130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Фаришталар бўлмайдиган хонадонлар
imon.uz 13-05-2020 680Фаришталар гуноҳ-маъсият ишлари бор жойлардан ўзларини олиб қочадилар:
Қайси бир хонадонни фаришталар тарк этса у уйдан Аллоҳнинг хотиржамлик деган улкан неъмати ҳамда раҳмати ва барокоти тарк этади. Бу ерда инсонларни доимий кузатиб, номаи аъмолини ёзиб турувчи “кироман-котибин” фаришталари, кишини турли нохушликлардан сақлаб турувчи фаришталар назарда тутилмаяпти балки, Аллоҳнинг раҳматини олиб тушадиган, бандасига сакинатни индирадиган, истиғфор айтиб, барака олиб келадиган фаришталар тўғрисида маълумотлар келтирилади. Хонадондан фаришталар чиқиб кетишига сабаб бўладиган омиллар санаб ўтилади.
Ота-онасига оқ бўлган кишининг хонадонида фаришталар кирмайди: Чунки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзига ширк келтиришнинг қай қадар оғир гуноҳлигини зикр қилганидан сўнг ота-онага яхшилик қилишга буюради.
“Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир) га ва қўл остингиздаги (қарам) ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”.
Ота-онасига оқ бўлган кимсанинг ҳеч қачон иши юришмайди. Бунга кўплаб тарихий-ҳаётий мисолларни келтириш мумкин.
Қариндош уруғлар билан алоқасини узган кишининг хонадонида ҳам фаришталар кирмайди:
Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло “Ким қариндош-уруғ ришталарини тикласа (узмаса) Мен у билан алоқамни тиклайман (узмайман), ким қариндошлик алоқаларини узса, Мен ҳам у билан алоқамни узаман” – дейди.
Бу ерда ота-она ва қариндошлик ришталари фақат уйда қолган фарзандларга тегишли эмас, балки, барча фарзандларга таъаллуқлидир. Ўта паст, ношуд, нонкўр инсонгина ўз ота-онасининг, қавму-қариндошининг қадрига етмайди.
Ота – инсонни дунёга келишига сабаб бўлган қадри улуғ муҳтарам, камтар инсон. У туну-кун меҳнат қилиб, едириб-ичириб, жамиятга фойдали инсон қилиб улғайтирган падари бузруквор.
Она – жонини ўртага қўйиб, фарзандини дунёга келишига сабаб бўлган муҳтарама волида.
Ота-оналарни таърифи битмас-туганмас денгиз. Бадалини тўлаб бўлмайдиган улкан хазина. Улар ҳақида Қуръони карим оятлари, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадиси шарифлари, уламоларимиз томонидан битилган асарлар бисёр.
Энди ўз сўзимизга қайтайлик! Демак хулоса шулки кишининг уйи қай қадар ҳашаматли бўлмасин! Ҳар томонлама шинам, кўркам бўлмасин! Кошонаву-қаср бўлмасин! Ота-она, қариндош-уруғ ришталарини узган кимсанинг хонадонига фаришта кирмайди. Барака топмайди. У хонадондан хотиржамлик неъмати кўтарилади.
Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам тавҳидни асраш ва васанийлар (бутпарастлар)га ўхшаб қолишдан сақланиш учун ибодат қилиниб, улуғланадиган тимсоллар (ҳайкаллар)ни сақлашни ҳаром қилганликларидек, уйларда итларни сақлашдан ҳам қайтардилар. Фаришталар мана шу каби маъсиятлар содир бўладиган уйларга киришдан ўзларини олиб қочишади. Улар ит, ҳайкал ва сурат бўлган уйга киришмайди.
Шариъатимиз кўрсатмасига биноан итлар фақатгина ов учун, қўриқлаш мақсадида яъни агар хонадони одамлар яшайдиган гавжум жойлардан йироқ жойда жойлашган бўлса сақлашга рухсат этилган. Бироқ, турли ҳою-ҳавас билан эҳтиёжсиз хонадонда сақланишлиги уйдан фаришталарнинг кетишлигига сабаб бўлади.
Жонли нарсаларнинг сувратлари ёки ҳайкаллари хонадонда мавжудлиги фариштанинг чиқиб кетишлигига олиб келади. Бу ўринда ҳозирдаги замонавий фоторасмлар бундан мустасно. Чунки, бунда ўша нарсанинг сувдаги ёки ойнадаги акси акс эттирилгани назарда тутилади. Аммо, қўл орқали ижод этилган жонли нарсаларнинг сувратлари ёки ҳайкаллари айнан фаришталарнинг ўша жойга кирмаслигига омил бўлади.
"قَالَ النَّبِيّ صلّى الله عَلَيهِ وَسَلَّم: "لَا تَدخُلُ المَلَائِكَةُ بَيتًا فِيهِ كَلبٌ وَلَا صُورَةٌ "
Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам: "Фаришталар ит ва сурати бор уйга кирмайди" - дедилар.
Имом Бухорийнинг ривоятларида:
"وَلَا صُورَةُ تَمَاثِيلَ"
"Тимсол (ҳайкал) ларнинг сурати бор уйга ҳам" дея зиёда қилинган.
Имом Муслимнинг Абу Толҳа розияллоҳу анҳудан қилган ривоятида эса: Мен Набий соллоллҳу алайҳи васалламнинг:
عَن أَبِي طَلحَةَ رَضِيَ الله ُ عَنهَ قالَ سَمِعتُ رَسُولَ اللهِ صلّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولَ: " لَا تَدخُلُ المَلَائِكَةُ بَيتًا فِيهِ كَلبٌ وَلَا تَمَاثِيلَ "
"Ит ва тимсол (ҳайкал) лари бор уйга фаришталар кирмайди" деб айтганларини эшитганман деб келтирилган.
Фаришталар маст кишига, заъфаронни кўп суркаган кишига, жунубга ва кофирнинг ўлимтиги (яъни жасади) га яқинлашмайди:
عَن بُرَيدَة رَضِيَ اللهُ عَنهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "ثَلَاثَةٌ لَا تَقرَبُهُم المَلَائِكَةُ: السُّكران، وَالمُتَضَمِّخُ بِالزَّعفَرانِ، وَالجُنُبُ"
Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: "Уч тоифа одамга фаришталар яқинлашмайди: маст, заъфаронни ҳаддан ортиқ суркаган ва жунуб кишига" - дедилар.
عَن عَمَّار بنِ يَاسِر أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "ثَلَاثَةٌ لَا تَقرَبُهُم المَلَائِكَةُ: جِيفَةُ الْكَافِرِ، وَالمُتَضَمِّخُ بِالْخَلُوقِ، وَالجُنُبُ إِلَّا أَنْ يَتَوَضَّأَ"
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам: "Уч тоифа инсонга фаришталар (яъни раҳмат фаришталари) яқинлашмайди. Улар: кофирнинг ўлимтиги (жасади), халуқ (яъни заъфарондан тайёрланган хушбўйлик) ни кўп сурковчи ва таҳорат қилмаган жунуб" - дедилар.
Бу ҳадисдаги جِيفَةُ الْكَافِرِ "кофирнинг ўлимтиги" лафзидан мурод, кофир одамнинг жасади назарда тутилган. У кофир ароқ вино, гиёҳванд моддалар каби маст қилувчи нарсалар, чўчқа ва қон каби нажосатлардан сақланмаганлиги сабабли ўлимтикка ўхшатилди. Заъфаронни кўп суркаган одамга эса, унда аёлларга ўхшашликка ҳаракат бўлганлиги учун фаришталар яқинлашмайди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистранти
Муҳаммадайюб АЗИМОВ