АСРЛАРГА ТАТИГУЛИК АМАЛ. (2)

АСРЛАРГА ТАТИГУЛИК АМАЛ. (2)

imon.uz 2024-08-21 03:29:07 175

Бу таржима ва тафсир ўзидан аввалги уламоларнинг ютуқ ва тажрибаларини ўзлаштириб, сингдирган ҳолда мутлақо янгича, ўзига хос услуб билан битилгани диққатга сазовордир.

Асарда муқаддима ўрнида берилган “Руҳ ва тил” номли мақолани ўқигач, бу ўзига хосликни ҳар бир китобхон дарҳол англайди.

Устоз олим ушбу тафсирни ёзишда, ўтган уламолар йўлидан бориб, таржима жараёнида уларнинг асарларидан иқтибослар келтирган, шу билан бирга аввалги таржима ва тафсирларда айтилмаган янги маъно ва изоҳларни келтирган.

Ушбу таржима ифода ва баёндаги тежамкорлик, оддийлик, халқчиллик сифатлари билан олдинги тафсирлардан ажралиб туради.

“Таржима сифатини яхшилашга доир фикр-мулоҳазалар мамнуният билан қабул қилинади”, дейилади китоб сўзбошисида.

Китобнинг ўзига хослиги китоб дебочасида берилган қуйидаги эътирофда яққол ифодаланган: “Оятларга доир изоҳнинг ҳаммаси саҳифа охирида берилди. Унинг бир қисми арабча, ўзбекча, туркча, русча ва немисча тафсиру таржималардан айнан ёки қисқартириб олинди. Изоҳнинг асосий қисми оят мазмун-маъносини тушунишга кўмак берадиган лисоний ҳодисаларга бағишланган… Ҳақиқат қиёсда аён бўлади дейилганидек изоҳларда айрим оятдаги сўз, шакл, бирикма, гап ёки иборанинг таржимаси бошқа ўзбекча, шунингдек хорижий тиллардаги таржималар билан қиёслаб борилди. Бунда Қуръони карим таржимасида катта тажриба тўпланганидан немисча, русча, туркча нашрларга тез-тез мурожаат қилдик”.

Китобда илмий омонатдорликка риоя қилинган, ҳар бир иқтибос, илмий далил кейинида унинг муаллифи, манбаси, ўрни аниқ қилиб кўрсатилган.

Таржима жараёнида ўзбек ва араб тилларига бирдай хос бўлган тежамкорлик, ихчамлик, оддийлик сифатлари яққол намоён бўлган.

Мана биргина мисол:

Қуръони каримдаги илк сура бўлмиш Фотиҳа сурасининг маъно таржимасини ўқиймиз:

1.  Бутун оламнинг парвардигори,

2.  меҳрибон, раҳм-шафқатли

3.  ва қиёмат кунининг эгаси Аллоҳга беҳисоб ҳамду сано бўлсин!

4.  Сенгагина ибодат қилиб сендангина мадад сўраймиз.

5.  Бизни тўғри йўлга бошлагин

6.  ўзинг неъмат берган зотларнинг йўлига,

7.  ғазабингга учраган ва адашганларнинг йўлига эмас!

Сура маъно таржимасида жами 36 та сўз кулланган. Ушбу суранинг Шайх Алоуддин Мансур таржималаридаги сўзлар сони 43 та бўлиб чикди. (Биз сура бошидаги бисмиллоҳ ояти таржимасини ва қавс ичида берилган изоҳ сўзларини ҳисобга қўшмадик. Ундан ташқари Шайх Алоуддин Мансур бисмиллоҳни Мусҳафи Шариф расми хати анъанасидан келиб чиқиб 1-оят деб кўрсатганлар. Кўп уламолар, хоссатан юртимиз муфассирлари “Алҳамду” билан бошланувчи оятни Фотиҳа сурасининг 1-ояти эканлигига иттифок килганлар).

Шайх Муҳаммад Содиқ таржималаридаги сўзлар сони 41 та бўлиб чиқди.

Шайх Абдулазиз Мансур таржималаридаги сўзлар сони эса 35 та экан.

Кўриб турганимиздек, таржима жараёнида сўзларни ўринли қўллаш, қавс ичидаги изоҳлардан фойдаланиш, таржимани арабий матнга якинлаштиришда муаллифлар ҳар хил йўл тутган. Албатта, бир тафсирни бошқасидан афзал дейишдан мутлақо йироқмиз. Уларнинг ҳар бириси юксак илм ва меҳнатнинг меваси ўлароқ аъло даражадаги зукколик ила битилган. Шунинг учун уларнинг ҳар бирида бошқаларида учрамайдиган кўплаб фойда, ҳикматлар бор. 

Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, бу ажойиб таржима ва тафсирлар она тилимизда қанча кўп ёзилса шунча яхши. Бу орқали Каломуллоҳ маънолари Қуръон маъноларига ташна халқимиз томонидан шунча кўп ва хўп англанаверади. 

Зотан, ҳар бир тафсир боғда очилган бир гулдек бўлиб, ҳар бирининг айрича таровати, ранг ва хуш бўйи бор. 

Устоз олим Азизхўжа Иноятовга ҳам бу бебаҳо илмий туҳфалари учун китобхонлар номидан чексиз миннатдорчилик, ташаккуримизни билдирамиз. Оллоҳдан устозимиз ҳақларига дуо қилиб сўраймизки, бизга ушбу мухтасар маъно таржимани армуғон қилганларидек, келажакда яна-да каттароқ, муфассалроқ тафсирни битиб, биз мухлисларига совға қилсалар. Зотан, Оллоҳ берган неъматлар ичида Қуръон, тафсир илмига етадиган баракотли илм йўқ. 

Аллоҳ Каломи Шарифида шундай дейди:

“Сен “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!” – деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар”. 

(Зумар сураси, 9-оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф таржимасидан олинди).

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид