Пекиндаги Ўзбекистон элчихонаси Хитойдаги ватандошларга мурожаат йўллади

Пекиндаги Ўзбекистон элчихонаси Хитойдаги ватандошларга мурожаат йўллади

imon.uz 10-02-2020 2364

Ўзбекистон Республикасининг Пекиндаги Элчихонаси Хитой Халқ Республикасида таҳсил олаётган ватандошларимизга мурожаат қилди:

“Сўнгги ҳафталарда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қаерда бўлишидан, ёши ёки ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар Хитойда 2019-nCoV коронавируси ёйилгани муносабати билан бу мамлакатдан ватандошларимизни юртимизга қайтариш жараёнларини катта ҳаяжон билан кузатиб бордилар.

Фурсатдан фойдаланиб, аввало Хитой олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларга ва уларнинг яқинларига ушбу мураккаб дамларда қатъият ва сабр-тоқат, юксак маданият ва ўзаро ҳамфикрлилик туйғуларини намоён этганликлари учун самимий миннатдорлик изҳор этамиз. Кўплаб ватандошларимизнинг айни фазилатлари жуда қисқа муддатларда олдимизга қўйилган вазифаларни муваффақиятли бажариш учун муҳим замин яратди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг шахсий эътибори ва мамлакатимиз Ҳукуматининг қўллаб-қувватлаши, шунингдек Ташқи ишлар вазирлиги ва Элчихонамизнинг Ўзбекистон ва Хитойдаги тегишли вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида 600 нафар ҳамюртимизни ватанга олиб келиш бўйича жуда аниқ ва ҳар томонлама пухта ишлар амалга оширилди.

Қатъий карантин шароитида қисқа муддатда Хитой томони билан тегишли музокаралар олиб борилди, Тошкентга чартер рейсларини ташкил этиш бўйича барча масалалар мумкин қадар қисқа давр ичида келишилди ва ҳал этилди, Хитойнинг ўнлаб шаҳар ва провинцияларидан Ухан ва Пекин шаҳарларига барча талаба ёшларимиз сафарбар қилинди.

Эътиборли томони, Ўзбекистон нафақат коронавирус ўчоғи бўлган Ухан шаҳридан, балки Хитойнинг қатор чекка минтақаларидан ўз фуқаролари эвакуациясини ташкил қилган кам сонли давлатлардан бири бўлди. Юртдошларимизни керакли манзилга етказиш ишлари Хубей провинциясининг алоҳида карантин тартиби жорий этилган бошқа шаҳарларидан (Хуанши, Сзянан, Ичан, Личуан, Сзинмен) ҳам амалга оширилди.

Шахсий хавфсизлик ва саломатликни таъминлаш чоралари бўйича зарур амалий тавсиялар ҳамда эвакуация тадбирларининг ҳар бир босқичи тўғрисидаги мунтазам ахборотлар тайёрланиб, улар Хитойнинг “WeChat” мессенжери, бошқа ижтимоий тармоқлар ва Ўзбекистон ОАВ орқали тарқатилди. Бир вақтнинг ўзида Элчихона ходимлари томонидан Ўзбекистонга учиш арафасида ўнлаб ватандошларимиз билан юзага келган консуллик-ҳуқуқий, регистрация-виза ва бошқа муаммолар тезкор тарзда ҳал қилинди.

Ўзбекистон фуқароларини Ухан шаҳридан олиб чиқиб кетиш мақсадида Элчихона Хубей провинцияси ҳамда маҳаллий олий ўқув юртлари маъмуриятлари билан биргаликда ушбу провинциянинг Ухан ва яна бешта бошқа шаҳридаги 14 та университетда таҳсил олаётган салкам 80 нафар талабаларни эвакуация қилиш бўйича бир неча босқичли режа ишлаб чиқди. Унга мувофиқ фуқароларимизнинг шахсини ва бошқа маълумотларни аниқлашдан тортиб, уларнинг рўйхатини тузиш ва маҳаллий транспорт компаниясини жалб қилган ҳолда талабаларни Ухан шаҳри аеропортига олиб келишгача бўлган комплекс тадбирлар амалга оширилди.

2020 йил 15 январда Элчихонада тезкор штаб тузилганини ва дипломатик миссиянинг барча ходимлари Хитойнинг турли бурчакларидаги 2000 нафардан ортиқ талабаларимиз билан мулоқотга чиқиб, уларнинг ҳар бири билан якка тартибда тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишга фаол киришганини таъкидлаш ўринли.

Айнан ушбу мақсадда “ WeChat ” мессенжерида ёшларимиз орасида тушунтириш ишларини мунтазам олиб бориш, уларга маънавий-психологик кўмак кўрсатиш ва саросимага тушишнинг олдини олиш учун алоҳида гуруҳлар очилди.

Объектив сабабларга кўра бундай ностандарт шароитларда мазкур вазифаларни ҳеч бир муаммоларсиз ҳал қилиш мумкин эмаслиги ҳам табиий ҳолатдир. Аммо енгиб бўлмас тўсиқ бўлиб кўринган муаммолар ҳам бартараф этилди.

Энг асосийси, умумий саъй-ҳаракатларимиз натижасида юзлаб талабалар мамлакатимизга саломат қайтдилар. Бу эса келгусида улар ўз ўқишларини давом эттириш мақсадида яна Хитойга қайтишларининг муҳим кафолати ҳисобланади. Улар бу ерда Ватанимизнинг янада тараққий этиши учун зарур бўлган замонавий билимларни ўқиб-ўрганиб, ёш истиқболли мутахассислар сифатида Ўзбекистонга қайтишади.

Яна бир бор, Хитойда таҳсил олаётган барча ва ҳар бир ватандошларимизга, уларнинг оила аъзолари ва яқинларига Элчихонага кўрсатган катта кўмаклари учун чуқур миннатдорчилик изҳор этамиз, мустаҳкам соғлик, ўқишларида янгидан-янги зафарлар ва ютуқлар ёр бўлишини тилаймиз”.


Миролим Мансур тайёрлади 

Манба: http://china.mfa.uz/news/12224

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид