Эҳсон қилганга Аллоҳ эҳсон қилади

Эҳсон қилганга Аллоҳ эҳсон қилади

imon.uz 30-12-2019 699

Аллоҳ таоло:

«Сизлардан бирингизга ўлим келиб, «Эй Роббим, агар мени оз муддатга таъхир қилиб турсанг-да, садақа қилиб солиҳлардан бўлиб олар эдим», дейишидан олдин Биз сизга ризқ қилиб берган нарсадан инфоқ қилиб қолинглар», деган (Мунофиқун, 10).

Ёшликда, куч-қувват борида ибодатларни ўрнида адо этиб, садақаларни қилиб, аҳли солиҳлардан бўлиб олинса ўлим элчиси эшик қоқиб келганида Аллоҳга ёлвориб «мени бир оз ўлдирмай тургин, садақа қилиб, аҳли солиҳдан бўлиб олай», деб ялинишга мажбур бўлинмайди. Шу боис, вақтида Аллоҳ таоло берган ризқдан жойини топиб инфоқ қилиш лозим. Кейин эса кеч бўлади.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир мусулмон зиммасида садақа бор», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, топмаган одам-чи?» дейишди.

«Қўли билан ишлаб топиб, ўзига манфаат келтиради ва садақа қилади», дедилар.

«Агар  (унга имкон) топмаса-чи?» дейишди.

«Музтар – ҳожандмандга ёрдам беради», дедилар.

«Агар (унга ҳам имкон) топмаса-чи?» дейишди.

«Маъруф ишни қилсин ва ёмонликдан тийилсин, албатта, ўша ҳам унинг учун садақадир», дедилар».

Бу ҳадиси шарифдан малум бўладики ҳар бир мусулмон инсоннинг ким бўлишидан қатъи назар садақа қилиш имконияти мавжуд.

Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло: «Эй Одам боласи, инфоқ қил, Мен сенга инфоқ қиламан», деб айтади», дедилар».

Имом Бухорий ривоят қилган.

Демак, берган олади. Бандалардан қай бири бош­қа бандаларга инфоқ қилса, Аллоҳ таоло ўша бандага Ўз хазинасидан беради. Бу умумий қоида, кимки шу қоидага амал қилса, кам бўлмайди. Чунки у Аллоҳнинг хазинасига боғланиб қолган бўлади.

Имом Молик «Муватто» китобида қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳо рўза тутиб ўтирган эканлар, бир одам таом сўраб келибди. Уйларида бир дона нондан бошқа нарса йўқ экан. Ходима аёлга:

«Нонни унга бер», дебдилар. Шунда ходима:

«Ифторингиз учун ҳеч нарса йўқ-ку!» дебди.

Оиша розияллоҳу анҳо яна: «Нонни унга бер!» дебдилар.

Ходима айтади:

«Шундоқ қилдим ҳам. Кечқурун эса бир одам бизга бир қўйнинг қўлини ҳадя қилди. Оиша розияллоҳу анҳо мени чақириб:

«Ол! Бундан егин! Бу сенинг нонингдан яхшироқ», дедилар».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бир аёл уйидаги таомдан исроф қилмай инфоқ қилса, унга инфоқ қилган нарсаси туфайли ажр бўлур. Унинг эрига касб қилгани туфайли ажр бўлур. Хазиначига ҳам ўшанинг мислича (ажр) бўлур. Баъзилари баъзиларининг ажридан ҳеч нарсани ноқис қилмасалар», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда қилинган инфоқ туфайли ажр оладиган кишилар доираси анча кенг эканлиги баён қилинмоқда. Аёл киши уйидаги таомдан инфоқ қилса, ажру савоб фақат ўзига эмас, балки унинг эрига ҳам тегар экан. Чунки одатда, таомнинг масаллиғи учун эр хизмат қилган бўлади. Шунингдек, у таомни сақлаб турган уйдаги хизматчи-омборчига ҳам ўзига яраша ажр тегади. Хотинга инфоқ қилгани учун, эрга топиб келгани учун, ходимга сақлаб тургани учун, хуллас, ҳаммага ўзига яраша ажр берилади.

Аёлга бир шарт бор экан. Инфоқ қилганда ҳаддан ошириб исроф қилмаслиги керак экан. Чунки исрофгарчилик аёлларнинг табиатида бор нарса. Ёки умуман инфоқ қилмай мумсик бўлишади ёки инфоқ қилса исрофга йўл қўйишади. Мўмина-муслима аёллар эса, ўртамиёна инфоқ қилишлари керак экан.

Кўриниб турибдики, инфоққа ўз ҳиссасини қўшиш билан ҳам ажр-савобга эришиш мумкин экан. Ана ўшанга ҳаракат қилиш керак. Қолаверса, инфоқнинг йўли тўсилиб қолишига сабабчи бўлиб, гуноҳга қолмасликка уриниш керак.


Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Жиззах вилоят вакиллиги матбуот котиби Усмонали ОРАЛОВ 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид