ЁШЛАРНИ ГЎЗАЛ АХЛОҚ ВА ОДОБГА ЎРГАТИБ БОРИШ

ЁШЛАРНИ ГЎЗАЛ АХЛОҚ ВА ОДОБГА ЎРГАТИБ БОРИШ

imon.uz 2021-04-28 06:41:14 87

Барчамизга маълум ва равшандирки, ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, жисмоний, маънавий ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади. Мана шу мақсадларга етишишда муқаддас Ислом динининг том маънодаги улуғвор таълимотига амал қилиш муҳим аҳамиятга эгадир. Ислом динида болаларни ҳали мурғаклигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳнинг қарамоғларида ёш бола эдим. Овқат вақтида қўлимни товоқнинг ҳамма ерига узатар эдим. Шунда, Расулуллоҳ менга: “Эй болакай! Аввал, “Бисмиллоҳ”ни айт, сўнгра ўнг қўлинг билан, ўзингни олдингдан олиб егин”, деб ўргатдилар. Шундан бери ўшандай овқатланадиган бўлдим” (Имом Бухорий ривояти).


   Динимизда ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида шундай марҳамат қилдилар: яъни: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).


   Ислом дини таълимотида ёшларни ақлан тарбия қилиш ҳам муҳим масала саналади. Бунда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом динида илм деганда диний ҳам дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда: яъни: “Сизларнинг энг яхшингиз будунёсини деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга малол келтирувчи бўлмаганингиздир” дейилган. Ушбу таълимотларга жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.


   Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки,ёшлик даври қалбнинг мусаффолигини сақлаш, уни имон ва илму маърифат нури билан тўлдириш учун энг қулай фурсатдир.


Юнусхон Джаббаров,

Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме

масжиди имом-ноиби

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид