Ғийбат фақат тилда эмас

Ғийбат фақат тилда эмас

imon.uz 2025-01-10 01:54:32 5

Билгин! Тил билан бировни ғийбат қилиш ҳаром қилинди. Чунки, унда 

биродарингнинг нуқсонини, агар ўзи эшитса, хафа бўладиган бирор 

камчилигини ўзгага билдириш бор. 

Шунингдек, кимнидир қоралаш маъноси яширинган барча феъллар - киноями, имо-ишорами, кўз қисишми, хатда ёзишми, хуллас, шу мақсадни англатадиган барча ҳаракатлар ғийбат ҳудудига киради ва у ҳаромдир.  

Оиша розийаллоҳу анҳо айтган ушбу сўзлар ҳам шу жумладан: «Бир аёл ҳузуримизга кирди. Кетаётганида у аёлнинг паканалигига ишора қилдим. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Сен уни ғийбат қилдинг» - дедилар» (Ибн Абу Дунё ривояти).  

Кимнингдир жисмоний камчилигини тақлид қилиб кўрсатиш ҳам ғийбатга 

киради. Масалан, чўлоқ одам ҳақида гапиратуриб, унинг чўлоқлигига ишоратан оқсоқланиб юриш. Бу ҳатто ғийбатдан ҳам хунукроқдир. Чунки, бунда айб нафақат очилади, балки янада бўрттирилади.  

Шунингдек, ёзув орқали ҳам ғийбат бўлиши мумкин. Негаки, қалам ҳам бир тил. Дейлик, мусанниф китобида муайян шахснинг сўзга нўноқлигини тилга олса, бу ғийбат саналади. Албатта, агар бу ерда гап айтилмаса бўлмайдиган сабабларга боғланса, бу энди ғийбат эмас.  

«Одамлар фалон деди» - дейиш ҳам ғийбатга кирмайди. Чунки, ғийбатда гап хоҳ тирик, хоҳ ўлик бўлсин, аниқ бир шахсга қаратилган бўлади. Шундай қилиб, ўзгани қоралашдан иборат мақсадини мақтовнинг ортига яширади. Гўё ўзини яхшиларга ўхшатиб, нафсини мазаммат қилиб ҳам қўяди ва бу билан у ғийбатчи, риёкор, ўз нафсини оқловчи кишига айланади, бир амалда уч бузуқликни жамлайди. Нодонлиги туфайли ўзини ғийбатдан сақлайдиган солиҳ кишилар жумласиданман, деб ўйлайди.  

Шунинг учун ҳам шайтон илмсиз ибодатга шўнғиган жоҳиллар билан ўйнашади, уларни эргаштиради. Турли ҳийла-найранглари билан уларнинг амалларини йўққа чиқаради, устларидан кулиб, масхара қилади. 

Ўзганинг айби айтилганида, айтувчига танбеҳ бериш ўрнига: «Субҳаноллоҳ! Наҳотки, шундай бўлса-я?» - деб ғийбатга мойиллик билдирган киши ҳам ғийбатчидир. Негаки, у айтилганни эшитди, нима дейилганини англади, ҳатто бу ёмонликнинг юзага чиқишида Оллоҳнинг номини восита қилди.


"Тил офатлари" китобидан.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид