Қарз бериш садақа беришдан афзалдир

Қарз бериш садақа беришдан афзалдир

imon.uz 24-09-2020 449

Қарз бериш жуда хайрли иш ҳисобланади. Бу хусусида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Бир кишининг муҳтожга қарз бериши садақа беришидан ўн саккиз даража афзалроқдир”. Зеро, садақа муҳтож ёки муҳтож бўлмаган одамга тегиши мумкин. Аммо қарзни фақат муҳтож одам сўрайди. 

Қарз сўраган кишининг қийин ҳолини ўйлаб, уни ҳижолат қилмаслик, ранжитмаслик керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қарз олиб, қарз бериш ишини яхшилик билан бажарингиз. Aгар тарафлардан бирини ранжитсангиз, хафа қилсангиз катта гуноҳ орттирган бўласиз!”

Уч ҳолатда қарз олмоқ учун мурожаат қилинади:

1. Хасталик ва бошқа сабаблар билан ишлаб фойда тополмай қолганда, муҳим еҳтиёж чиққанда шунга яраша олмоқ.

2. Рўзғор, оила камчилигини бутламоқ учун.

3. Уйланмоқ учун етарли тайёргарлик кўрилмаган ҳолда.

Бу уч ҳолатда Aллоҳ қарз олувчи банданинг вакили ва ёрдамчиси бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким одамлардан қарз олганида уни узиш (қайтариб бериш) нияти билан олса, Aллоҳ унга ёрдам беради. Aммо ким йўқ қилиш (еб кетиш) нияти билан олса, Aллоҳ уни йўқ қилиб юборади.”, деганлар.

Лекин афсуски қарз олиб бермаётганлар ҳам кўпайиб бормоқда. Киши қийин аҳволда турганда қарз олиб ишини битиради. Аммо қарзни қайтариш вақти келганда, турли баҳоналар билан бермаслик йўлини ахтаради. Баъзилар эса очиқчасига қарзидан тонади. Бу Аллоҳ таолодан қўрқмаслик ва ориятсизликдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай  марҳамат  қилган: “Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар...” (Нисо сураси 29-оят)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Бойнинг (қарзни тўлашга имкони бор кишининг) (зиммасидаги ҳақни) бермай, чўзиб юриши зулмдир” дейилган. (Бешовлари ривоят қилишган)

Аллоҳ таоло барчаларимизни қарздор бўлишдан Ўзи асрасин! Қарздорларимизнинг қарзларини узишларида уларга Ўзи ёрдамчи бўлсин.

 

Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани

“Имомтепа” масжиди имом-хатиби

Муҳиддин Алибеков

 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид