ТАРВУЗ ҲАҚИДАГИ ҲАДИСЛАР САҲИҲМИ?

ТАРВУЗ ҲАҚИДАГИ ҲАДИСЛАР САҲИҲМИ?

imon.uz 2022-06-20 05:46:43 577

Шу кунларда интернетда тарвуз ейиш фазилати ҳамда уни сӯйиш тарзи ҳақида гаплар кӯпайиб қолди. 

Аммо, муҳтарам ўқувчиларимизга тарвуз ҳақида “ҳадис” деб ривоят қилинган аксар ривоятларнинг ҳадис эмас, шунчаки тўқима чўпчаклар эканлигини эслатиб ўтишимиз даркор. 

Маълум бўлсинким, тарвуз истеъмол қилишнинг соғлиққа фойдаси, унинг турли фазилатлари, уни экишга тарғиб ҳақидаги барча ҳадислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номидан тўқилган уйдирма ривоятлардир. Инчунун, бунақа ривоятларни зикр қилиш ҳам асло жоиз эмас. 

Имом Ибн Қаййим «Ал-Манарул-муниф» асарида шундай деган:

“Ибн Ал-Жавзий ўзининг "Мавзуъот" (яъни: “Тўқима ривоятлар”) номли асарида: "Тарвуз ва унинг фазилати ҳақида келган хабарларнинг барчаси тўқима ҳадислар жумласидандир. Хусусан, Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ: "Тарвузнинг фазилати ҳақида бирон саҳиҳ ривоят йўқ, илло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарвуз еганликлари маълум холос.." деган... /иқтибос тугади/ 

Илло, Оиша онамиздан тарвуз тўғрисида бир ҳадис ривоят қилинган бӯлиб, унда: "Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам тарвузни рутоб (янги узилган хурмо) билан ердилар ва: «Бунинг иссиғлигини манавининг совуғлиги билан, манавининг совуғлигини эса бунинг иссиғлиги билан синдирамиз» дердилар”.

Ҳумайдий «Муснад» (1/86), Абу Довуд (3835), Термизий (1/338).

Абу Довуд: исноди ҳасан, деган.

Аммо, бу ҳадиснинг сиҳҳати ҳақида ҳам кӯп аҳли илмлар ихтилоф қилишган. 

Нима бўлганда ҳам, Ибн Қаййим ал-Жавзия ўзининг “Зодул-маъод” китобида Оиша онамиздан ривоят қилинган шу ҳадисни келтирган бўлиб, ўша ўринда Имом Аҳмаднинг юқоридаги сӯзларини ҳам келтириб, қуйидаги қӯшимчани қилган:

"Тарвуз ҳақида бир қанча ҳадислар борки, улар орасида мана шу биттагина (Оиша онамиздан ривоят қилинган) ҳадисдан бўлак, ҳеч бири саҳиҳ эмас". /иқтибос тугади/ 

Шунингдек, Имом Нававий ҳам, ўзининг "Ал-мақосидул ҳасана" асарида: «Тарвуз тўғрисидаги ривоятлар ишончли эмас», деб таъкидлаган. 

Хулолса қилиб айтадиган бўлсак, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарвуз еганликлари бор гап. Аммо, уни ейиш кайфияти, хусусан тарвузни сўйиш тарзи ҳақидаги гапларнинг ҳеч бири саҳиҳ эмас.

Дониёр Файз

Миролим Мансур тайёрлади 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид