ПОДШОҲ БИЛАН АСИР

ПОДШОҲ БИЛАН АСИР

imon.uz 2023-02-24 01:58:04 363

Подшоҳ бегуноҳ бир асирни ўлимга ҳукм қилди. Жонидан умидини узган асир, подшоҳни сўка бошлади. Подшоҳ ёнидаги вазирга қараб:
- Бу асир нима деяпти? - деб сўради.
Доно вазир:
- Олампаноҳ, бу асир "Жаннат ғазабини енгганлар ва кечиримли инсонлар учундир" деб, сиздан марҳамат кутяпти, - деди.
Подшоҳ бу сўздан хурсанд бўлиб, асирни авф этди. Лекин подшоҳнинг ёнида турган яна бошқа юраги қора, бахил бир вазир эгилиб:
- Олампаноҳ, бу асир анчадан бери сизни ҳақорат қилиб сўкаяпти, - деб айтди.
Шоҳнинг бу сўздан аччиғи чиқди ва бу вазирга ғазаб билан:
- Эй, нодон вазир, сенинг рост гапингдан бу вазирнинг ёлғон сўзи минг марта афзалдир. Чунки унинг ёлғони яхшиликка олиб боради. Унинг ёлғони билан жонлар сақланиб қолади, қалблар қувонади. Сенинг тўғри сўзинг билан эса жонлар ўтга ташланади, қалблар ғамга ботади, - деди.
Биринчи вазир ақлли ва донолик билан икки кишининг орасини тузатмоқ мақсадида сўзлаган ёлғон сўзи, айни яхшиликдир. Иккинчи вазирнинг рост сўзи эса икки томонни ҳам ранжитгани учун катта гуноҳ ва хатодир.
Саъдий бу қиссаси билан кишиларга ибрат олгулик бир ҳақиқат дарсини бермоқда. Ҳақиқий инсон одамларни яхшиликка чорлаган, уларни яраштирган, кишиларга эзгулик улашган инсондир. Шу боисдан ислом динида инсонларнинг орасини тузатиш учун ёлғон сўзлашга ижозат берилган. Албатта, яхшилик йўлида айтилган ёлғоннинг гуноҳи кечирилгусидир.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид