Фирқаланиш таърифи

Фирқаланиш таърифи

imon.uz 2023-10-13 01:56:00 579

إفتراق” (ифтироқ) нинг луғавий маъноси:

Араб тилидаги “إفتراق” (ифтироқун) калимаси  – “ажралиш”, “бўлиниш” маъносида бўлиб, “жам бўлиш”, “бирлашиш” маъносининг тескариси, антонимидир. Қуръонда бу ҳақда шундай дейилади:

وَاعْتَصِمُواْ بِحَبْلِ اللّهِ جَمِيعًا وَلاَ تَفَرَّقُواْ

«Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам ушланглар, ажралманглар (бўлинманглар)…» (Оли Имрон-103).

Яъни, бирлашганингиздан сўнг ажралманглар, дейилмоқда. Араб тилида “إفتراق” (ифтироқун) калимаси бир тўда кишилар жам бўлиб, йиғилганларидан сўнг бўлиниб ажралганига ишлатилади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бу калимани қуйидагича истифода қилганлар:

البيعان بالخيار ما لم يتفرقا

«Модомики, икки киши ажралмас экан олди-сотди ихтиёрий бўлади». (Имом Бухорий 2079, Имом Муслим 1532-ҳадислар)

Яъни, икки тижорат қилувчи киши турган жойларидан ажралиб, икки тарафга кетсалар, деган маънода келмоқда. Шунингдек, “إفتراق” (ифтироқун) сўзининг ўзагидан “فرقة” (фирқатун) яъни, “тоифа” сўзи ҳам ажралиб чиққан.

Демак, умумий олганда “إفتراق” (ифтироқун) калимаси қуйидаги маънолар атрофида юради:

Ажралиш, узилиш, бўлиниш, тарқалиш, озайиш, тақсимланиш, адашиш, йўқотиш, ўзгартириш, йўлдан чиқиш, дарз кетиш, аслиятдан чиқиш, кўпдан айрилиш, жамоатдан узоқлашиш (Ибни Мунзирнинг “Лисонул араб” китобидан).

 إفتراق” (ифтироқун) нинг истилоҳий маъноси:

Унинг маъноси турли ҳолатдаги маънони ўзида мужассамлаштиради:

Биринчи маъно — динда бўлиниш, қарши бўлиш. Аллоҳ таоло Қуръони каримида айтади:

وَاعْتَصِمُواْ بِحَبْلِ اللّهِ جَمِيعًا وَلاَ تَفَرَّقُواْ

«Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам ушланглар, ажралманглар (бўлинманглар)…» (Оли Имрон-103).

وَلاَ تَكُونُواْ كَالَّذِينَ تَفَرَّقُواْ وَاخْتَلَفُواْ

«Фирқаланиб, ихтилоф қилган кишилардек бўлманглар…» (Оли Имрон-105).

إِنَّ الَّذِينَ فَرَّقُواْ دِينَهُمْ وَكَانُواْ شِيَعًا لَّسْتَ مِنْهُمْ فِي شَيْءٍ إِنَّمَا أَمْرُهُمْ إِلَى اللّهِ ثُمَّ يُنَبِّئُهُم بِمَا كَانُواْ يَفْعَلُونَ

«Динларини тафриқа қилиб, ўзлари гуруҳбозлик қилганлар билан ҳеч бир алоқанг йўқ. Албатта, уларнинг иши Аллоҳнинг ўзига ҳавола. Сўнгра қилган ишларининг хабарини берур». (Анъом-159).

إنما هلك من كان قبلكم من الأمم باختلافهم في الكتاب

«Албатта, сизлардан олдинги умматлар китобда ихтилоф қилишликлари билан ҳалок бўлдилар». (Имом Муслим 2666-ҳадис).

Иккинчи маъно – мусулмонлар жамоасидан ажралиш. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда саҳобалар давридаги Ислом умматининг умумидир. Шунингдек, улар “Аҳли сунна вал жамоа” деб ҳам ном олган ва бўлинишлар пайдо бўла бошланган вақтда аҳли суннага эргашган кишилар ёки бошқа тоифадагилар, деб ажратиб кўрсатилди.

Ўша пайтда ва ҳалигача аҳли суннанинг эътиқодидан чиқиб, алоҳида ажралганлар ва ўзлари алоҳида эътиқод тузаётган тоифалар ёки аҳли суннанинг минҳожи тўғри келмай ажралган тоифалар ёки аҳли суннанинг бош имомларига эргашмайдиган турлари уруш қилаётган тоифалар ҳали ҳам мавжуд. Бу ажралишларни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида қуйидагича таърифлаганлар:

من خرج من الطاعة وفارق الجماعة ثم مات مات ميتة جاهلية ومن قتل تحت راية عمية يغضب للعصبة ويقاتل للعصبة فليس من أمتي ومن خرج من أمتي على أمتي يضرب برها وفاجرها لا يتحاش من مؤمنها ولا يفي بذي عهدها فليس مني

«Ким итоатдан чиқса, жамоани бўлса сўнгра ажали етиб ўлса, жоҳилият ўлимида якун топибди. Ким …..» (Имом Муслим 1848-ҳадис).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қарши бўлиб чиқувчиларнинг бир неча синфини зикр қилдилар:

— Жамоатдан ажралувчилар;

— Итоатдан чиқувчилар;

— Умматдан қилич билан чиқувчилар;

— Жоҳиллик байроғи остида курашувчилар. Мақсади аниқ бўлмаган, кўр-кўрона курашувчилар. Бу турдаги синфларга мутаассиблик, фитначилик, тўда оломон бирлашишлиги, турли шиорлар билан чиқишлар, гуруҳбозлик ва шунга ўхшаш ҳолатлар киради.

Аҳли сунна вал жамоадан гарчи эътиқодий масалаларда ихтилоф қилиб чиққан бўлсин, амалларга қарши чиқиб ажралган бўлсин ёки катта имомларга қарши чиқиб узилган бўлса ҳам фирқаланибди, бўлиниш ҳосил қилибди, дейилади. Сабаби, ажралишнинг охири фитнага, урушга, зулм қилишга, бидъат пайдо қилишга олиб келади. Бу эса айни суннатга хилофдир.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид