Мазҳаблар –бирлик рамзидир

Мазҳаблар –бирлик рамзидир

imon.uz 20-02-2027 420

Ислом дини тарихига назар ташланса, бу диннинг дунё бўйлаб тарқалиш жараёни мураккаб кечганлигига, турли минтақаларда, турли шароитларда яшайдиган араб ва араб бўлмаган халқлар мусулмон бўла бошлаганига гувоҳ бўламиз. Улар ўз ҳаётларига Қуръони карим ва Пайғамбар алайҳис саломнинг суннатларидан шариат ҳукмларини чиқариб олишларида муаммоларга дуч келишар эдилар. Турли минтақаларда шароитларнинг, турли халқ урф-одатларининг хилма-хиллиги шариат масалаларида табиий тафовутларнинг юзага келишига сабаб бўлар эди.

Шундай қилиб, Ислом жамиятида мусулмонларга диний аҳкомларни ўргатадиган, уларнинг саволларига тўлиқ жавоб бера оладиган, муъайян илмларга эга бўлган олимларга эҳтиёж тобора ортиб борарди.

Пайғамбар алайҳис салом вафотларидан сўнг биринчи асрнинг охири ва иккинчи асрнинг бошларида мусумон жамияти олдида турган мазкур муаммоларни ечиб бера оладиган олимлар етишиб чиқа бошладилар. Натижада Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофиъий, Имом Аҳмадлар бугунги кунимизгача етиб келган тўрт фиқҳий мазҳабларга асос солдилар. Мазкур мазҳаббошилар ибодат ва бошқа масалаларни Қуръони карим ва Пайғамбар алайҳис саломнинг суннатларига мувофиқ маълум қоидаларга солиб чиқдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейинги тўрт ишончли халифалар, саҳобалар, тобеъинлар, улардан кейинги авлодлар ва Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, имом Шофиъий, Имом Аҳмадлар ибодат ва эътиқодда “Сунна”га таяниб иш кўрганлари учун “Суннийлар” ёки “Аҳли сунна вал жамоа” номини олдилар. “Аҳли сунна вал жамоа” дегани – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва рошид халифаларининг йўлларида юрадиган ва саҳобалар ҳамда қиёмат кунигача уларга эргашган мусулмонлар жамоаси деганидир.

Бугунги кунда пайдо бўлган “мазҳабсизлик” (яъни, мазҳабларни инкор этувчилар) тарафдорлари Ислом уммати қадим-қадимдан амал қилиб келаётган ақида ва фиқҳ мазҳабларини инкор қилиб, “Мазҳаб тузиш Пайғамбар алайҳис саломнинг даврларида йўқ эди, шундай экан, мазҳабларга эргашиш керак эмас, балки Аллоҳ ва Расулининг айтганига амал қилишимиз керак” деган даъвони илгари суришмоқда.

Келинг, “мазҳабсизлик” тарафдорларининг иддаолари нечоғлик тўғри ёки нотўғрилигини билиш учун муқаддас китобимиз Қуръони каримга юзланамиз. Бу ҳақда Ҳақ таоло Нисо сурасининг 59-оятида: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз. Борди-ю, бирор масалада келиша олмай қолмасангиз -Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган бўлсангиз -уни Аллоҳга ва Пайғамбарига ҳавола қилингиз. Мана шу яхшироқ ва ечими чиройлироқ(иш)дир”- деб марҳамат қилган.

Мазкур ояти каримада Аллоҳга итоат қилишдан мурод, Қуръонга эргашиш, Пайғамбарга итоат қилишдан мурод, суннатга эргашиш, ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқлардан мурод уламоларга эргашиш англашилади. Чунки, Қуръони карим матнида келган “Улул амр”ни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу уламолар деб, тафсир қилганлар.

Демак, ояти карима мазмунига кўра “ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз” деган амри илоҳийга кўра, мазҳаб уламоларига бўйсуниш ҳар бир мўмин-мусулмонга вожиб бўлади.

Ояти каримадаги “Борди-ю, бирор масалада келиша олмай қолмасангиз - Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган бўлсангиз - уни Аллоҳга ва Пайғамбарига ҳавола қилингиз” жумласининг маъноси эса, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари айтган ҳукмларга солиштириш, яъни, қиёс қилиш демакдир.

Муқаддас динимизда ҳукм чиқаришда умумий қоида аввал Қуръон, кейин суннат, сўнгра ижмоъ, ундан кейин қиёс қилинади. Бунга далил Пайғамбар алайҳис салом Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга таълим бериш учун юбораётган вақтларида Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан сўрадилар:

-         Агар сендан бирор масала сўралса, нима билан ҳукм қиласан?

-         Аллоҳнинг китоби ила ҳукм қиламан.

-         Агар жавобни Аллоҳнинг китобидан топмасангчи?

-         Унда Аллоҳнинг расулининг суннати ила ҳукм қиламан.

-         Агар Аллоҳнинг расулининг суннатидан ҳам топмасангчи?

-         Унда бор билимимни сарфлаб ижтиҳод қиламан, - дедилар.

Демак, мазкур ҳадиси шарифдаги Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг жавобларидан ҳам Аллоҳнинг китоби ва расулининг суннатларидан кейин ижмоъ ва қиёс мавжудлиги маълум бўлади.

Энди бугунги кун мўмин-мусулмонларининг ўзларидан бўлган “бошлиқлари” деганда мусулмонлар оммасига соф Ислом ақидасини етказиб берадиган, юқорида зикри келган тўрт мазҳабни бирлаштирган “Аҳли сунна вал жамоа” йўналиши тушунилади.

Мусулмонлар ҳаётида Қуръон ва суннатда зикр қилинмаган янги бир масала пайдо бўлса, ушбу масалага мусулмон уммати эътироф этган мужтаҳидлар биргаликда ҳал этган ечим-қарорга фиқҳда “ижмоъ” дейилади.

Айтайлик, мусулмонлар ҳаётида Қуръон ва суннатда зикри келмаган яна бир масала пайдо бўлди. Аммо шунга ўхшаш бошқа бир масала бор. Уламолар ана шу ўхшаш масала билан янги пайдо бўлган масалани таққослаб бир жавоб топадилар. Бу жавобга эса, қиёс дейилади.

Демак, замонамиз мусулмонлари ўз ҳаётларида дуч келадиган муаммоларни ҳал этиб яшашлари жараёнида мазҳабларнинг мавжудлиги ҳаётий зарурат экан. Чунки, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳис саломнинг саволларига Аллоҳнинг каломи ва Унинг расулининг суннатларидан бошқасини олмайман демадилар. Балки, “бор билимимни сарфлаб ижтиҳод қиламан”, дедилар.

Бемазҳаблик масаласида Ислом оламининг машҳур шайхларидан бўлган Рамазон Бутий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи ҳазратлари: “Бемазҳаблик - диндан чиқиб кетишга олиб борувчи кўприкдир”, - деган фикрни билдирганлар.

Чунки, Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким жамоатни тарк қилса, батаҳқиқ, бўйнидан Ислом бўйинбоғини ечган бўлади”, - деганлар.

Жумҳур уламолари наздида “жамоат” дан мурод тўрт фиқҳий мазҳабни ўз ичига олган “Аҳли сунна вал жамоа” дир. Бу тўрт фиқҳий мазҳаб бутун дунё мусулмонларини ўн икки асрдан буён бирлаштириб келмоқда. Агар бу мазҳабларнинг қарашларида ноқислик бўлганида ўн икки аср мобайнида биронта олим ёки тоифа чиқиб мазҳабларнинг камчилик ёки нуқсонларини албатта айтган бўлар эди.

Мазҳабсизлик ғояси тарафдорлари – худди компьютер вируси каби юртимиз мусулмонларининг ҳанафийлик мазҳаби таълимоти билан боғлиқ ўн икки асрлик тарихини бир зумда ўчириб ташлаб, ўрнига ўзининг ғаразли ғоясини юкламоқчи бўлади.

Узоқ тарихдан бизга маълумки, “Аҳли сунна ва жамоа” мазҳаби уламолари мусулмонлар орасига соф Ислом ақидасини сингдириб, тўғри йўлни маҳкам ушлаб келмоқдалар. Биз ҳам аждодлар йўлидан адашмасдан, мусулмонлар орасини бузишни ўзларига касб қилиб олган мазҳабсизлар алдовларига учмасдан, ўтган улуғлар йўлида собитқадам бўлиб бормоғимиз лозим.

Агар уларнинг асоссиз сафсаталарига қулоқ соладиган бўлсак, Исломнинг ўн икки асрлик тарихидан воз кечган, Ҳанафийлик мазҳабида ижод қилиб ўтган минглаб забардаст уламолар томонларидан ёзилган ноёб асарларидан бебаҳра бўлиб қоламиз. Асрлар мобайнида барча мусулмонлар амал қилиб келаётган анъаналар бекорга чиқади. Натижада мусулмонлар орасида поракандалик юзага келади.

Мазҳабсизлик ғояси тарафдорларининг бемазҳабликни тарғиб қилишдан кўзлаган бош мақсадлари мазҳаблар орасида “поракандалик” келтириб чиқаришдан иборатдир. Улар “мазҳабсизлик” ғояси орқали тўрт мазҳаб мусулмонлари орасида “поракандалик”ни юзага чиқариб, сўнгра улардан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишни режалаштиргандир.

Зинҳор ватанимиз мўмин мусулмонлари бундай сафсаталарга алданиб қолмасликлари лозим. Жиҳод, шаҳидлик, ҳижрат, такфир каби алдамчи сирти ялтироқ ғоялар таъсирига тушиб қолган ҳамюртларимизнинг араб мамлакатларида сарсону саргардон бўлиб, азоб чекканлари, бир қанчалари бекафан ўлиб кетганлари, кимдир ота-онасидан, яна кимдир фарзандидан ажралиб, зор йиғлаб қолганлари, бир қанчалари Муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуслари билан ватанимизга олиб келинганлиги ҳали эсимиздан чиққан йўқку.

Бас, шундай экан биз аждодларимиз йўлларини маҳкам тутиб, эътиқодда Имом Мотурудий, ибодатда Имом Абу Ҳанифа мазҳабларида мустаҳкам туриб, “Аҳли сунна вал жамоа”ни ҳеч қачон тарк этмаймиз.

 

Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани

"Яккақайроғоч" жоме масжиди имом-хатиби

Оролов Усмон

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид