БЕМОРЛИК АСЛИДА НЕЪМАТ

БЕМОРЛИК АСЛИДА НЕЪМАТ

imon.uz 20-09-2024 129

Соғликни йўқотиб, бемор бўлганда кўпинча тақдиримиздан нолиб қоламиз. Ҳатто «қайси гуноҳим учун бу дардга чалиндим», деб ношукрлик қиламиз. Бунданам ёмони, бирор душманимиз оғир дардга чалинса ич-ичимиздан севиниб кетамиз. Гўё, бизга душманлик қилгани учун Аллоҳ уни шу дардга мубтало қилган деб ўзимизга юқори бино қўямиз. Буларнинг ҳаммаси бизнинг эътиқодимиз сустлиги ва Аллоҳни яхши танимаслигимиздандир.

Шуни яхши билишимиз керакки, дард Аллоҳнинг суюкли бандасига берилади. Мўминни танасига етган алам унинг гуноҳларига каффорат бўлади. Мўмин одам оғирми ё енгилми дардга чалинганда Аллоҳга шукр келтириши, Аллоҳ унинг гуноҳларини ўчиришни истаб шу дардни берганини тўғри англаши керак. Беморлик мусибати бандага тавба ва истиғфор эшикларини очиб беради. Соғлигини, ҳаловатини йўқотган дардкаш соғлом одамга нисбатан кўпроқ Аллоҳни ёдга олади. Гуноҳларига пушаймон бўлади. Бу билан Аллоҳнинг марҳамита ноил бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу маъноларни тасдиқловчи кўплаб ҳадисларни келтириш мумкин:

ما يزال البلاء بالمؤمن والمؤمنة في نفسه وولده وماله حتى يلقى الله تعالى وما عليه خطيئة

Мўмин ва мўмина аёлнинг боши ҳеч балодан чиқмайди. Жонига, боласига, молига турли балолар узлуксиз учраб туради. Ҳатто у Аллоҳга бирорта ҳам гуноҳи қолмаган ҳолда йўлиқади. (Бухорий. Адаб ал-муфрад. 494).

Мазкур ҳадисни имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ “Беморлик гуноҳларга каффорат” бобида келтирган. Ҳадисга кўра, Аллоҳ таоло мўминларни шу дунёда турли балолар билан имтиҳон қилиб туради. Кимнидир танасига дард етади. Яна кимдир фарзандидан мусибатга учрайди. Кимдир молиявий йўқотишга учраши мумкин. Буларнинг ҳаммаси ўша бандаларнинг гуноҳларини ўчирувчи каффорат бўлади. Ҳаёти поёнига етиб Аллоҳнинг хузурига борганда эса, дунёда тортган мусибатлари эвазига Аллоҳ уни поклаб қўйган бўлади.

Яна бир ҳадисда эса бундай дейилган:

ما من مسلم يصاب بمصيبة وجع او مرض إلا كان كفارة ذنوبه حتى الشوكة يشاكها او النكبة

Бирор мусулмонга етган мусибат, оғриқми ё беморлик бўлсин у албатта гуноҳларига каффорат бўлади. Ҳатто танасига кирган тикон ёки ташвиш ҳам. (Бухорий. Адаб ал-муфрад. 498).

Имом Бухорий келтирган юқоридгаи ҳадисларга кўра айтиш мумкинки, беморлик аслида мўмин бандасга неъмат ўлароқ берилади. Кимгадир ёмонлик қилгани учун, ёки Аллоҳнинг ғазабига гирифтор бўлгни учун эмас экан.

Манба Ahlisunna.uz

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид