«СИЗГА ҲАМРОҲ БЎЛАМАНМИ?!»

«СИЗГА ҲАМРОҲ БЎЛАМАНМИ?!»

Mimon.uz 2025-11-12 11:39:39 6

Ҳижрат қилиш, яъни Маккадан Мадинага кўчиш вақти етди. Жазирамада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг уйига бордилар. Абу Бакр тайёрланиб турган эди. Чунки бироз олдинроқ огоҳлантирилганди. У Расулуллоҳни кўриши билан қувонди. Ўрнидан сапчиб туриб, ўтирган жойини бўшатди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга «Уйингизда ким бўлса чиқиб турсин», дедилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу «Ё Расулуллоҳ, фақат иккита қизим бор», деди. Шунда Расулуллоҳ хотиржамлик билан: «Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло менга Маккадан чиқиб кетишга изн берди», дедилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга янада яқинлашиб тиззалаб ўтирди-да, ҳаяжон билан: «Мен сизга ҳамроҳ бўламанми, ё Расулуллоҳ?! Айтинг, сизга ҳамроҳ бўламан-а?» деб икки марталаб сўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга: «Ҳа, эй Абу Бакр! Бу сафарда менга ҳамроҳ бўласиз», дедилар. Абу Бакр шу даражада хурсанд бўлиб кетдики, унинг ўшандаги ҳолини қизи ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо онамиз бундай таъриф этади: «Аллоҳга қасамки, то ўша куни отамнинг шодланиб йиғлаганини кўрмагунимча инсон хурсандчиликдан йиғлаши мумкинлигини билмасдим. Отамнинг кўзларидан чиққан ёшлар Расулуллоҳга бўлган муҳаббатидан, у зотдан айро қолиш ҳадиги аригани учун тўкилганига гувоҳ бўлдим».

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат ҳақида 101 қисса” китобидан.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид