Пора ва унинг турлари

Пора ва унинг турлари

imon.uz 2021-05-17 05:41:44 467

    Ҳақни гарчи ўз муддатидан кейин бўлса ҳам ғалаба қозонтирадиган зотга ҳамдлар бўлсин! У ростни зоҳир қилиб, ёлғончиларни шарманда қилади. У халқ орасида адолатни ёяди, уни бекор қилувчиларнинг уруғини қуритади. Саловат ва саломлар пайғамбарларнинг энг шарафлисига ҳамда унинг оила аъзолари ва барча саҳобаларига бўлсин!

Шундан сўнг. Ушбу рисола поранинг баёни, унинг турлари ҳақидаги қисқача рисола бўлиб, унинг зимнида қозига олиш жоиз бўладиган ёки умуман мумкин бўлмайдиган нарсалар, поранинг ҳалол ва ҳаром бўладиган ҳолатлари тўғрисида ҳам сўз юритилади. Шунингдек, пора билан ҳадиянинг орасидаги фарқ ҳақида, пора олганда унинг эгаси ким бўлиши ҳақида, пора олувчиларнинг таъзирини бериб қўйилганда, ошкора ҳаммага маълум қилиниши борасида ҳам сўз юритилади.

Замонамизда пора борасида фатво чиқаришга тўғри келган вақтда дўстлардан айримлари бу борада тадқиқот олиб боришни менинг устимга юклаб қўйишди. Баъзи ҳанафийлар подшоҳнинг пора олишини қозининг пора олиши каби деб ўйлаб, нақл қилинган ҳақиқатнинг тескарисига жавоб берганлар. Мен карамли Аллоҳдан ушбу изланишларимни холис бўлишини сўраб қоламан.

Демак, поранинг икки хил маъноси борлигини айтишдан гапни бошлаймиз. Унинг луғавий ва истилоҳий маънолари бор. Луғатда поранинг маъноси ширинкома – ҳақ, мукофот.

«ал-Қомус»да «ришват» («пора»)нинг мисоли ширинкома экани айтилган. «Рашааҳу» дейилса, унга бирор нарса берилганини айтилади. «Ирташаа» эса ўша нарсани олганни айтилади. «Истаршаа» эса бирор нарса талаб қилганни айтилади. Тамом.

«ал-Мисбоҳ»да «ришват» «ро»нинг касраси билан бирор шахснинг унинг фойдасига ҳукм қилиши ёки унинг истаганини амалга ошириши учун ҳокимга ёки бошқа бировга бирор нарсани берганига айтилади, дейилган. Ушбу сўзнинг кўплиги «рушаа» ҳам дейилади, «қатала» бобидандир. Унга ришват бергандим, у олди, демоқчи бўлса, «ирташаа» феъли қўлланади. Ришват сўзининг асли «рашаа»дан бўлиб, жўжа онаси  оғзига бирор нарса солиши учун бўйнини – бошини чўзганига айтилади.

«ал-Муғриб»да «ришват» ва «рушват» деб ҳам айтилиши мумкинлиги, кўплиги «ар-рушаа» келиши зикр қилинган. «Рашааҳу» дейилса, пора берганни айтилади, «ирташаа минҳу» дейилса, уни олганни айтилади. Тамом.

Поранинг истилоҳдаги маъноси «ал-Мисбоҳ»да айтилганидекдир. Абу Наср ал-Бағдодий раҳимаҳуллоҳ «Шарҳ ал-Қудурий»да: «Пора билан совғанинг фарқи пора унга ёрдам берилиши учун берилади, совғада эса бундай шарт бўлмайди», деб эслатиб ўтганлар. Тамом.

Пора олиш Қуръон ва суннат ҳамда ижмоъга кўра ҳаром. Қуръондаги оятга келсак, Аллоҳ таолонинг сўзи бор: لا تأكلوا اموالكم بينكم بالباطل – «Ораларингиздаги моллларингизни бекордан бекор еманглар!». Босқинчилик, судхўрлик, қимор каби ботил, бекор ва пуч нарсага шариат рухсат бермаган. Аллоҳ таоло бундай деган:

وَلاَ تَأْكُلُواْ أَمْوَالَكُم بَيْنَكُم بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُواْ بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُواْ فَرِيقاً مِّنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالإِثْمِ وَأَنتُمْ تَعْلَمُونَ

«Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!» (Бақара, 188).

Ал-Буқоъий раҳимаҳуллоҳ «ал-Муносабот» асарида «ва тудлу» сўзини: «Ҳокимларга махфий ҳолатда умумий пора билан ишларни ўзингизнинг фойдангиз тарафига буриш учун бера кўрманглар!» дея ифодалаганлар.

Ал-Ҳалвоний раҳимаҳуллоҳ: «Пора – челакни қудуққа сув тортиб олиш учун махфий тарзда тушириш маъносида», деганлар. Яъни, пора берувчи ноҳақ равишда мол-дунё ейишга ҳукм чиқартириш мақсадида ўз порасини махфий равишда ҳокимга беради. Тамом.

Поранинг суннатда ҳаром қилинганига келсак, бу борадаги ҳадислар жуда кўп. Улардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу қарғишларидир: «Пора берувчига ҳам, пора олувчига ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлсин!». Яна ул зоти бобаракот: «Пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам, иккови орасида юриб порада воситалик қилувчини ҳам Аллоҳ лаънатласин!», деганлар. Бундай ҳадисларни «ал-Жомеъ ас-сағир»да «лом» ҳарфи бобидан топиш мумкин.

Ана энди, поранинг турлари, ҳалол бўладиган ва ҳаром бўладиган жиҳатларига етиб келдик. Имом Қозийхон раҳимаҳуллоҳ ўзининг фатволар тўпламида қозилик қилиш ҳақидаги бўлимида буларни зикр қилганлар:

Пора тўрт хил бўлади. Икки тарафдан ҳам ҳаром бўладиган тури. Агар булардан бири пора бериб қози бўлса, қози бўлиб ҳисобланмайди. Бу ҳолатда пора олувчига ҳам, қози бўлувчига ҳам ҳаромдир.

Иккинчи тури, қозига унинг фойдасига ҳукм қилишини кўзлаган ҳолда пора беришдир. Бу пора икки томонга ҳам ҳаром. Қозининг ҳукми хоҳ ҳақ бўлсин, хоҳи ноҳақ бўлсин, бунинг фарқи йўқ.

Яна бир тури шуки, ўзининг жонидан ёки мол-мулкидан қўрқиб, бировга пора берган бўлса бундай пора олувчига ҳаром, берувчига ҳаром эмас. Агар биров унинг молидан тама қилса, молидан бир қисмини унга берса ҳам худди шундайдир.

Яна бир тури эса порани подшоҳ олдида ишини ўтказиб бериш учун берса, бериш ҳалол бўлади. Бу ҳолатда олувчига пора олиш ҳалол бўлмайди.

Агар порани олувчига ҳалол бўлишини исталадиган бўлса, олувчи бир кун кечгача қайтариш нияти билан ижарага олиб туради. Бундай ижара тўғри бўлади. Сўнг ижарагир ушбу ишни хоҳласа қилади, хоҳламаса бошқа ишни қилади. Бу подшоҳ олдида ишини тўғрилаб бериши мақсадида аввал бошданоқ пора берилган ҳолатдадир.

Бировдан ишни тўғрилаб беришини сўраса, пора ҳақида гап-сўз бўлмаса, сўнг ўша ишни тўғрилаб берганидан сўнг порани берса, олимлар бунинг ҳукми борасида турлича фикрлар билдирганлар. Айрим уламолар олишни ҳалол бўлмайди, деган бўлсалар, айрим уламолар ҳалол бўлади, деганлар. Мана шу саҳиҳдир! Чунки, бу яхшилик ва яхшиликка берилган мукофот бўлиб, бу ҳалол бўлади. Худди бу имом-домлага ва муаззинга бирор нарса бергандекдир. Уни шарт қилмасдан берсалар, яхши иш ҳисобланади.

Қозига пора олиш ҳалол бўлмаганидек, қози бўлишидан олдин унга ҳадялар бериб турмайдиган бегонадан ҳадя-совға қабул қилиб олиш ҳам ҳалол бўлмайди. Шунингдек, қозига бегонадан қарз олиш, бирор нарсани ориятга (вақтинчалик омонатга) олиб туриш ҳам ҳалол эмас. Тамом.

«Китоб ал-васоё»да келганки, уламолар ўзидан ва мол-мулкидан зулмни даф қилиш мақсадида мол сарфлаш унинг ҳаққида пора ҳисобланмайди, деганлар. Ўз сўзини бировнинг гапидан устун қилиши учун мол-мулк сарфлаш пора бўлади. Тамом.

«Хулосат ал-фатово»да бундай деб зикр қилинган: «Агар қози пора олса, сўнг ҳукм қилса, ёки ҳукм қилиб бўлганидан кейин пора сўраса, ёхуд порани қозининг ўғли (қариндоши) олса, ёки гувоҳлиги қабул бўлмайдиган кимса олса, унинг чиқарган ҳукми инобатга ўтмайди. Агар қози тавба қилса ва олган пораларини қайтариб берса, қозилик мансабида қолаверади».

Интернет материаллари асосида

Шароф Рашидов тумани

"Яккақайроғоч" масжиди имом-хатиби

Оролов Усмонали тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид