АСР ВАҚТИНИНГ СИРИ

АСР ВАҚТИНИНГ СИРИ

imon.uz 24-12-2024 14

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин

«(Беш вақт фарз қилинган) намозларни, 

Хусусан, ўрта намозни сақлангиз (ўз вақтида ўқингиз)»

Бақара сураси, 238-оят.

“Аср намози киши руҳи ва баданига таъсир  қиладиган кўпгина касалликларга даводир”.

Бу фикр Қоҳирада бўлиб ўтган Қуръони каримнинг тиббий ҳақиқатларига бағишланган халқаро анжуманда айтилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, аср намози гипертония (хафақон, қон босими юқори бўлиши), асаб бузилиши, ўта семизлик, церроз, одатланган ҳомила тушиши, жинсий қобилиятсизлик, дисминория (оғир ҳайз кўриш), псориаз, катаракта, астма ва мигрен (бош оғриғи) каби касалликлага даводир.

Доктор Зубайр Карамий “ал-Арабия” журналида чоп этилган мақоласида Қуръони каримда “Ўрта намоз” дея зикр қилинган ва Исломнинг улуғ мўъжизаларидан бўлган аср намози ҳақида қуйидагиларни келтиради: «Бу намоз ҳақида Қуръони каримда икки ўринда зикр этилган. Биринчиси, Бақара сураси 238-оят: “(Беш вақт фарз қилинган) намозларни, хусусан ўрта намозни сақлангиз (ўз вақтида ўқингиз) ва (намозда) Аллоҳга бўйин сунган ҳолатда (камтарлик билан) турингиз!”

Иккинчиси, “Аср билан қасамёд этурман” (Аср сураси, 1-)оятидир. Баъзи тафсирларда бу оятдаги “Аср” сўзидан аср намози вақти назарда тутилган, дейилган. “Қачон Қуръондаги бу оятни ўқисам, айниқса, аср намозига алоҳида урғу берилгани ҳақида тафаккур қилсам, таажжубга тушаман...»

Доктор Карамий миядаги биологик соат билан аср намози орасидаги синхронлик (бир вақтда содир бўлиш) мавжудлигини айтади. Бирор шошилинч ҳолатга дуч келган кишида кортизон ва адреналин деб аталмиш икки гормон ишга тушади. Мазкур икки гормон биологик соатга кўра, турли вақтларга тақсимланган. Бизга, биринчи ўринда, зарур бўлган гормон адреналиндир.

Доктор Карамий адреналин таъсирларини қисқача бундай ифодалайди: “Адреналин пульс (юрак уриши)ни тезлатади, қон томирларини торайтиради, юқори қон босимига, кўп терлаш ва сўлак ишлаб чиқарилишига сабаб бўлади. Шунингдек, у қонда лейкоцитлар сонини орттиради. Зарурат бўлмаганда бутун баданни доимий ва кучли фаолиятга тайёрлайди ҳамда охирида барча вазифалар учун баданни нормал ҳолатга қайтаради”. 

Бироқ адреналиннинг хавфли томони ҳам бор. Зеро, у кучли тоқатсизланиш ва қайталанувчи қўрқув “психосомаик” деб номланувчи жиддий касалликка сабаб бўлиши мумкин (тоқатсизланиш ва қўрқув онларида адреналин ишлаб чиқариш ортади. Мунтазам равишда бундай ҳолат содир бўлиши ёки тез-тез такрорланиб туриши “психосоматик касалликлар” гуруҳига кирувчи турли хасталикларга йўл очиши мумкин). Хавф-хатар ва ғам-ғусса каби ҳолатлар юқорида айтилган реакцияларни юзага келтиради. 

Доктор Карамий айтади: “Қондаги адреналин гормони ортишининг, юқорида санаб ўтилган касалликларга (гипертония, асаб бузилиши ва ҳоказо) йўл очувчи энг муҳим омил эканини аниқладик”. 

Хўш, аср намози бу гормонга қандай таъсир кўрсатади?

“Бу намоз, дарҳақиқат, кучли таъсирга эга. Аср намози санаб ўтилган касалликларга сабаб бўладиган адреналин гормони миқдорини туширишга ёрдам беради”, дейди ва яна шуларни илова қилади доктор Карамий: “Бу гормон инсон танасида айнан соат 15–17 ларда, яъни аср пайти ортиши аниқланган”.

Доктор Карамий чиқарган хулоса бундай: “Аср намози руҳий озуқамиз бўлиши билан бир қаторда, бизни тиббий жиҳатдан ҳам муҳофаза қилувчи қалқондир”.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид