Фиқҳ уламоларининг даражалари

Фиқҳ уламоларининг даражалари

imon.uz 23-01-2020 846

Фиқҳ илми билан шуғулланган уламоларни фақиҳлар дейилади ва улар етти даражага бўлинади.

         Биринчи даража: Шариатдаги мужтаҳидлари.

Бу даража ижтиҳод даражаларининг ичидаги энг олий даража бўлиб, бунга Имом Абу Ҳанифа, Имом Шофеъий, Имом Молик, Имом Аҳмад ва уларнинг йўлида юрган фуқаҳолар киради.

Буларнинг иши Қуръони карим, суннати Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, ижмоъ ва қиёсдан бирор бир кишига тақлид қилмасдан шариат ҳукмларини истинбот қилиш ва усул қоидаларига асос солишдир.

         Иккинчи даража: Мазҳабдаги мужтаҳидлар.

Бу даражага биринчи даража эгаларининг шогирдлари киради. Улар фақат ўз мазҳабларида ижтиҳод қиладилар. Буларга Имом Абу Ҳанифанинг Абу Юсуф, Имом Муҳаммад шогиртлари, Имом Шофеъйнинг Музний, Буйтий шогиртлари кабиларни мисол келтирсак бўлади.

Буларнинг вазифаси юқорида зикр қилинган далиллардан устозларининг қоидаларидан чиқмаган ҳолда ҳукм чиқариш бўлиб, агарчи баъзи фуруъ масалаларда устозларига хилоф қилсалар ҳам, усул қоидаларида уларга тақлид қиладилар.  Шу сабабли Имом Шофеъий каби мазҳабда хилоф қилгувчилардан ажраб турадилар. Чунки мазҳабда хилоф қилгувчилар усулда бир-бирларининг қоидаларига тақлид қилмайдилар. Бу даража ижтиҳод даражотларининг ичида ўрта даража ҳисобланади.

         Учунчи даража: Масалалардаги мужтаҳидлар.

Бу даражага ҳанафий уламоларидан Хассоф, Таҳовий, Абулҳасан Кархий, Шамсул аимма Халавоний, Шамсул аимма Сарахсий, Фахрулислом Баздавий, Фахруддин Қозихон кабилар киради.

Булар ўз масҳаблари соҳибларидан ривоят қилинмаган масалаларда ижтиҳод қиладилар. Чунки бу уламолар шайхларига усулда ҳам фуруъда ҳам хилоф қилишга қодир эмаслар. Лекин шайхларидан ҳужжат келмаган масалаларда устозлари тузган қоидалар ва шайхларининг усуллари билан ҳукм истинбот қиладилар. Бу даража, ижтиҳод даражаларининг энг паст даражаси.

         Тўртинчи даража: Тақлид қилгувчилардан ташкил топган тахриж соҳиблари.

Бу даражага Имом Розийга ўхшаш муқаллид бўлган уламоларни мисол қилиш мумкин.

Булар асло ижтиҳод қила олмайдилар. Лекин усулни иҳота қилганлари ва ҳукм олишни билганлари учун мазҳаб эгаларининг биридан ёки мужтаҳид имомларининг биридан нақл қилинган икки хил бўлиб қолган мужмал гапларни, мубҳам ҳукмларни усулда бўлса ўзларининг қарашлари ва фикрлари билан, фуруъда бўлса ўша икки хил бўлиб қолган масаланинг ўхшашларига қиёслаш билан баён қилишга қодирдирлар.

         “Ҳидоя” китобидаги “Тахриж Кархий”, “Тахриж Розий”, “Тахрижул Журжоний” каби истилоҳлар шу маънога қаратилаган.

         Бешинчи даража: Тақлид қилувчилардан иборат таржиҳ соҳиблари.

Ҳусайн Қудурий, “Ҳидоя” муаллифи-Бурҳониддин Марғиноний кабилар шу даражадан ҳисобланадилар.

Уларнинг иши баъзи ривоятларни бошқасидан “Бу авлороқ, бу асаҳроқ, бу одамларга фойдалироқ”, деб айтишдир.

Олтинчи даража: Мўътабар матн ҳисобланган “Канз”, “Мухтор”, “Мажмаъ”, “Виқоя” каби китобларнинг муаллифлари бўлган мутааххир уламолар.

Булар кучли ва кучлироқни, зоҳир ривоят ва нодир ривоятни, зоҳир мазҳаб ва заифни ажрата оладилар.

Буларнинг иши китобларида мардуд гапларни ва заиф ривоятларни нақл қилмасликдир.

Еттинчи даража: Юқоридаги зикр қилинган масаларни қайси бири кучли, қайси бири заифлигини ажрата олмайдиган, семиз-ориқнинг фарқига бормайдиган, ўнг -чапни билмайдиган, балки кечаси ўтин тергувчига ўхшаб топган нарсасини жамлагувчи кишилар. Уларга ва уларга тақлид қилганларга вайл бўлсин!.

Баъзи мутааххир уламоларнинг “Хозирги замонда ҳар қандай китобга амал қилавермасдан, ахёр уламоларнинг орасида эътиборли саналган китоблардан фойдаланиш керак”, деган гаплари ҳам буни тасдиқ қилади.

         Қуйидаги гаплардан маълум бўладики уламоларнинг муқаддам яшаганлигига эмас, балки уларнинг ижтиҳод ва дироят мартабасидаги ишига, таржиҳ ва ривоят даражасидаги ҳолатларига эътибор қилиш лозим. Чунки қанча мутааххир уламолар борки ўзларидан олдин келганлардан ижтиҳодда олийроқ ва улардан фақиҳроқдир. (Раддул мухтор).

         Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Жиззах вилоят вакиллиги матбуот

котиби Усмонали ОРАЛОВ

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид