130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги

Ғусл қилинадиган жойда бавл қилмоқ
Mimon.uz 2025-07-14 02:14:32 84
(Пайғамбар алайҳиссалом) «Ғусл қилинадиган жойда бавл қилмоқдан қайтардилар». Бошқа бир ҳадисда «Албатта васвасанинг ҳаммаси шундан пайдо бўлади», деб бунинг сабаби баён қилинган. Чунки ўша замонларда, Мадинаи мунавварада ғусл қилиш учун махсус жойлар бўлмасди балки, бир ташландиқ шўрхок ерларда ғусл қилишар эди. Агар у ерга сув тушса, сингиб кетарди ва ўша жой лойхонага айланар эди. Энди ўша ерга киши бавл қилса ер уни ҳам тортиб олар ва бавл аввалги лой билан аралашиб кетар эди. Аммо агар ғуслхоналар бинода мустаҳкам қурилган бўлса, сийдик турмасдан оқиб кетадиган қилинса, бирон бир васваса сизнинг кўнглингизга йўл топиш эҳтимоли йўқ.
Турган сувга бавл қилмоқ
(Пайғамбар алайҳиссалом) «Турган сувга бавл қилишдан қайтардилар». Турган сув деганда Мадина шаҳридаги кўлчалар ва сув тўпланадиган жойлар [ҳовузчалар] тушунилади. У ерларда сув оз бўлади. Кенглиги ҳам узунлиги ҳам деярли бўлмайди, жуда кам бўлади. Агар бир киши бундай сувга бавл қилса, бошқа бир одам келиб ундан таҳорат қилиши мумкин. Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туриб қолган сувга бавл қилмоқдан, кейин эса ундан ғусл ёки таҳорат олмоқдан қайтардилар, дейилган. Бу ҳақда бизга ва ал-Жоруд ибн Муозга Умар ибн Ҳорундан, у Ҳаммод ибн Саламадан, у Абу-л-Маҳзамдан, у Абу Ҳурайрадан, шунингдек, аш-Шақиқий отасидан, у бобосидан «Абдуллоҳ ибн Бурайданинг оқар сувга бавл қилаётганини кўрдим», — деганини хабар қилган. Ҳасан ибн Мутиъни Халаф ибн Айюбдан, у Яҳё ибн Закариёдан, у Юнусдан, у Ҳасан (Басрий)дан Ҳасан ал-Басрий «Оқар сувга бавл қилмоқнинг зарари йўқ», — деганини хабар қилган. Турган сув энига ва бўйига кенгаймайдиган даражада кам сув бўлса,
унга бавл қилишдан қайтарилди. Чунки бундай оз миқдордаги сув бир идишдаги сув каби бўлиб қолади. Аммо агар оқар сувга ўхшаб атрофга тарқаб кетган бўлса, кўлмакчалар бир-бирига қўшилиб кетган бўлса, худди оқар сув кабидир. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) денгиз тўғрисида бир ҳадисда: «Денгиз - суви пок, ўлимтиги ҳалолдир», деганлар. Ҳолбуки денгиз ҳам бир жойда туради.
«Қайтарилган амаллар» китобидан.