Жаннат эшиклари уёқда очиляпти, лекин буёққа ҳам таъсири бор.

Жаннат эшиклари уёқда очиляпти, лекин буёққа ҳам таъсири бор.

imon.uz 2023-03-10 02:10:19 174

Жаннат эшиклари уёқда очиляпти, лекин буёққа ҳам таъсири бор. Таъсири шуки, жаннат эшиклари очилганда худди бир шамол уфуриб чиққандек, бу дунё ҳаётига барака бўлиб киради.Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Рамазони шарифни барчамизга, бутун ўлкамизга, бутун мусулмон оламига хайр-баракотли қилсин, тинч-осойишта, муҳтожларга ёрдамлар қилинадиган, хайр-эҳсонлар қилинадиган, садақалар ойи қилсин, яхшиликлар ойи бўлишини насиб қилсин! Бу ой яна бир бор барчамизга муборак бўлсин, муҳтарам биродарлар!  


Имом Суютий «Ал-жомеъ ал-кабир» китобларида ушбу ривоятни келтирганлар: 
«Кимки Рамазон ойи келишидан шодланса, Рамазон ойи келяпти деб хурсанд бўлса, Аллоҳ таоло унинг жисмини дўзах ўтига ҳаром қилади». 
Дарҳақиқат, бу ойни ҳамма ҳар хил кутади. Аммо қайси мусулмон банда уни хурсанд бўлиб кутса, Рамазон келяпти, имкониятлар ойи келяпти, ибодатлар ойи келяпти, тақвони оширадиган ой келяпти, тақвоимни кўпайтириб оламан деб қувонса, бу ойни севса, ундаги ибодатларни яхши кўрса, шунинг ўзи энг катта марҳамат бўлади. Чунки Аллоҳ таоло ундай одамнинг жасадини дўзахга ҳаром қилар экан. Бу эса ўша банда Рамазонга муҳаббати туфайли дўзахга тушмайди дегани.  


Рамазонга муҳаббат нима дегани? Бу - Рамазоннинг рўзасини фарз қилган, Рамазон ойини ибодат ойи қилиб берган Аллоҳга муҳаббат дегани. Алҳамдулиллаҳ, биз ҳар йили Рамазонни худди шундай, хурсанд бир кайфиятда кутиб оламиз. Чунки Рамазоннинг файзини, унинг бошқача бир ойлигини, баракотини яхши ҳис қиламиз. Рамазон тўлалигича ибодатга бой ой, кундузларию кечалари ибодатларга лиммо-лим тўлган ой. Рамазонда гуноҳлар кам содир бўлади, жуда кам содир бўлади, чунки дўзах эшиклари беркитилган. Дўзах эшиги уёқда беркиляпти, лекин буёққа ҳам таъсири бор. Жаннат эшиклари уёқда очиляпти, лекин буёққа ҳам таъсири бор. Таъсири шуки, жаннат эшиклари очилганда худди бир шамол уфуриб чиққандек, бу дунё ҳаётига барака бўлиб киради. Дўзах эшиклари ёпилганда эса бу дунёда гуноҳларнинг йўли ёпилиб қолади. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом «Рамазонда жин ва шайтонларнинг саркашлари кишанланади», деганлар.  

Жаннат эшиклари очилганининг, бу дунёга файз-баракот ёғилганининг энг биринчи намунаси шуки, Рамазонда масжидларимиз тўлиб кетади. Беш маҳал намозларга, жумаларга кела олмаётган биродарларимизни чеҳраларини Рамазонда кўрамиз. Одатда беш маҳал намозга чиқмайдиганлар ҳам Рамазонда астойдил ният қилиб, таровеҳ намозларига, хатми Қуръонларга қатнашади.  
Мулла Алий Қори роҳимаҳуллоҳ Пайғамбаримизнинг юқоридаги ҳадисларини худди шундай шарҳлаб, «Жинлар кишанланиб, жаннат эшиклари очилишининг исботи Рамазонда жамоатнинг кўпайиб кетишидир», деганлар.  

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид