёзиб боришади, модомики бу сўз инсоннинг хаёлида экан, тилига чиқмас экан, фаришталар уни ёза олмайди.  
Шунинг учун шариатимизда инсоннинг ўзи қанчалик улуғланса, қадрланса, унинг тилидан чиққан сўз, лафз, жумла ҳам ниҳоятда қатъий инобатга олинади. Инсоннинг насли, ҳақ-ҳуқуқи, тақдирига оид ана шундай муҳим ҳолатларда тилимиздан чиққан сўз истисносиз қабул қилинади, киши бу сўзни жиддий айтадими, ҳазиллашиб айтадими, фарқи йўқ. Масалан, аёлини талоқ қилиш, қулни озод қилиш ва никоҳ ақдидаги сўзларнинг жиддийси ҳам, ҳазиллашиб ёки бошқа ҳолатда айтилгани ҳам бир хил кучга ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Мана шу уч сўзнинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий», деганлар. Шу сўзлар талаффуз қилинса, бир киши «аёлим талоқ» деса, «шу аёлни никоҳимга олдим» деса ёки «бу қулимни озод қилдим» деса, шундан бошқа маънога йўйиб бўлмайдиган сўзлар талаффуз қилинса бўлди, бу гаплар кучга кириб қолади.  
Биродарлар, баъзан шундай ҳолатлар бўладики, инсонни гуноҳкор бўлишига бирор сўзни айтиш ҳам шарт қилинмайди. Масалан, имо-ишора билан бир гуноҳ ишга розилигини ифода қилса бўлди, ўша гуноҳга шерик бўлади. Ёки бир гуноҳни кўриб турибди, лекин индамай кетаверди, уни қайтармади, қаршилик қилмади – энди у ўша гуноҳга шерик бўлади, ваҳоланки талаффуз қилгани йўқ эди. Бу нарса араб тилида «ризол маъсия – айнул маъсия» дейилади, яъни маъсиятга рози бўлиш ҳам ўша маъсиятнинг ўзидек дегани.   
Машҳур саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, фақат яхши гапни гапирсин, бўлмаса жим турсин» (муттафақун алайҳ). 
Демак, инсон мўминлигини даво қилган бўлса, гапирганда фақат яхши гапни айтсин, бўлмаса гапирмасин. Тилни ишлатиш ёки ишлатмаслик билан инсон маънавий жиноятдан ўзини тийиб қолиши мумкин экан. Жисмимиздаги ҳар бир аъзо каби, тилимиз ҳам ажойиб ҳикмат билан яратилган. Унинг жойлашиши ҳам эътиборга лойиқ. Тил ташқи аъзога ҳам кирмайди, ички аъзога ҳам кирмайди, кўз, қулоқ ва бурунга, қўлга ўхшаб ташқи аъзо ҳам эмас, жигар, ўпка, юрак, буйракка ўхшаб ички аъзо ҳам эмас. Бу аъзо ич билан ташнинг ўртасида, жасад билан руҳнинг ўртасидаги аъзодир.  
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг машҳур сўзлари борки, у зот «Қамалишга, маҳкумликка энг лойиқ аъзо – тилдир»,  деганлар. Бирор аъзони қамаш керак бўлса, бунга энг аввало тил лойиқдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тилни шундоқ ҳам жисмимизда гўёки маҳкум ҳолатда жойлаштириб қўйган. У бир нечта аъзолар томонидан ўртага олинган. Тил тишларнинг орасида, танглайнинг остида, оғиз бўшлиғида жойлашган аъзодир. Аммо мана шу аъзонинг ҳаракати туфайли инсон қалби ниҳоятда оғир жароҳат олиши мумкин. Ханжарнинг жароҳати битса битадики, тил билан етказилган жароҳатнинг изи асло битмайди.  
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  
«Эй Аллоҳнинг Расули, мусулмонларнинг қайси бири энг афзал?» деб сўрадим. У зот шундай дедилар: «Ҳақиқий мусулмон – мусулмонлар тилидан ҳам, қўлидан ҳам саломат бўлган кишидир» (муттафақун алайҳ). 
Эътибор қилсангиз, бу ерда ҳам қўлдан олдин тил зикр қилинган. Ҳолбуки жисмоний жиҳатдан қўл тилдан бақувват бўлади, ҳатто тилни юлиб, узиб олишга ҳам кучи етади. Лекин тилнинг жароҳати қўлдан етган жароҳатидан ҳам оғирроқ бўлади. Шунинг учун қўлдан олдин тил зикр қилинди. Ҳақиқий мусулмон бўлмоқ учун бошқалар ўша мусулмоннинг тилидан ҳам, қўлидан ҳам омонда бўлиши керак экан. Демак, инсонларга нисбатан на маънавий, на моддий жиноят қилиш мумкин эмас экан. Нима учун маънавий жиноят биринчи айтилди? Чунки унинг аҳамияти каттароқ, зарари оғирроқ бўлади, муолажаси оғирроқ кечади. Тил билан қилинган гуноҳ туфайли моддий жиноятлардан кам бўлмаган миқдорда гуноҳлар содир бўлади. Масалан, тил билан ёлғон гувоҳлик бериб юбориши, туҳмат қилиб қўйиши мумкин. Шунинг учун мусулмон одамнинг тилидан ҳам, қўлидан ҳеч кимга зарар етмаслиги керак. Мусулмон одамнинг сифати ҳам шундай бўлади. 
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Пайғамбар алайҳиссалом видолашув ҳажида ҳайит куни Минода туриб қилган хутбаларида шу гапларни ҳам айтган эдилар: «Қонларингиз, молларингиз ва обрўларингизни тўкиш худди шу кунингиз, шу ойингиз ва шу ерингизнинг ҳурмати каби бир-бирингизга ҳаромдир» (муттафақун алайҳ). 
Тасаввур қилинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажжида энг ҳурматли кун – ҳайит кунида, энг ҳурматли жой – Минода турибдилар. Бу ерлар ҳарам ҳисобланади, бу кунлар ҳарам ҳисобланади. Буларнинг ҳурмати қанчалик бўлса, мусулмоннинг қони, моли ва шаънининг ҳурмати ҳам ана шундайдир.  
Демак, мусулмон одамнинг ҳаётига, молига, шаънига тажовуз қилиш мумкин эмас, ҳаромдир. Динимизнинг энг асосий ҳукмларидан бири бўлгани учун, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу ҳукмларни етказиш учун юборилганлари учун ҳар бир ҳукмнинг ортидан «Сизларга етказдимми?» деб таъкидлаб қўйганлар. Бу таъкид юқорида айтилган ҳукмларнинг қанчалик муҳимлигини, Аллоҳ таолонинг наздида қанчалик оғир гуноҳлигини кўрсатади. Дарҳақиқат, бу ҳукм қиёматгача қоим қолди. Шунинг учун Исломда мусулмоннинг обрўсига ҳам, молига ҳам, қонига ҳам тажовуз қилиш мутлақо ҳаромдир.  
Масалан, бировнинг мол-мулкини куч билан ҳам, алдов, ҳийла-найранг билан ҳам, ҳатто ўйин билан ҳам олиб қўйиш мумкин эмас. Шунинг учун динимизда ҳар хил ҳаром кайфиятни берувчи ўйинлар ҳам ҳаром қилинади. Бир томон фойда кўриб, бошқа томон жабр кўрадиган ҳар қандай ўйин худди рибога ўхшаб ҳаром қилинган. 
Худди шунингдек, бировнинг обрўсини ҳам тўкиб бўлмайди, бировнинг шаънига тил текказиб бўлмайди. Шунинг учун кўпчилик олдида бировни изза қилиш ҳаромдир. Унинг камчилиги ёлғиз ўзи 

га айтилади. Агар бу камчиликни одамлар олдида айтсангиз, яхши иш қилган бўлмайсиз, балки уни шарманда қилган бўласиз, обрўсини тўккан бўласиз. 
Худди шунингдек, бировнинг қонига, яъни жонига тажовуз қилиш ҳаромдир. Фақатгина шунга ҳақли равишда, яъни масалан, бировни ноҳақ ўлдирган одамга давлат томонидан ўлим ҳукми чиқарилганда инсонни ҳаётдан маҳрум қилиш мумкин. Бошқа ҳеч қандай ҳолатда бир одамнинг жонига тажовуз қилиб бўлмайди.  
Ислом дини келиб, дунёнинг турли минтақаларига тарқалгач, бир неча юз йиллар давомида мана шу буюк қонунлар амал қилиб турди. Бу йиллар давомида инсоният минг-минг йиллар давомида эришмаган адолатга, тинчлик-хотиржамликка, ҳузур-ҳаловатга эришди. Илм-фан, маданият ривожланди, тараққиёт изга тушди, инсон ўз қадрини топди. Илгари сариқ чақага ҳам арзимаган инсон ҳаёти энг азиз қадриятга айланди. Инсоният Ислом деганда тинчликни, бунёдкорликни, адолатни, мусулмон деганда уламоларни, фузалоларни, одил подшоҳларни тушунадиган бўлди.  
Аммо афсуски, динидан узоқлашган мусулмон уммати аста-секин шариатнинг бу қонунларини жорий қила олмай қолди. Оқибатда бугунги кунда сизу биз гувоҳ бўлиб турган вазият юзага келди. Эндиликда бизнинг илмсизлигимиз, амалсизлигимиздан усталик билан фойдаланаётган қора кучларнинг уринишлари оқибатида одамлар Ислом деганда, Ислом давлати деганда, мусулмон деганда қонли урушларни, ўлдирилган тинч аҳолини, террорни тушунадиган аҳволга келиб қолди. Динни тўғри тушунмаган, Исломнинг моҳиятини англаб етмаган шундай тоифалар пайдо бўлдики, улар бошқани қўйиб, аввал ўзининг диндошларини кофирга чиқарадиган бўлишди. Кофирга чиқариб ҳам тинчимасдан, энди унинг қони ҳалол, моли ҳалол, аҳлу аёли ҳалол деб даъво қиладиган бўлишди. Оқибатда душманнинг алдовига, макрига учиб, ўзи оёғига болта уришни бошлашди. Уларнинг касру касофатига қанчадан қанча бегуноҳ одамларнинг, мўмин-мусулмонларнинг ёстиғи қуриди, қони тўкилди, жаҳолатнинг қурбони бўлди. Мусулмон юртларда яшаётган мусулмон халқнинг қони тўкиляпти, кексалар, аёллар, ёш болаларнинг қони тўкиляпти. Буларни шафқатсизларча ўлдираётганларнинг тилидан эса «Аллоҳу акбар» деган шиор чиқяпти.  
Шунинг учун бу тилни ниҳоятда эҳтиёт бўлиб ишлатиш керак, биродарлар. Чунки биз айнан ана шу тил билан шаҳодат калимасини айтиб, иймон келтирамиз. Мана шу тил билан гувоҳликлар берамиз, мана шу тил билан никоҳга розилик берамиз. Аммо кимдир худди шу тил билан ширк калимасини айтиши мумкин, шу тил билан кофир бўлиб қолиши мумкин. Исломда оила шу тилнинг бир лафзи билан қурилиб, яна шу тилнинг бир лафзи билан бузилиши мумкин. Ота-она шу тил билан боласидан рози бўлиши ёки уни оқ қилиши мумкин. Шу тил билан икки давлат дўст бўлиши ва худди шу тил билан бир-бирига душман бўлиши мумкин.  
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тилга ишора қилиб, уни тийиш кераклигини таъкидлаб, «Ким менга тили билан фаржини тийишга кафолат берса, мен унга дўзахдан кафолат бераман», деганлар. 
Шунинг учун биз ёшликдан бу тилни тўғри йўналтира билишимиз керак экан. Тилни аввало уни яратган, уни бизга ато этган Аллоҳнинг розилиги учун, У Зотнинг зикри учун ишлатишимиз, буни тилга доимий вазифа қилиб қўйишимиз керак. Худди шунингдек, беҳуда сўзларни сўзламаслик ҳам тилнинг вазифаси бўлиши керак. Калимаи шаҳодат айтадиган, никоҳ лафзини айтадиган, Қуръон ўқийдиган тил билан сўкиниш, беҳаё гап-сўзлар айтиш, иғво-туҳматлар қилиш нафақат тилга, балки қалбга ва бутун жисмга катта зарар етказади, охиратини барбод қилади. Аллоҳ асрасин. 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид