130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги

Фитна ва ҳаром ишларга олиб борадиган йўлларни тўсиш
Mimon.uz 04-03-2023 310Инсон умрини яшаб бўлиб, ҳаётининг поёнига келганда кўп нарсадан армон қилади, кўп нарсага пушаймон бўлади. Бир куни ўзини ҳақ билиб, бировнинг дилини оғритиб қўйган бўлса, ўзини ҳақ деб билган тақдирда ҳам ўша ишидан пушаймон бўлади. Бу кўнгил иши, биродарлар.
Иёз ибн Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифа эдилар. Қўлларида қамчига ўхшаш нарсалари бўлар эди. Бир куни йўлдан ўтаётган эдилар, мен йўлнинг ўртароғига ўтириб қолибман. Шунда бир туртдилар-да, «Йўл четига чиқ» деб, ўтиб кетдилар. Орадан бир йилча ўтди. Кўчада мени кўриб қолдилар-да, қўлимдан тутиб, «Эй Иёз! Бу йил ҳажга боряпсанми?» дедилар. «Ҳа, ҳажга бормоқчиман, эй мўминларнинг амири», дедим. Шунда қўлимдан тутиб, уйларигача етаклаб бордилар. Уйларига боргунча қўлимни қўйиб юбормадилар. Уйларига боргач, ичкарига кириб, 600 дирҳам пул олиб чиқдилар. Пулни қўлимга тутқазиб, «Мана буни ол, бу ўша ўтган йили сени кўчада туртганим учун», дедилар. «Эй мўминларнинг амири, мен уни эсимдан чиқариб юборганман», дедим. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Сен эсингдан чиқаргандирсан, аммо мен эсимдан чиқарганим йўқ», дедилар».
Биродарлар, бировни муҳокама қилиш оғир деганимнинг сабаби шуки, эртага ҳар бир ишнинг, ҳар бир нарсанинг албатта савол-жавоби бўлади. Шу жавобга тайёрман десак, муҳокамага бел боғлашимиз, шу жавобга тайёрман десак, эртага халқнинг маънавиятини у ёқлик ёки бу ёқлик қиладиган ишда сўздаш ҳаққини даъво қилишимиз мумкин бўлади. Аммо у савол-жавобга дош бериш осон эмас, бунга ҳеч кимда журъат йўқ. Бундай журъат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда ҳам бўлмаган. Шунинг учун буюрилганимиздек тўғри бўлайлик, биродарлар.
Яна бир бор таъкидлаб айтамизки, бу меҳроб – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос қолган. Бу ерда ҳар нарса айтилавермайди, бу ерда шахсий манфаатни кўзлаб бирор гап айтган кунимиз меросга хиёнат қилган бўламиз. Шунинг учун бу ерда айтилаётган гапларни азбаройи Аллоҳ учун, Аллоҳнинг дини ва шариати учун, ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун, Аллоҳнинг Каломи Қуръон учун, динимиз учун айтяпмиз. Шунинг учун динимиз йўлида, Аллоҳ учун бу гапларимизни тўғри қабул қиласизлар деб умид қилиб қоламиз.
Аллоҳ таоло барчамизга инсофу тавфиқ бериб, Ўзининг ҳақ йўлидан адаштирмасин!