130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги

БУЗҒУНЧИ ОҚИМЛАРНИНГ СОХТА ДАЪВОЛАРИГА РАДДИЯЛАР
Mimon.uz 2021-11-16 04:30:47 312Диний билими ўта саёз, турли фитна-фасод қўзғайдиган фикрлар ва ғояларни содда халқ онгига сингдиришга уринадиган чаласавод кимсаларга эргашиб кетмасликлари учун ёшларни тўғри йўлга солиш ва ҳушёрликка чорлаш, айниқса, биз уламолар, имом-хатибларнинг асосий бурчимиздир.
Хорижийлар, қадарийлар, муржиийлар, рофизийлар, жаҳмийлар ва мўътазила каби фирқа ва оқимлар Исломнинг илк асрларида юзага келган бўлса, ХХ ва ХХI асрларда ҳизбут таҳрир, нурчилар, салафийлар, жиҳодчилар, такфирчилар ва ҳижратчилар каби ўнлаб адашган оқимлар пайдо бўлиб, дунё мусулмонлари ўртасида бузғунчилик қилишяпти. Турли жанжаллар, низолар чиқишига сабаб бўлмоқда.
▪️Ҳижрат масаласи
Ҳижрат икки хил бўлади. Биринчиси: дин ва ҳаёт муҳофазаси йўлида амалга ошириладиган маконий ҳижрат бўлиб, унга тааллуқли бир қатор оят ва ҳадислар ворид бўлган. Аллоҳ таоло бундай дейди:
“Зулму қийноқларга дучор бўлганларидан сўнг Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган зотларни, албатта, бу дунёда ҳам гўзал (гўшаларга) жойлаштирурмиз. Энди охират ажри мукофоти янада каттароқ эканини (одамлар) билсалар эди!” (Наҳл, 41).
Шу мазмундаги оятлар Нисо (100-оят), Анфол (74-оят), Наҳл (110-оят) сураларида бор.
Иккинчиси: гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш. Шу маънодаги ҳижрат тўғрисида Пайғамбаримиз Муҳаммад бир қатор кўрсатмаларни баён қилганлар. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда У зот: “Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, дейдилар. Имом Байҳақий Ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда: “Ҳижратнинг энг афзали – Раббинг ёмон кўрган нарсани тарк этмоғингдир”, дейилади.
Бузғунчи кучлар таассубга берилган шахсларни дунёнинг нотинчлик ҳукм сурган ва ўзлари қўним топган минтақаларига жамлаш ва шу орқали режалаштирилган геосиёсий мақсадларни амалга оширишга интилмоқда. Хусусан, улар илм ва маърифатдан йироқ, жоҳил кимсаларни Ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, хуллас, Исломнинг беш аркони эмин-эркин адо этиладиган, мусулмонлар тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанни тарк этишга тарғиб қилмоқдалар. Ваҳоланки, она юртини ташлаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига зид экани барчага маълум.
Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади: Расулуллоҳнинг ҳузурларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ, мен ота-онамни йиғлаган ҳолида ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, дейди. У зот эса: “Ота-онангнинг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб берадилар (Абу Довуд ривояти).
Интернет материаллари асосида
ЎМИ Жиззах вилоят вакиллиги матбуот котиби
Усмонали Оролов тайёрлади