130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
БЕДОРЛИКНИ ЕНГИЛЛАШТИРУВЧИ ОМИЛЛАР.
imon.uz 2024-08-30 12:58:48 167«Қиёмул лайл» осонлаштирувчи омилларни ишга солинмаса жуда ҳам қийин ишдир. Мазкур омилларнинг зоҳирийси ва ботинийси бор.
Зоҳирий омиллар қуйидагилар:
- Кўп емаслик.
Баъзи машойихлар: «Эй муридлар жамоаси! Кўп еманглар. Унда кўп ичиб, кўп ухлаб қоласизлар ва кўп ютқазасизлар», деган.
- Кундузи ўзини оғир ишлар билан чарчатмаслик.
- Кундузи ухлаб олинса «Қиёмул лайл» осон бўлади.
- Гуноҳлардан четда бўлиш. Суфён Саврий, биргина гуноҳ туфайли беш ой «Қиёмул лайл»дан маҳрум бўлдим, деган.
Ботиний омиллар қуйидагилар:
- Аллоҳ таолонинг муҳаббати.
Мурид «Қиёмул лайл»да Роббиси ила муножотда бўлишига ва Унинг ҳузурида бўлишига иймони кучли бўлса иш осонлашади.
Абу Сулаймон раҳматуллоҳи алайҳ: «Қеча аҳли қечаларида, кўнгилхши аҳлининг кўнгилхушидан кўра кўпроқ лаззат топадилар. Агар кеча бўлмаганидан бу дунёда қолишни истамасдим», деган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ҳар кечаси туннинг аввалги учдан бири ўтганда нозил бўлур ва: «Мен-подшоҳман, Мен-подшоҳман, Менга дуо қиладиган борми, уни қабул қилайин, Мендан сўрайдиган борми, унга берайин, Менга истиғфор айтадиган борми, уни мағфират қилайин», дейди. Токи фажр ёришгунча шундоқ давом этади», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Муслимнинг лафзида: «Кечасида бир соат бордир. Мусулмон одам Аллоҳдан дунё ва охират ишидан яхшилик сўраган ҳолида мувофиқ келиб қолса, албатта, мазкур нарсани унга беради. Ҳар кеча шундоқ», дейилган.
- «Қиёмул лайл»нинг фазлини билиш.
- Қалби мусулмонларга нисбатан саломат ва бидъатлардан холи бўлиши ҳамда ортиқча дунёга қизиқмаслик.
«Қиёмул лайл»нинг даражалари бир нечта:
1. Кечанинг ҳаммасини бедор ўтказиш.
Буни салафлардан бир жамоаси қилганлар.
2. Кечанинг ярмини бедор ўтказиш.
Буни ҳам бир жамоа салафлардан ривоят қилинган. Бунда энг яхшиси кечанинг биринчи учдан бирида ва охирги олтидан бирида ухланади.
3. Кечанинг учдан бирини бедор ўтказиш.
Бу Довуд алайҳиссаломнинг бедорлиги бўлиб, унда кечанинг аввалги ярмида ва охирги олтидан бирида ухланади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга энг маҳбуб намоз Довуд алайҳиссаломнинг намозидир. Аллоҳга энг маҳбуб рўза Довуднинг рўзасидир. У кечанинг ярмини ухлар, учдан бирини қоим бўлиб ўтказар ва олтидан бирида ухлар эди. Бир кун рўза тутиб, бир кун оғзи очиқ бўлар эди», дедилар». Учовлари ривоят қилган.
Кечанинг охирида ухлаш маъқул. Унда эрталаб мудроқнинг асари юздан кетади ва юз сарғаймайди.
4. Кечанинг олти ёки бешдан бирини бедор ўтказиш.
Мазкур «Қиёмул лайл» охирги ярмида бўлгани маъқул деганлар.
5. Ўлчовни риоя қилмасдан «Қиёмул лайл» қилиш.
Бу жуда ҳам қийин услуб. Бу хилни икки услуб билан амалга оширганлар.
Биринчиси кечанинг аввалида уйқуси келгунча бедор бўлиб, кейин ухлаган. Сўнг уйғонганда турган. Яна уйқуси келса, ухлаган. Албатта, бундай қилиш осон эмас. Аммо салафлардан баъзилари шундай қилганлар.
Заҳҳок раҳматуллоҳи алайҳ: «Кечаси узоқ ётишдан Аллоҳ таолодан ҳаё қилган қавмларни кўрганман», деган.
Иккинчиси кечасининг аввалида ухлаб олиб, қолганида бедор бўлиш.
6. Икки ёки тўрт ракъат намоз ўқигудек муддатда бедор бўлиш. Буни ҳам «Қиёмул лайл» деб айтилади.
Абу Ҳурарйра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон эр кечаси ўз аҳлини уйғотиб, икковлари бир бўлиб икки ракъат намоз ўқисалар зокир ва зокиралар қаторига ёзиладилар», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.