130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу.
imon.uz 11-09-2024 160Саҳобаларни
яхши кўриш ва уларни пайғамбарлардан кейин энг афзал инсонлар бўлган, деб эътиқод
қилиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи ҳисобланади. Саҳобалар муқаддас Ислом динини
бутун башариятга етказиш йўлидаги барча машаққатларни зиммаларига кўтарган
ҳамда бу вазифани тўла тўкис адо этган зотлардир. Шунинг учун динини улуғлаган
хар бир мусулмон уларни ҳам улуғлаши лозим бўлади. Улар эришган улуғ мартабага
ҳеч ким эриша олмайди.
Аллоҳ
таоло “Оли Имрон” сурасини 110 оятида:
كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ
لِلنَّاسِ
“Сизлар
одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз”, деб марҳамат қилган.
Бу ояти
каримадаги васф барча умматга тааллуқли бўлса ҳам саҳобаи киромларнинг
барчасига мос келадиган хитоб ҳисобланади.
Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Саҳобаларимни
таҳқирламанглар, жоним қўлида бўлган зотга қасамки, агар сизлардан бирингиз
Уҳуд тоғи мислича олтин сарфласа ҳам, улардан бирортасининг “муд”ига ҳам, унинг
(мудининг) ярмига ҳам эриша олмайди”, деганлар.
Саҳобарнинг
орасида эса энг афзали Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бўладилар. Бу борасида
модуридия мазҳабидаги машҳур уламолардан бўлган Сирожиддин Ўший раҳматуллоҳи
алайҳ ўзларининг “Бадъул амолий” асарида:
“Сиддиқ
розияллоҳу анҳунинг барча саҳобалардан ҳеч эҳтимолликсиз яққол устунлиги
бордир”, деб келтирган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимни
Исломга даъват қилган бўлсам, унда иккиланиш, тараддуд ва ўйланиш ҳоллари
бўлди. Аммо Абу Бакр ибн Қуҳофага Исломга киришни таклиф қилганимда, ўйлаб ҳам
ўтирмади”, деганлар.
Демак
бизлар ҳам Пайғамбаримиз алайҳис салом айтган гапларига сўзсиз амал қиладиган
бўлишимиз даркор.
У киши содиқлик ва ростгўйликни ўзларига
муҳим асос деб олганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Исро ва Меърож
қилганликлари ҳақида одамларга хабар берганларида ҳар ким ўзини ҳар хил тутди
ва ҳар хил гап айтди.
Бир
гуруҳ одамлар Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига югуриб боришди. У
киши хабарни эшитгандан сўнг:
«У зот
шу гапларни айтдиларми?» деб сўрадилар.
«Ҳа»,
дедилар. У киши:
«Агар у
зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар, мен бунга шоҳидлик бераман», деди. Улар:
«Шомга
бир кечада бориб, яна Маккага тонг отмай туриб қайтиб келишига ишонасанми?!» дейишди.
Абу Бакр:
«Мен у
кишининг бундан ғариброқ нарсасини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишини
ҳам тасдиқлайман», деди.
Шундан
кейин у киши Абу Бакр Сиддиқ (ўта тасдиқловчи) деб атала бошладилар.
Бу
ўринда ҳам Пайғамбаримизнинг кўрсатмаларига иккиланмасдан эргашишни ибрат олсак
бўлади.
Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Исломга кирган
кунлари уйларида қирқ минг дирҳам маблағлари бор эди. Мадинага ҳижратга
чиқаётганларида эса беш минг дирҳамдан бошқа ҳеч нарса қолмаган эди. У зот
бор-будларини қулларни озод қилиш ва қийналган мўмин-мусулмонларга ёрдам бериш
учун сарфлаган эдилар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам
Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг саховатларини алоҳида васф қилиб: “Бизга
яхшилик қилган ҳар бир қўлнинг мукофотини бермай қўймадик. Фақат Абу Бакр
бундан мустасно. Унинг бизга қилган шундай яхшиликлари борки, унинг мукофотини
Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Ҳеч кимнинг моли менга Абу Бакрнинг
моли манфаат берганидек манфаат бермаган”, – деганлар (Имом Термизий
ривоятлари).
Демак, биз ҳам
бу зотга ўхшаб, имконимиз борича динимиз ривожи ва юртимиз ободлиги йўлида
молу-давлатимизни сарфласак, жамиятимиздаги етимлар, моддий жиҳатдан қийналган
бева-бечораларга хайру саховат қилсак, айни муддао бўлади.
Бошқа бир ҳадиси
шарифларида Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
﴿ أَرْحَمُ
أُمَّتِي بِأُمَّتِي أَبُو بَكْرٍ ﴾ (رواه الإمام
الترمذي)
яъни: “Умматим
ичида умматим учун энг меҳрибони – Абу Бакрдир”, – дея марҳамат
қилганлар (Имом Термизий ривоятлари).
Расулуллоҳ
саллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Абу Бакрга:
﴿ أَنْتَ صَاحِبِي فِي الغَارِ، وَصَاحِبِي
عَلَى الْحَوْضِ
﴾
яъни: “Сиз ғорда менга ҳамроҳ
бўлганингиздек, Ҳавзда ҳам, ҳамроҳим бўласиз”, – деганлар.
“Иккавлон ғорда
турганларида, у ҳамроҳига: “Маҳзун бўлма, Аллоҳ, албатта, бизбилан”, деди”.
Муҳтарам азизлар! Абу Бакр разияллоҳу анҳу хайрли ишларда
доимо саҳобаларнинг энг пешқадами бўлганлар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан
ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бугун
рўзадор бўлиб тонг оттирди?” – дедилар. Абу Бакр: “Мен”, – дедилар.
Сарвари олам яна: “Ким бугун жанозага қатнашди?” – дедилар. Абу
Бакр: “Мен”, – дедилар. У Зот: “Ким бугун бирор мискинни таомлантирди?”
– деб сўрадилар. Абу Бакр: “Мен”, – дедилар. Пайғамбаримиз: “Ким бугун
бирор касални бориб кўрди?” – дедилар. Абу Бакр: “Мен”, – дедилар.
Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ушбу ишлар қайси бир кишида
жамланган бўлса, у албатта жаннатга киради”, – дедилар (Имом Муслим
ривояти).
Демак, биз ҳам бу зотдан ўрнак олиб, имкон
қадар мазкур савобли ишларни ҳар куни амалга оширишимиз мақсадга мувофиқ
бўлади.
Абу Бакр разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз
алайҳиссаломга энг қаттиқ муҳаббат қилувчи ва энг вафодор саҳобалардан эдилар.
Бунга қуйидаги воқеъа ҳам очиқ далолат қилади. Абу Бакр разияллоҳу анҳу ҳикоя
қиладилар: “Мадинага ҳижрат қилаётган пайтимиз эди. Жуда ҳам ташна эдим. Сут
келтириб, уни Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга узатар эканман: “Ичинг ё
Расулуллоҳ!” – дедим. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам уни ичдилар ва менинг
чанқоғим босилди”. Ушбу воқеада Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз
саллаллоҳу алайҳи васалламни қай даражада яхши кўрганлари, У Зотга нисбатан
нечоғли фидокорликлари намоён бўлади. Киши қай бир инсонни чин дилдан яхши
кўрса, унинг эҳтиёжини ўз эҳтиёжидан устун қўяди. Унга фойда етказишга, ундан
зарарни даф қилишга ҳарис бўлади.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳузуримга Жиброил алайҳиссалом
келдилар ва қўлимдан етаклаб бориб, менга умматим кирадиган жаннатнинг эшигини кўрсатдилар”,
– дедилар. Шунда Абу Бакр разияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳам Сиз
билан бўлиб уни кўришни жуда ҳам истадим”, –деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу
алайҳи васаллам:
﴿ أَمَّا
إِنَّكَ يَا أَبَا بَكْرٍ أوَّلُ مَنْ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مِنْ أُمَّتِي ﴾
яъни: “Эй
Абу Бакр, умматим ичидан жаннатга биринчи кирувчи, албатта, сиз бўласиз”,
– дедилар (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Бир одам учун бундан ортиқ фазилат бўлмаса керак. Аллоҳ таоло барча
умматларга гувоҳ қилган, охирги ва энг афзал уммат бўлган уммати Муҳаммадиянинг
ичидан биринчи бўлиб жаннатга кириши Аллоҳ таолонинг охирги ва энг афзал
пайғамбари томонидан таъкидланган одамдан ҳам афзал одам бўлмаса керак.
Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу доимо ҳалолликка эътибор берганлар,
шубҳали луқмадан ҳам эҳтиёт бўлганлар. Зайд ибн Арқам разияллоҳу анҳу бу ҳақда
шундай дейдилар: “Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг бир қули бўлиб, у ишлаб
бир нарсалар топиб келар эди. Бир кеча ўша қул таом олиб келди. Абу Бакр
разияллоҳу анҳу ундан бир луқма еган вақтида, қул у кишига: “Сизга нима бўлди?
Ҳар кеча мендан олиб келган нарсаларимни қайси йўл билан топиб келганим ҳақида
сўрар эдингиз, бу кеча эса сўрамадингиз?”, – деди.
– Буни
ейишга мени очлик мажбур қилди. Буни қайси йўл билан топиб келдинг? – дедилар Абу Бакр
разияллоҳу
анҳу.
– Жоҳилият
пайтида бир қавм олдидан ўтаётиб, уларга
афсун қилган эдим. Бу хизматимга улар менга ҳақ беришни ваъда қилишган эди.
Бугун уларнинг олдидан ўтиб кетаётсам, тўй бўлаётган экан, ўша ваъда қилган
нарсаларини беришди, – деди қул.
– Мени ҳалок
қилай дебсан-ку, – дедилар ҳазрати Абу Бакр
ва қўлларини оғзиларига тиқиб, қусишга
харакат қила бошладилар. Еган
нарсаси эса чиқмади. У кишига бу нарса фақат сув билан чиқади, дейилди. У киши
бир идишда сув олиб келишларини буюрдилар. Сув
келтирилгач, ундан ичиб қусишга уриндилар. Охири
еган нарсасини чиқариб ташладилар. Шунда у
кишига “Аллоҳ сизга раҳм қилсин, бир луқмани деб шунчалик қиласизми?” – дейишди.
Абу Бакр разияллоҳу
анҳу: “Агар еган
нарсам жоним билан қўшилиб чиқадиган бўлганида ҳам, албатта чиқарар эдим.
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг: “Ҳаромдан
ўсган ҳар бир жасадга дўззах вожибдир!” деганларини эшитганман. Ушбу луқмадан
жасадимда бирор ўсиш бўлиб қолмасин деб қўрқдим”, – дедилар.
Муҳтарам азизлар! Ҳазрати Абу
Бакр разияллоҳу анҳунинг пархезларини кўринг-гу, бугунги бизнинг аҳволимизга
қаранг!