Неъматлар шукрини адо қилайлик.

Неъматлар шукрини адо қилайлик.

imon.uz 2022-08-23 11:02:42 57

Аллоҳга ҳамд ва шукроналаримиз  бўлсин. Зеро, берилган неъматларга борича қаноат ила  шукр қилиш ўша неъматларнинг бардавом бўлиши ва янада зиёда бўлишининг калитидир. Қурьони каримнинг Иброҳим сураси 34 оятида Аллоҳ таоло: "Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз саноғига ета олмассизлар". дея марҳамат қилган. Эътибор қилсак, бу жойда Аллоҳ таоло тўғридан тўғри бандаларга берилган неъматларнинг санаб бўлмас даражада кўплигига қатъий ишора қилаяпти. Дарҳақиқат, биз ожиз бандалар неъмат деганда моддий ва мулк бўладиган дунё матоҳларига чалғишимиз мумкин.

Аслида неъмат бу бизнинг борлигимиз, шу ҳаётдан завқ олиб турган соғлом жисмимиз, миллион рангларда жилваланаётган бу борлиқни кўриб туришимиз ва ҳоказо оятда саноғига ета олмайдиган даражадаги беҳисоб ато этилган нарсаларнинг ҳамма ҳаммаси биз учун Аллоҳ таоло тарафидан тортиқ бўлган улуғ неъматлар экан.

Танамиз ҳарорати бир неча паст кўрсаткичли даражага ўзгаргудек бўлса, ҳаловатимиз йўқолиб танамизни нохушлик чулғайди. Ваҳоланки, бу ўткинчи маълум муддатли синовли жараён холос.

Агар тезда чораси ахтарилиб етган лохасликка сабр қилинса, ортидан хотиржамлик, шифо ва роҳат яна қайтади. Демак, соғлом юриш роҳат-фароғат неъмати эканлиги дарров англанади. Яқин давр мобайнида коронавирус балоси бутун дунёга таҳдид солиб ер юзида миллионлаган инсонлар бу касалликдан азият чекишди. Нафас олиш неъматининг қадрини сунъий нафас олдириш мосламаларида бир неча кунлар ётиб даволанган инсонлар эътирофида ҳам билиб олсак бўлади.

Аллоҳ истаса шундай синовли кунлар ҳам келар экан. На тижоратда ва на ишлаб чиқаришда ва ҳатто ибодатларимизни эмин эркинликда бажара олмайдиган даражада неъматлардан тўсилдик. Сабр  қилиш ва борига қаноат ила шукр ва дуолар қилиш билан бу синовлар яна хотиржамлик, сиҳат саломатлик каби доимий бизларга берилган офиятли кўринишга айланди.

Мўмин мусулмон қайси жойда бўлмасин яширинган ҳикматларни албатта илғайди. Вазиятдан ўзига ибрат ахтаради, яхшилик сари бир одим бўлсада интилади. Яқин тарихда мустабид тузум зарбидан эзилган халқимиз мустақиллик туфайли яна бир улуғ неъматга эришди.

Мустақиллик ҳақида сўз кетганда иймон эътиқодли инсон бу офиятли даврнинг шукрини қилиши вожиб бўлади. Ислом таълимотида неъматларга шукр қилиш улуғ фазилат ва юқори даража деб алоҳида қайд қилинган. Бу ҳақда юқорида ҳам оятдан далил келтирдик. Абдуллоҳ ибн Аббос розиаллоҳу анҳу шундай деган экан:

“Шукр қилишлик имоннинг яримидир”.

Бошқа бир ривоятда эса “Имон - сабр ва шукрдан иборат” деб ҳам айтилган.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло барчамизни шукр қилишга амр қилиб, унинг зиддидан қайтарган, шукр айтувчиларга чиройли мукофотларни ваъда қилиб, Ўзининг фазилати, карами ва неъматларининг янада зиёда бўлишига шукрни сабаб этган ва Ўзининг гўзал исмларидан бирини шукр орқали ифода қилган.

 Мустақиллик туфайли бу миллатга берилган неъматлар рўйхатини алоҳида боблар билан санасакда туганмасдек, гўё. Тарихан қисқа давр ичида бир бошдан санайдиган бўлсак, муваффақиятларимизнинг саноғига етолмаймиз. Энг катта ютуғимиз юртдошларимиз онгу шуури, дунёқараши ўзгаргани,  муқаддас динимизга эътиборнинг кучайиши бўлди. Мустақиллик йилларида халқимизнинг онгу тафаккури юксалди. Уларда ватан тақдирига дахлдорлик хисси кучайди. 

Юртимиз тараққий этган мамлакатлар билан бўйлашишини, турмушимизда шу қадар катта ўзгаришлар юз беришини, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тубдан ўзгариб кетишини, ўғил-қизларимизнинг жаҳон майдонларида эришаётган оламшумул ғалабаларини тассавур қилиш қийин эди. Ўтган ҳафтада ёш шаҳматчиларимиз бутун дунёда биринчи ўринда эканликларини яққол намоён эта олишди.

Аллоҳга шукр юртимиз байроғи ҳамма байроқлар узра баландроқ ҳилпиради.Юртимизнинг чекка қишлоқларида ҳам иқтисодий юксалиш, миллий қадриятларимизнинг қайта тикланиши каби йўқотилган неъматлар яна барқарор бўлаётганини ҳам айтиб ўтишимиз лозим. Қишлоғимиздан марказга элтувчи йўлларимизнинг тўлиқ тамирдан чиқиши биз учун Аллоҳнинг яна бир марҳамати бўлди. Ичимлик суви билан таминланганимиз шукр қилувчи халқимизга Роббул оламийнда яна бир зиёдалик бўлди.

Аввалда эскирган, шароитлари паст бўлган масжидимиз охирги уч йилда салобатли, замонавий барча шароитларга эга янги масжид биносига ўзгарди. Аҳил ва иттифоқли ҳамқишлоқларимизнинг катта ғайрат шижоатлари туфайли ҳозирда муҳташам гўзал масжидимизга эга бўлдик. Саноғига ета олмайдиган неъматларни санаб чиқиш мақсадимиз бўлмасада, шукрини адо қилишга ғайрат қилайлик. Ношукурлик ва нолишдан Аллоҳ асрасин.Юртимизга кўз тегмасин. Равнақ топиб баркамол бўлаверсин.   

Зомин тумани "Боймоқли" жоми масжиди имом-хатиби

Мирзақулов Лутфулло.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид