130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Гиёҳвандликнинг зарарлари чексиз
imon.uz 09-04-2020 727Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Эй одамлар! Ер юзидаги
нарсаларнинг ҳалол-покларини енглар», деб буюрган (“Бақара” сураси, 168-оят).
Динимизнинг инсонпарварлигини, Қуръони Каримнинг
мўъжизасини қарангки, бу оятда фақат мўмин-мусулмонларга эмас, балки бутун
инсониятга қарата хитоб қилинмоқда. Инсонни яратган Аллоҳ унга нимани истеъмол
қилиш, нимани истеъмол қилмасликни ўргатяпти. Ушбу оятдаги ҳукм ҳар биримиз
учун фарзи айндир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят
қилинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалолни излаш фарздан
кейинги фарздир», деганлар. Бунинг маъноси шуки, иймон, намоз, закот, рўза ва
ҳаж каби Ислом арконларидан кейинги фарз ҳалолни излашдир. Бошқа бир ҳадисда
эса «Ҳалолни излаш ҳар бир мўминга фарздир», дейилган.
Мазкур оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг
ҳузурларида тиловат қилинди. Шунда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу
ўринларидан туриб, «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени дуоси ижобат
бўладиганлардан қилсин», дедилар. У зот алайҳиссалом: «Эй Саъд! Луқмангни
покла, дуоси ижобат бўладиганлардан бўласан. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки,
банда қорнига ҳаром луқма солса, унинг қирқ кунлик амали қабул қилинмайди.
Қайси банданинг жисми ҳаром ва рибодан ўсса, дўзах унга ҳақлидир», дедилар.
Бошқа бир ҳадисда «Ҳаромдан ўсган жисм жаннатга
кирмайди, у дўзахга ўтин бўлишдан бошқа нарсага ярамайди», деганлар.
Демак, ибодатимизнинг, дуоларимизнинг қабул бўлиши
истеъмол қилаётган таомимизга боғлиқдир.
Гиёҳванд модда
ҳам ҳаромдир, демак, уни истеъмол қилган одамнинг қирқ кунлик ибодати бўшлиққа
кетар экан, унинг таъсири остида ўқилган намоз ҳам қабул бўлмас экан. Нақадар
катта мусибат! Аслида мўмин одам учун бир кунлик, бир лаҳзалик ибодатнинг қабул
бўлмаслиги нечоғлик мусибат ҳисобланади. Энди қирқ кунлик ибодатнинг қабул
бўлмаслиги қанчалик аянчли мусибат эканини бир ўйлаб кўрсак бўлади.
Луқмани поклаш шу қадар муҳимки, Аллоҳ таоло Қуръони
Каримда «Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амал қилинглар» деб, луқмани ҳалол
қилишни солиҳ амалдан олдин зикр қилган (“Мўъминун” сураси, 51-оят).
Шундай экан, наркотик моддалар – наша, афюн ва шу
каби ҳар қандай ақлни кетказадиган, инсоннинг ҳаётини заҳарлайдиган нарсалар
динимизда қатъий ҳаром саналганига шак-шубҳа йўқ. Ҳар қандай наркотик модда
инсоннинг аввало ҳаётига бевосита зарар етказади, наркотикларга ўрганиб қолган
кимса даҳшатли қийноқ азобида ҳалок бўлади, ўзига берилган ҳаёт неъматини зое
қилади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло бир неча оятларда «Ўзингизни ҳалокатга
ташламанг», «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Аллоҳ сизларга раҳмлидир» деб буюрган
(“Бақара” сураси, 195-оят ҳамда “Нисо” сураси, 29-оятлар).
Гиёҳвандлик Аллоҳ таолo инсонга ато этган жон, жисм,
ақл ва мол-мулк каби неъматларининг заволига сабаб бўлаётганини бугун ҳамма
яхши тушуниб турибди. Бироқ, шунга қарамай, бу нарсалар кўпайса кўпайяптики,
лекин камаймаяпти. Наркотик модда истеъмол қилиб юрганлар орасида эркагу аёл
ҳам, ёшу қари ҳам топиляпти.
Бунинг сабаби нима? Бунинг сабаби – Аллоҳ ва Унинг
Расулининг амрига юрмаслик, қиёмат ва охиратдаги сўроқ-саволдан
қўрқмасликдир. Демак, бу борада бизга
энг катта ёрдам берадиган муолажа руҳий тарбиядир. Ҳар биримиз ўзимизнинг,
фарзандларимизнинг руҳий тарбияси билан жиддий шуғулланмоғимиз керак, чунки
инсон ўз нафсини жиловлай олсагина бу ажал оғусидан ўзини тўхтата олади. Нима
учун кўпчилик бу заҳри қотилни тотиб кўради? Чунки улар мана шу тамаки маҳсулотлари
ёки гиёҳванд моддалари билан ҳаётдаги муаммоларимни, ғам-ташвишларимни бироз
унутаман, асабим бузилиб, юрагимнинг сиқилганини аритаман деб ўйлашади.
Ваҳоланки, уларни истеъмол қилган билан бу муаммолар йўқолмайди, бу ташвишлар
бартараф бўлмайди, инсон ўзини ўзи алдаб, қисқагина фурсат уларни эсидан
чиқаради, холос. Ожизу нотавон инсон буни билиб туриб, ўзини ажал домига
ташлайди.
Агар инсон бу каби енгилтак фикрлардан узоқ бўлса,
Аллоҳни таниса, қазои қадарга сабр қилса, ибодатда бардавом бўлса, ҳаёт
синовларига бемалол бардош беради, нафсини бу каби ёлғончи иллатлардан тия
олади. Одатда ҳамма ёмон нарсалар бекорчиликдан келиб чиқади. Айниқса, ёш
болалар, ўсмирлар бекор қолса, назоратсиз қолса, ҳаётдан зерикса, турли янги
саргузаштларни қидиради, янги ҳиссиётларни излай бошлайди. Ҳеч ким ўз-ўзидан бу
нарсага берилиб кетмайди. Уни албатта кимдир қизиқтиради, у кимгадир тақлид
қилади, эргашади. Аксар ҳолларда болага унинг дўстлари, шериклари ёки бирга
юрадиган оғайнилари таъсир кўрсатади. Бугунги кунда ёшларга айниқса
интернетдаги, телевидениедаги турли зарарли маълумотлар жуда ёмон таъсир
қиляпти. Назоратсиз қолган бола аввал сигаретни татиб кўради, кейин унга
ўрганиб қолади. Наркотик савдоси билан шуғулланадиган қотиллар эса айнан ана
шундай ёшларни қармоғига илинтиришга, ўз домига тортишга ҳаракат қилади.
Демак, аввало оилада назоратни кучайтириш керак. Бола
ким билан кўп бирга бўляпти, улардан нимани ўрганяпти, буни аввало оталар, оила
бошлиқлари кузатиши керак. Биз оилада шундай муҳит яратиб қўяйликки,
фарзандларимизнинг руҳий тарбиясини шундай йўлга қўяйликки, бола ўз нафсини
жиловлай олсин, унда бу каби салбий ҳолатларга нисбатан нафрат уйғонсин,
мафкуравий иммунитет ҳосил бўлсин. Инсон нафсини жиловлай олмагани учунгина бу
оғуга мубтало бўляпти, заҳри қотил сотувчиларнинг қурбонига айланяпти.
Тарихдан маълумки мустамлакачи давлатлар бир мамлакат
халқини ўз итоатига бўйсиндиришни ҳоҳласа, ўша халқнинг, айниқса ёшларининг ақл
идрокини ўғирлайдиган гиёҳ воситасини қўллашган ва шу йўл билан мамлакатни пароканда қилишган. Гиёҳга муккасидан кетган
инсон қалбида ота-она, Ватан, меҳр – оқибат ришталари қолмайди. Гиёҳванд модда
учун нимани буюрса, ўшани қиладиган манқуртга айланади.
Иқтисодий
зарарлари – заҳриқотилга ўрганган инсон, уни харид қилиш учун ҳеч нарсадан
қайтмайди. Оиласи, кўзлари чақнаб турган ўғил – қизларининг ризқини қийиб –
гиёҳни харид қилади. Гиёҳванднинг кўзига ҳеч нарса кўринмайди, ҳатто уйдаги
ашёларни, уй – жойини сотишга ҳам рози бўлади. Оиласини муҳтожликда яшашга
мажбур этади.
Тиббий
зарарлари – кўпни кўрган боболаримизнинг сўзларига эътибор берсак,
насиҳатларида: “болам, ҳаром – ҳаришдан ўзингни сақлагин” деб айтишади.
Ҳақиқатда халқумни ҳаром билан булғаш афсус надомат келтиради.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, гиёҳвандликнинг орқасида жигар хасталиклари,
ухлай олмаслик, томирларнинг бўртиб чиқиши, юрак ўйнаши, баъзи беморларда ОИТС
касаллигини келтириб чиқариши ҳам мумкин ва энг ачинарлиси аксарият
ҳолатларда ўлим билан тугайди.
Оилавий
зарарлари – бундай оилада файз барака бўлмайди. Гиёҳванд оилада майиб-мажруҳ,
ногирон фарзандлар дунёга келади. Ногирон гўдаклар баъзида ҳаётдан эрта кўз
юмади ёки гиёҳванд ота сабабидан бир умр армон билан яшашга мажбур бўлади.
Гиёҳванд ота яхши ҳислатлари билан фарзандларига ўрнак бўла олмайди. Ўзи чекиб
туриб, уларга чекма деёлмайди. Бундай насиҳатларни гапирган тақдирда ҳам сўзи
уларга таъсир қилмайди.
Тажрибалар шуни кўрсатадики, гиёҳвандликка ружу
қўйган ота фарзандлари тарбиясига, таълимига эътибор беролмайди. Буюк
мутафаккар Алишер Навоий бобомиз:
Олдига қўйганни
емак – ҳайвон иши,
Оғзига
келганни демак – нодон иши, - деб
айтганлар.
Фарзандлар кўз ўнгида гиёҳ чекиш ва бемаъни сўзларни
сўзлаш фарзандлар тарбияси издан чиқишига сабаб бўлади. Гиёҳванд ота кўп
ҳолатларда фарзандлар бахтига зомин бўлади
Ҳа, азизлар
келажагимиз бўлган ёшлар тарбиясига катта эътибор берайлик, шундагина уларнинг
роҳатини кўрамиз.
Жиззах вилояти Дўстлик туман бош
имом хатиби Аҳмад
Абдурасулов