130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ЭР-ХОТИН БУРЧЛАРИ ВА МАСЪУЛИЯТИ
imon.uz 23-12-2019 1209Аллоҳ
таолонинг номи билан ва Пайғамбар алайҳиссаломпинг суннатларига мувофиқ никоҳ
ришталари орқали ҳаётларини бир-бирига боғлаган эр-хотин ўзаро ҳурмат-эҳтиром
кўрсатиб, чинакам одобга риоя қилганларида, турмушлари саодатли кечади,
оилалари ҳақиқий фароғат қасрига айланади. Хабарларда: «Дунё
ҳузурбахш нарсадир, ундаги энг яхши ҳузурбахш нарса солиҳа аёлдир», дейилган.
Эр ва хотин
муносабатлари, бахтли, тотув ҳаёт кечириш йўллари, қандай қилса оиладаги
келишмовчилик ва ихтилофларга барҳам бериш мумкинлиги ҳақида китоб ёзмаган,
насиҳат қилмаган одам қолмаган ҳисоб. Шундай бўлса-да, бу
масала ҳамиша долзарблиги, муҳимлигича қолиб келяпти. Чунки ҳар икки томон ҳам
икки айрим жинсдаги, икки айрича феъл-атворли шахслар бўлгани учун, оила
тинчлиги, тотувлиги ва муносабатлар уйғунлигини таъминлаш учун икковлари ҳам
«мен»ларини, шахсий манфаатларини, худбинликларини бир четга суриб туришлари
лозим. Оила саодатига эришиш учун муросага ўтишлари, эр-хотинлик одобларига
қаттиқ риоя қилишлари зарур бўлади.
Пайғамбар алайҳиссалом
суюкли қизлари Фотимаи Заҳрони турмушга бергач, уни ҳазрати Али хонадонига
кузатаётганларида, бундай насиҳат қилганлар:
«Қизим,
ўзингни ҳамиша озода тут, Роббингни зикр қил ва вужудингни сув билан покла. Эринг
сенга боққанда хурсанд бўлсин. Кўзларингга сурма қўй, чунки у аёлларга
зийнатдир. Бошингга зайтун мойидан сурт, чунки зайтун мойи суртган аёлга шайтон
яқинлашмайди.
Эй Фотима,
эринг сенга қараганида, кўзларингни юмма, токи муҳаббатинг кучайсин. Эринг
бошқа тарафга қараган пайтда унинг юзига боқ, бу билан бир ой рўза тутганлик
савобини оласан.
Эй Фотима, эринг сени ётоққа чақирганида
рад этма. Бундай қилсанг, Аллоҳнинг лаънатига қоласан. Эй Фотима, яқинлик
пайтида қувноқ бўл, токи эрингнинг муҳаббати ортиб, бошқага кўнгил қўймасин.
Эй Фотима,
эрингнинг камчиликларини, айбини бировга айтма, бундай қилсанг, Аллоҳнинг,
Пайғамбарнинг, фаришталарнинг ва эрингнинг нафратига учрайсан. Сен уй
юмушларини бажар, эринг эса уйдан ташқаридаги ишларни қилсин. Эй Фотима, бу
ўгитларни менга Жаброил сўзлади».
Эрнинг бурчлари. Эр ва хотин аҳил, тотув, бахтли ва фароғатли ҳаёт кечириш учун
бир-бирларидаги ҳақларини яхши билиб олишлари ва бунга қатъий амал қилишлари
зарур бўлади.
Хотиннинг эрдаги ҳақлари қуйидагилар:
1. Хотиннинг
эр зиммасидаги ҳаққи эрнинг ўзига ҳам, молига ҳам тегишлидир. Хотиннинг эри
зиммасидаги маҳр, нафақа сингари молиявий ва шахсий ҳақларини эр хурсандлик
билан адо этиши лозим.
2. Эр хотинига
хушфеълли бўлиши, у билан яхши муомала қилиши, бирга фаровон ҳаёт кечириши,
унга озор етказмаслиги керак. Чунки ҳадисда: «Сизларнинг энг яхшиларингиз
хотинларига яхши муомала қилганингиздир», дейилган.
3. Эр
хотинининг озорларини кўтариши, у ғазабланганида ва жаҳли чиққанида, мулойимлик
кўрсатиши, унинг хатоларини кечириши керак.
4. Эр хотини
билан ўз қадрини туширмайдиган даражада ҳазил-ҳузул қилиши, чақчақлашиши,
ўйнамоғи керак. Бу ишлар аёл қалбига сурур бағишлайди, уни масъуд қилади.
5. Эр аёлини
қизғаниши (рашк қилиши), унинг ор-номусини сақлаши даркор. Оқибати бузуқ
бўладиган ҳар қандай ҳолга бепарво бўлмаслиги керак. Аммо ёмон ўй, ўта
талабчанлик ва ични билишда ҳаддан ошиш дуруст эмас.
6. Эр хотинига
алоҳида маскан (уй) қилиб бериши, унда эрнинг яқинларидан ҳеч ким бўлмаслиги
лозим.
7. Эр хотинга
бериши лозим бўлган маҳрни, у қанча бўлишидан қатъи назар, тўла бериши керак.
Маҳр танҳо хотиннинг ҳаққидир.
8. Эр
хотинининг озиқ-овқат, кийим-кечак каби эҳтиёжларини исрофга йўл қўймаган ҳолда
етарли таъминлаши зарур. У бунга сарфлаган харажатлари учун ажр-савобга
эришади.
9. Эр хотинига
диний масалаларни, шаръий ҳукмларни ўргатиши, ибодатга тарғиб қилиб туриши
керак.
10. Агар
хотини исён ёки ахлоқсизлик қилса, эр уни тўғри йўлга солиш учун одоб ўргатиши
лозим. Бу иш босқичма-босқич олиб
борилади:
аввал панд-насиҳат қилинади, огоҳлантирилади, тарғиб қилинади, қўрқитилади.
Булар фойда бермаса, тўшакда унга орқа қилиб ётилади, сўнг бир кечадан уч
кечагача бир хонада жойини алоҳида қилиб ётади. Аммо ўзини хонада ёлғиз
қолдирилмайди. Агар бу ҳам фойда бермаса, хотинини ранжитадиган даражада, аммо
танасига зарар етказмай, бирор жойини қонатмай урилади. Бироқ унинг юзига,
бошига, қорнига, белига, баданининг зарарланадиган қисмига уриш мумкин эмас.
11. Эр
хотинининг иффатини сақлаши, уни ҳаромдан ҳимоя қилиши керак. Айниқса қўшилиш
чоғида хотинининг хоҳишини инобатга олиши лозим.
12. Эр
хотинини на сўз билан, на феъли билан сўкиб, айблаб, ҳақоратлаб, ёмонлаб,
пастга урмаслиги, унинг жисмию хулқини, оиласию яқинларини камситмаслиги зарур.
Зеро, бу мусулмон одобига мутлақо тўғри келмайди.
13. Эр
хотинини яхши кўрса, уни ҳурматлаши, қадрлаши лозим, ёмон кўрса, зулм
қилмаслиги керак. Истаса, чидаб яшасин, ёки яхшиликча ажрашсин. Аёлни фақат
мардлар қадрлайди, пастлар хорлайди.
Булардан
ташқари, эр одобига кирувчи жуда кўп вазифалар ҳам борки, қуйида буларни ҳам
келтириб ўтамиз:
– Эр
аҳли-аёлининг ҳузурига кўчадан салом бериб киради ва уларнинг аҳволини ва
кайфиятини сўрайди.
– Аёли ёлғиз,
кайфияти яхши бўлса, унинг сочларини силаб, суйиб, турли илтифотлар кўрсатади.
– Хотинини
қайғули, хафа ҳолда кўрса, унга раҳм-шафқат кўрсатади, ҳол сўрайди, яхши сўзлар
билан тасалли беради.
– Эр турли
ширин сўзлар, дил изҳорлари, тасалли ва ваъдалар билан хотинининг кўнглини
кўтариб, дилини хуш қилади. Чунки аёл эрининг хонадонида бошқалардан умидсиз,
яхши сўзга муҳтож бўлади. Яна «Аёл киши қулоғидан семиради» деган гап ҳам бор.
– Аёлига бола
тарбиясида яқиндан ёрдам беради, бу соҳада унинг ишларини енгиллаштиради.
Болаларга иймон-эътиқодни тушунтириш, касб-ҳунар ўргатиш, жисмонан чиниқтириш
кўпроқ оталар зиммасида бўлади.
– Хотинини асло
урмайди, дунёвий ишлардаги айрим қусур ва камчиликлари учун сўкиб-тергамайди.
Дин ишларида йўл қўйган қусури учун бир кундан ортиқ гина-араз қилмайди, аёли
жуда ҳаддан ошганида, исломий танбеҳ чорасини қўллайди.
– Эр аёлининг
ёмон қилиқларига сабр қилади, уни тарбиялаш чораларини ахтаради. Аёли ғазабга
кирганида, сукут қилади. Аёл киши заифа бўлгани учун, ана шу сукутга таслим
бўлади, ғазабига пушаймон чекиб, эридан узр сўрайди.
– Хотини яхши
хулқли, ораста бўлиб, хизматларини комил адо этса, унинг ҳаққига дуолар қилади,
Яратганга ҳамдлар айтади.
– Тирикчилик
ва рўзғор ташвишлари хусусидагина эр аёли билан маслаҳатлашади, бундан бошқа
катта иш, масъулиятларни аёлига юкламайди. У аёлига ўзининг қайғу-мусибатлар ва
ташвишларини, ишидаги кўнгилсизликларни, душманлари ва зиммасидаги бурчларини
айтиб, унинг оромини бузмайди.
– Хотинининг
гуноҳ бўлмаган майда-чуйда қусур ва ҳийлаларига кўз юмиб, уларни билмаганликка
олади, унинг бутун сир ва айбларини бошқалардан пинҳон тутиб, яширади.
– Аёлининг
номаҳрам, бегона эркаклар билан бирга ўтиришидан, улар билан ёлғиз қолишидан,
апоқ-чапоқ бўлиб кетишидан рашк қилади.
– Эр хотинига
Аллоҳ буюрган амалларни, диң одобларини ўргатади.
– Эр аёлининг
изнисиз сафарга кетмайди, уни узоқ вақт ҳижронга солмайди, аёли билан бахтли
ҳаёт кечиришаётган бўлса, устига уйланмайди.
– Аёлининг
кечаю кундуз эр хизматини қилгани, рўзғорининг барча юмушларини бажаргани,
фарзандини боқиб-тарбиялагани, оиланинг посбони, хазинабони, мунис ёри бўлгани
учун унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам фақат яхши дуолар қилади, қарғамайди,
миннатдорчилик билдириб туради.
Хотиннинг бурчлари. Ўз уйига боғланган, эрига ҳамиша итоатда бўлган, ўзига
қараган, уйини тартибли ва ораста сақлаган, болаларига чиройли тарбия берган,
оиласини бахтиёр қила олган аёл хотинларнинг энг яхшисидир. Хотин айниқса
эрининг ўзидаги ҳақларини яхши билиб, уларни беками-кўст адо этсагина рафиқалик
бурчини бажарган бўлади.
Эрнинг хотин зиммасидаги энг муҳим ҳақлари қуйидагилар:
1. Хотин
эрининг ҳаққини ўзи ва барча яқинларининг ҳаққидан ҳам олдинга қўйиши керак,
чунки зиммасидаги эрининг ҳаққини адо қилмаслик унга қарши исён ва бўйсунмаслик
саналади.
2. Ҳайз ва
нифос кунларидан бошқа пайтларда эри ундан ором ва лаззат олишни истаган пайтда
ҳеч қандай баҳонасиз тайёр бўлиши лозим. Бу борада эрига тўсқинлик қилиши,
эрининг у билан қўшилиш истагини ҳар қандай вақтда қайтариши мумкин эмас. Агар
эрининг рағбатига жавоб бермаса, гуноҳкор бўлади, фаришталарнинг лаънатига
учрайди. Бу эрнинг хотин зиммасидаги энг муҳим ҳақларидан, икковлари бахтли
бўлишларининг асосий омилларидан саналади.
3. Хотин
эридан рухсат олмай нафл рўзаси тутиши мумкин эмас, чунки рўза баҳра олишга
тўсиқдир.
4. Хотин
эрининг рухсатисиз унинг бирор нарсасини ўзининг яқинларига бера олмайди. Агар
берса, хотинга гуноҳ, эрга эса савоб бўлади. Фақат таомидан маъруф билан садақа
қилса бўлади.
5. Хотин
эрининг ижозатисиз уйдан чиқиши, уйдан бошқа жойда ишлаши яхши эмас. Эри рухсат
берса, ишлаши мумкин. Агар эри хоҳламаса, бошқа аёлларга ҳам аралашмаслиги
лозим.
6. Хотин Аллоҳ
берган ризқ-насибага рози бўлиши, ҳадеб инжиқлик қилиб, эрига норозилигини
бидиравермаслиги даркор. Маишат қийинчилиги, ночор аҳволга тушгани учун
ғазабланмаслиги, дод-вой қилмаслиги зарур. Балки қаноат ва хушнудлик кўрсатиб,
эрининг ризқ топишдаги машаққатларини қадрлаши, ҳаром касбга ўтишидан қўрқиб,
ундан ҳожатдан ортиғини талаб қилмаслиги керак. Эрини ҳам сабр-қаноатга ундаб,
ҳаром пул топишдан огоҳлантириши лозим. Илгари момоларимиз эрларини ишга
кузатаётиб: «Ҳаром касбдан сақланинг, биз очлик ва қийинчиликка чидаймиз, аммо
оташга чидай олмаймиз», дейишар экан.
7. Хотин
баданининг яширилиши лозим бўлган жойларини беркитиши, рухсор ҳамда
зийнатларини эри ва маҳрамларидан бошқаларга кўрсатмаслиги керак. Аёлнинг
яланғочланиши, кийимларини эридан бошқага ечиши, калта, тор ва шаффоф кийимлар
кийиши ҳаромдир.
8. Хотин
эрининг дўстига ҳам ўзини нотанишдек тутиши лозим. Эри йўқлигида унинг дўсти
эшик қоқса, ўзи ва эрига рашк қилиб, у билан сўзлашмаслиги керак. Зеро, киши
дўстининг хотини билан танишар экан, бу нарса рашк ва фитнага сабаб бўлади.
9. Хотин ҳусни
билан эрига фахрланмаслиги, эри хунук бўлса, ёмон кўрмаслиги, агар ўзи бой
бўлса, бу билан ғурурланмаслиги, эрини бошқа эрларга солиштирмаслиги лозим.
10. Хотин
фарзандларига раҳм қилиши, уларни урушиб-лаънатлашдан, эрига юзсизлик билан
мурожаат қилишдан тилини тийиши, унинг яхшиликлари ва хизматларини инкор
этмаслиги лозим. Булар жуда кам аёллар риоя қиладиган чиройли хислатлардир.
Зеро, кўплаб аёллар болаларини лаънатлаш, эридан озгина ёмонлик ёки камчилик
содир бўлганида, унинг ҳамма яхшиликларини инкор қилиб юборишлари билан машҳур
бўлишган.
Қуйида эса
хотинларнинг одобига кирувчи муҳим вазифаларни эслатиб ўтамиз:
– Эр уйга
кириб келганида, хотин уни ўрнидан туриб, очиқ юз ва табассум билан, «Марҳабо,
хуш келдингиз, бегим» (афандим, хўжайин, дадаси) каби сўзлар билан қарши олади.
– Эрининг
устки кийимини ечиб олади, қўлидаги нарсаси ёки юкини олади, чанқаган бўлса,
яхна чой ёки сув тутади.
– Хотин
эрининг ҳар бир амрига итоатда туради, унинг гуноҳ бўлмаган ишларини ва
топшириқларини сўзсиз бажаради.
– Эр ётоғига
таклиф этса, турли баҳоналарни рўкач қилиб бўйин товламайди, раддини ўч олиш
қуролига айлантирмайди, нафсини эрининг истакларига таслим этади.
– Эрининг
ижозатисиз бирор жойга, ҳатто ота-онасини кўргани ҳам бормайди.
–
Хотин
эрининг кийимларини ювиб-тозалайди, йиртиғини тикади, буюм ва ашёларини
авайлаб, асрайди.
– Эрининг
ош-нонини пиширади, дастурхонини тузайди, меҳмонини кутади.
– Эрининг
чироғи ва ўчоғини ёқади, тўшагини ёяди. Эрининг ғусл ва таҳоратига сув тайёрлаб
беради, агар у истаса, ғусл ва таҳорат қилишига ёрдамлашади.
– Хотин эрига
ўзининг бойлиги, насаби ёки гўзаллиги билан мақтанмайди. Эрини бошқаларга
солиштириб, бойлик, мансаб, рўзғор тутиш кабиларда уларга ўхшашни талаб қилмайди.
— Кийим-кечак,
озиқ-овқат масалалаарида эрига бирон ғамташвиш келтирмайди, эҳтиёжидан ортиқ
нарсаларни буюриб, уни қийин аҳволга солмайди.
– Овозини
эриникидан баландлатиб, беҳаёлик ва бадахлоқлик кўрсатмайди, сўзидан ёки
хулқидан унга азият етказиб, жонидан тўйдирмайди.
– Эри
борлигида ҳам, йўқлигида ҳам уни дуо қилади, Аллоҳдан тақво ва инсоф,
икковларига тотувлик ва саодат тилайди.
– Фақат эри
учун безаниб, кийинади, иффат ва номусини ўзгалардан асрайди, номаҳрам
кишиларга рўпара бўлмаслик чораларини кўради, эри ва хонадони шаъни ва обрўсини
пок тутади.
– Эрининг
уй-жойи, мол-мулкини авайлаб-асрайди, унинг рухсатисиз бирор нарсасини
бошқаларга бермайди.
– Эрининг
ночор, фақир ёки муҳтож бўлиб қолган кунларида буни юзига солмай, камситмай,
тасалли-далда беради, булар бир имтиҳон эканини, тезда ўтиб кетишини айтиб,
кўнглини кўтаради.
Ўзбекистон
мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакили
Меҳмонхон ЖАББОРОВ