Бирдамлик ва ихтилофдан сақланиш фарзлардан бири

Бирдамлик ва ихтилофдан сақланиш фарзлардан бири

imon.uz 04-07-2021 352

Аллоҳ таоло мусулмон жамиятига ўзаро бирликни сақлаш ва турли фирқаларга ажралиб кетишдан сақланишни фарз қилди. Қуръони Каримда: “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва ажралиб кетманг” (Оли имрон, 103).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Набий соллаллоҳу алайҳи вассалам: ”Ўзаро бир-бирингиздан нафратланманглар, бир-бирингизга ҳасад қилманглар, бир-бирингизга душманлик қилманглар, Аллоҳнинг ўзаро биродар бўлган бандалари бўлинглар, мусулмон кишига ўз биродарини уч кундан ортиқ ташлаб кетиши ҳалол эмас.” (Бухорий ривояти)

Набий соллаллоҳу алайҳи вассалам яна бир ҳадисда: ”Ихтилоф қилманглар, чунки сизлардан аввалгилар иҳтилоф қилдилар ва шу сабабдан ҳалок бўлдилар.” Мана шу ерда бир савол пайдо бўлади: “Нега унда ҳозирги ва аввалги уламолар турли масалаларда ихтилоф қиладилар, ахир ҳаммалари келишиб бир умумий мазҳаб тузиб олсалар, бўлмайдими?”

Биринчидан, ихтилофнинг келиб чиқиши сабаби икки ҳил бўлади: Биринчиси, ахлоқий ихтилоф. – Бу турдаги ихтилофнинг сабаби ахлоққа бориб тақалади. Инсон ўзининг фикрида қатъий туриб олиши оқибатида бошқанинг гапини умуман қабул қилмайди, эшитиб ҳам кўрмайди. Лекин кўп ҳолларда икки тортишаётган мусулмоннинг назарда тутаётган фикри бир хил бўлиб, унга таъриф беришда турлича ёндашилган бўлади, шунинг оқибатида биринчи тоифа иккинчи тоифа назарда тутаётган нарсанинг умуман тескарисини тушуниб олади. Бунинг сабаблари:

ўз нафсида ғурурга кетиш;

– бошқалар борасида ёмон гумон қилиш;

– ўзини яхши кўриш ва ҳавои нафсга берилиш;

– маълум шахсларнинг гапларига мутаассиб бўлиш.

Буларнинг барчаси ахлоқий разилатлар бўлиб, инсонни ҳалокатга олиб борувчи сифатлардан ҳисобланади. Иккинчидан, фикрий ихтилоф. Бу турдаги ихтилофнинг сабаби турли инсонларнинг қарашлари ҳам турли бўлишига олиб келади. Масалан, бир олимнинг наздида муайян ҳадис саҳиҳ, ҳужжатланишга яроқли деб топилса, айнан ўша ҳадис бошқа олимнинг наздида заиф, ҳужжат олишга яроқсиз деб топилади.

Айнан мана шу сабабдан фиқҳий мазҳабларда ихтилофлар юзага келади. Мисол учун, бирор бир олим наздида бирор масалада “жоиз” деган фатво берилган бўлса, лекин айнан шу масалада “жоиз эмас” деган саҳиҳ ҳадис келган бўлса, бу нарса ўша олимнинг илми заиф ёки ҳадисдан ҳужжат олишни билмайди, деган маънони англатмайди.

Юқорида айтилганидек, ўша масалада келган ҳадис ўша олим наздида ҳужжат олишга яроқсиз деб топилган ёки у ҳадисда “бошқа нарса назарда тутилган” деган хулосага келган бўлиши мумкин. Масалан, ояти каримада: “ёки аёлларни ушлаган бўлсангиз ва сув топа олмасангиз, пок тупроқ ила таяммум қилинг” (Моида, 06) бу оятда Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ “ушласангиз” маъносини тўғри олиб, аёл кишини ушлаш билан таҳорат бузилади, деганлар.

Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ эса “ушласангиз” сўзининг маъноси “жимоъдан киноя” деб айтганлар, бу аёл кишини ушлаш билан таҳорат бузилмаслигини билдиради. Кўриниб турибдики, ҳеч бир имом илм жиҳатидан заифҳол эмас, балки бундан икки имомнинг ҳам илми нақадар кучли эканлиги билинади.

Намозда қўлни кўтариш, Басмалани жаҳрий ёки махфий қилиш ҳам шу каби кичик ихтилофлардан ҳисобланади, қайси бир имомнинг фикрига эргашса ҳам гуноҳкор бўлмайди. Хўш, энди иккисини қилиш ҳам хато ҳисобланмайдиган масалада бир мусулмонни айблаш, ҳақоратлаш қанчалар гуноҳ бўлар экан! Бор илмларини сарфлаб, ижтиҳод қилиб бу масалани ечган олимни ерга уриш-чи, нақадар катта гуноҳ бўлар экан!

Ахир Аллоҳ таоло ижтиҳод қилиш шартларини ўзида жамлаб (Қуръони Карим, ҳадис, араб тили илми, усулул фиқҳ ва шу каби илмларни мукаммал билиш), бир масалада ижтиход қилган олим ижтиҳодида тўғри топса, икки ажр, хато қилса, бир ажр ваъда қилган бўлса. Демак, биз оддий инсонлар бир мазҳабга эргашсак, бошқа мазҳабга эргашган мусулмонни ерга уришимиз, ҳақоратлашимиз умуман жоиз эмас экан.

Мана шу сабабдан мусулмон уммати ажралиб кетиши эса, энг катта гуноҳлардан ҳисобланади. Саҳобалар даврида мана шундай ихтилофлар кўп бўлган, лекин бу нарса уларнинг бирлигига умуман таъсир қилмаган, балки бир-бирларига ниҳоятда ҳурмат ва улфат ила муомала қилишган.

Миролим Мансур  тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид