Аллоҳ мақтаган Пайғамбар.

Аллоҳ мақтаган Пайғамбар.

imon.uz 2024-09-06 11:08:15 160

Инсонларнинг иймони мукаммали хулқ гўзалидир. Зеро, Аллоҳ таоло махлуқотнинг саййиди, Ҳақнинг ҳабиби, Одам болаларининг улуғи, чиройли сурат ва фасоҳат ато этилган зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мақташни ирода қилганида, чиройли хулқ билан мақтаб: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” деди. (“Қалам” сураси 4-оят).

Ҳа, гўзаллик Аллоҳга яқин бўлиш воситаси, Ислом ва иймон мартабаларининг энг олийси. Баззор Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсонларнинг Исломи чиройлиси ва иймони мукаммали хулқи гўзалидир”, деганлар.

Ибн Ҳиббон Оиша розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўминларнинг иймони мукаммали гўзал хулқлиси ва аҳлига мулойимидир”, деганлар.

Ислом тўлалигича хулқдир. Мўминларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқини чиройли хулқлиси, инсонга берилган нарсаларнинг яхшиси ҳам гўзал хулқ. Қиёмат куни тарозида чиройли хулқдан оғирроқ нарса йўқ. Аллоҳ таоло адабсиз ва беҳаёларни ёмон кўради. Мўмин киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек бўлиши керак.

Абу Довуд Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, мўмин киши гўзал хулқи билан (кундузи) рўзадор ва (кечаси) қоим бўлувчи даражасига етади”, дедилар”.

Табароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, банда гўзал хулқи билан охират даражаларининг улуғига етади”, дедилар”.

Табароний Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятида: “Гўзал хулқ сув музни эритганидек гуноҳларни эритади. Ёмон хулқ сирка асални бузганидек амалларни фасод қилади”, дейилади.

Зиёдот Разин Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан “Қайси мўмин афзал?” деб сўралди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гўзал хулқлиси”, дея жавоб бердилар. Яна “Қайси мўмин зийракроқ”, деб сўралди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўлимни кўп эслагувчи ва ўлим келишидан олдин яхши тайёргарлик кўргани. Бундайлар зийракдирлар”, деб жавоб бердилар”, деб келган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг гўзал хулқлар билан юборилганларини баён қилганлар. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Албатта, мен муаллим қилиб юборилдим”, дейилади. Бошқа бир ривоятда эса: “Албатта, мен гўзал хулқларни тўкис қилиш учун юборилдим”, деб келган.

Саҳобалардан баъзилари Оиша розияллоҳу анҳодан сўрашди: “Эй мўминлар онаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари қандай эди?”. Шунда бу вафодор завжа розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари Қуръон эди”, деб қуйидаги оятларни ўқидилар: “Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида ўзларини камтар тутувчидирлар. Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар. Улар закотни адо этувчидирлар. Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Бас, кимки шундан ўзгани (ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчидирлар. Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар. Улар намозларини асрагувчи (вақтида адо этувчи)дирлар. Айнан ўшалар меросхўрдирлар. Фирдавс (жаннати)га ворис бўлишиб, улар у ерда (жаннатда) мангу қолувчидирлар. (Мўъминун сураси 1-11-оятлар).

Шундан кейин Оиша розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари шундай (яъни оятларда айтилгандек) бўлган”, деганлар.

Қуйида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи сифатларини келтириб ўтсак:

● Одоб ва тавозелари тўкис, одамларга биринчи салом берар ҳамда суҳбатдошларига тўлиқ юзланар эдилар. Бу ишда катта-ю кичикка бир хил эътиборли бўлганлар. Қўл бериб кўришганларида биринчи бўлиб қўлларини тортмасдилар.

Садақани мискинларга ўз қўллари билан берар эдилар. Бу билан мискиннинг кўнглини шод этардилар. Мажлисга келганларида давра тугаган жойда ўтирардилар.

Оёқларини узатиб ўтирмасдилар.

Ўзлари, дўстлари ва қўшниларининг ҳожатларини раво қилишда ўзлари хизмат қилардилар. Саҳобалардан бирининг туясининг югани тушиб кетди. У юганни олиш учун туядан тушди. Шунда бошқа бир саҳобий: “Менга айтганингизда олиб берардим”, деди. Ҳалиги саҳобий эса: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлардан ҳеч нарса сўрамасликка ўргатганлар”, дея жавоб берди. Қувватимиз бор экан юмушимизни ўзимиз бажариб, ўзимизга ўзимиз хизмат қилайлик. Зеро, бу тавозели бўлиш демакдир.

Табароний “ал-Мўъжамус сағир” китобида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳни кўп эслаган киши мунофиқликдан пок бўлади”, дедилар. У Жобир ибн Абдуллоҳдан қилган ривоятида: “Молининг закотини адо қилган киши очкўзликдан пок бўлади”, дейилган. Бошқа бир ҳадисда: “Юмушини ўзи бажарган киши кибрдан пок бўлади”, деб келган.

Юкларини ўзлари кўтарар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам юкларини бозорга ўзлари кўтариб бориб: “Буни кўтаришга ўзим ҳақлироқман”, дер эдилар. Ҳа, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васламнинг хулқлари. Мана шу хулқ билан саҳобалар дунёни забт этдилар. Улар Исломни яхши тушунганлар. Бўлмаса, Маккаи мукаррамадан чиқа олмас эдилар.

Ҳурнинг ҳам, қулнинг ҳам чақириғини ижобат қилардилар. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: (Қўйнинг) оёғи ёки қўли учун чақирилсам ҳам ижобат қиламан”, деганлар.

Узр сўраганнинг узрини қабул қилардилар. Ҳоким Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Кимнинг олдига биродари узр сўраб келса, у ҳақ ёки ноҳақ бўлса ҳам, уни қабул қилсин”, дедилар.

Либос ва оёқ кийимларини ямар, ўзларига хизмат қилар, туяларини боғлар, уй ишларида аёлларига ёрдам берар эдилар. Баъзилар уй ишларида аёлларига ёрдам беришдан ўзларини катта олиб мутакаббирлик қилишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амалларига зиддир.

Хизматкорлар билан бирга таомланар, камтарона ва назарларини ерга қаратиб юрар эдилар. Аллоҳ таоло айтади: Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда «Саломатлик бўлсин!» деб жавоб қиладиган кишилардир”. (Фурқон сураси 63-оят)

Беҳуда гапларни гапирмасдилар. Гаплари мақсадли ва сукутлари узун эди. Аллоҳ таоло айтади: Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида ўзларини камтар тутувчидирлар. Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар”. (Мўъминун сураси 1-3-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча гапирмас, гапирсалар ҳам маъноли, тушунарли, аниқ ва лўнда гапирардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзи учун ўрнак билган мўмин киши у зот каби бўлишга интилиб, тилини тийиб юради. Имом Молик Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Банданинг қалби тўғриланмагунча иймони тўғри бўлмайди ва тили тўғриланмагунча қалби тўғри бўлмайди”, дедилар”.

Очиқ юзли, беозор, кичик бўлса-да, яхшиликларни кўп ва катта деб билувчи эдилар. Одамларга озор бериб қўймасликлари учун эҳтиёткор бўлардилар. Уларга паст назар ила қарамасдилар, хафа ҳам қилмасдилар.

Қилинган яхшиликларни оз бўлса, кўп ва кичик бўлса, катта ҳисоблардилар. Бир коса сув берганни арзимас эмас, балки катта иш қилган деб билардилар. Шундай одамлар бор, баъзи таомлардан жирканади, арзимас деб билиб, ножўя сўзларни айтади. Бундай кимсалар гўзал хулқ узра эмаслар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни дунё ишлари хафа қилмас, ўзларига нисбатан қилинган ёмонликлар учун ғазабланмас ва ўзлари учун ёрдам сўрамасдилар. “Канзул уммол” китобида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Дунё барқарор эмас, балки ўнқир-чўнқирдир. Хурсандчилик эмас, балки ғам-ғуссали макондир. Ким бу дунёни таниса, енгилликлари учун хурсанд ва қийинчилиларига хафа бўлмайди. Аллоҳ бу дунёни бало ва охиратни оқибат диёри қилди. Дунё балосини охират атосига сабаб ва охират атосини дунё балосидан эваз қилди. Бериш учун олади ва мукофатлаш учун балолайди”.

Ғазаблансалар, бошқа тарафга қарардилар. Хурсанд бўлсалар, ерга қарардилар. Баъзиларнинг феъл-атвори бунинг зидди. Ғазабланганида овозини кўтариб, эшикларни қаттиқ ёпади, идишларни синдиради ва сўкинади. Бундайлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламниг хулқлари ила хулқланмаганлар.

Бирлаштирардилар, ажратмасдилар. Шундай одамлар бор, эридан рози ҳолида осуда ҳаёт кечириб турган синглиси ё опасининг уйига бориб, унинг кам-кўстларини айтади ва эр-хотин орасига низо уруғини сепади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам-чи?! Одамларни бир-бирларидан бездирмас, балки бирлаштирирар, кўнгилни яқинлаштирар эдилар. Ҳамманинг қадрини билар ва шунга қараб қадрлар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Адий ибн Ҳотамни уйларига олиб кетаётганларида, у уйи сарой бир подшоҳ билан учрашаман, деб ўйларди. Йўлда бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тўхтатиб, узоқ вақт ўз ташвишларини гапирди. Адий ибн Ҳотам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бу аёлни гапларини эшитиб турганларини кўриб, “Аллоҳга қасамки, бу подшоҳнинг ишидан эмас” деган фикрга келади. Икковлари уйга киришганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга хурмо пўстлоғи солинган теридан қилинган ёстиқ бериб, ўтиришга буюрдилар. У: “Сиз ўтиринг”, деди. У зот солаллоҳу алайҳи васаллам унга ўтиришини айтдилар. Ниҳоят у ёстиққа ўтирди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ерга ўтирдилар.

Саҳобаларини доим йўқлаб турардилар. Биз ҳам ҳеч бўлмаганда ҳар куни кўриб турган дўстларимиз кўринмай қолса, ҳолидан хабар олишимиз лозим.

Одам одамга иши тушади. Кимларнингдир ҳамма нарсаси бор, қийналмайди. Шу боис бошқалар билан ҳам иши йўқ. Яна кимлар ҳаётда муаммога йўлиқмаган, аммо бошқаларнинг ташвишини қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам одамларнинг ғамини еб, мушкулларини осон қилиш пайида юрардилар.

Яхши ишни яхши  ва ёмонини ёмон дер эдилар. Яхши ишни яхши дейиш лозим. Масалан, бир кишининг айби бўлса-ю, лекин хулқи юксак ва ҳаёт тарзи мусулмонона бўлса, унинг яхши ишларини яхши, ёмонларини ёмон дейиш керак бўлади. Бу борада камайтириш ва бўрттириш тўғри эмас. Баъзида катта гуноҳлар қилиб юрган одамни ҳам яхши кўришади. Гоҳида бир кишини ёмон кўриб, ҳамма яхши ишларини эсдан чиқаришади. Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дўстингизни енгилроқ яхши кўринг. Бир кун келиб у душман бўлиб қолиши мумкин. Душманингизни енгилроқ ёмон кўринг. Бир кун келиб у дўст бўлиб қолиши мумкин”, дедилар”.

Ҳожатмандларни қуруқ қайтармасдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам суҳбатларида бўлган киши у зотга ўзидан кўра яқинроқ одам йўқ деб ўйларди. Бирор нарса сўраб келган одамга ўзларида бўлса берар ва бўлмаса ширин сўз билан кўнглини кўтариб юборардилар.

Қўпол ва адабсиз эмас, балки хушмуомала бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқаларни айбламас, мазах қилмас, уялтирмас ва ҳақоратламас, балки очиқ чеҳрали ва мулойим эдилар. Ёқтирмаган нарсаларига кўп ҳам эътибор қаратмай, гўё билмагандек кетаверардилар. Одамлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга юришда ҳам, туришда ҳам, гапиришда ҳам тақлид қилишарди.

Саҳобалар кулса кулар ва ноўрин гапга сабр қилардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўстлари билан яшар, улар кулcа кулар, ажабланган ишларда ажабланар ва бошқаларнинг жафоларига сабр қилардилар.

Бир киши Расулуллоҳ соллалллоу алайҳи васалламга: “Эй Муҳаммад, менга бу молдан бер. Чунки бу мол сеники ҳам, отангники ҳам эмас” деди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўғри айтасан, бу Аллоҳнинг моли”, дедилар.

Бир марта бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларидан тортганида муборак бўйинларида изи қолди. У зот унинг озорига сабр қилдилар.

Бирор кишининг гапини бўлмасдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хислатлари ҳақидаги гаплар китобларга сиғмайди, йиллар маъруза қилинса ҳам тугамайди, лекин буни Аллоҳ таоло қисқа қилиб бир неча калималар билан ифодалаган:

Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”. (“Қалам” сураси 4-оят).

 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид