ГУНОҲИ КАБИРАЛАР НИМАЮ, ГУНОҲИ САҒИРАЛАР НИМА?

ГУНОҲИ КАБИРАЛАР НИМАЮ, ГУНОҲИ САҒИРАЛАР НИМА?

imon.uz 2025-02-03 03:59:21 10

Уламолар бу хусусда бир неча хил гап айтганлар.

Энг кучли ва тўғри гапга биноан, гуноҳи кабира—ҳадд жазосига (шариатда белгилаб қўйилган жазо) лойиқ бўлган, дўзахга кириш ёки лаънат ва ғазабга учраш билан огоҳлантирилган гуноҳдир.

  Уламоларнинг гуноҳи сағиранинг (кичик гуноҳнинг) таърифи ҳақидаги гаплари ҳам ҳар хил келган. Энг кучли қавлга биноан, гуноҳи сағира—бу дунёда ҳаддга лойиқ бўлмаган, у дунёда дўзах ёки лаънат ва ғазаб ила қўрқитилмаган гуноҳлардир. 

Юқорида гуноҳи кабирага берилган таърифнинг авлолигига далил қуйидагича: 


1. Бу таъриф Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо, Ибн Уяйна, Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқалардан ривоят қилингани.


2. Аллоҳ таолонинг: 

"Агар қайтарилган нарсаларнинг катталаридан четда бўлсангиз, ёмонликларингизни ўчирурмиз ва сизни карамли манзилга киритурмиз", деган сўзи. 

(Нисо сураси, 31-оят). 


  Кимки Аллоҳнинг ғазаби, лаънати ва дўзахи ила қўрқитилган бўлса, бу гўзал ваъдага ҳақдор бўла олмайди. 


3. Ушбу таъриф орқали гуноҳи кабира билан гуноҳи сағира орасидаги фарқни очиқ-ойдин билиб олиш мумкинлиги, бошқа таърифлардан эса билиш мушкуллиги.


Муаллифнинг "Гарчи тавба қилувчи бўлмасалар ҳам", деганида тавба гуноҳларни ювиб юборишида ихтилоф йўқлигига, ихтилоф тавба қилмаган одамда эканига ишора бор.

  Муаллиф "Аллоҳга У Зотни таниган ҳолларида рўбарў бўлганларидан кейин", деган гапидаги "таниган ҳолларида"нинг ўрнига" мўмин бўлган ҳолларида", деса яхши бўлар эди. Чунки ким Аллоҳни таниса-ю, иймон келтирмаса, кофирдир. Худди Иблис билан Фиръавнга ўхшаб. Чунки улар Аллоҳни таниганлар, аммо иймон келтирмаганлар. Танишнинг ўзи билан кифояланиб қолиш Жаҳм ибн Сафвон ва унинг атбoъларининг гапидир.

  Муаллифнинг "Улар Аллоҳнинг хоҳиши ва ҳукмидадирлар... Кейин эса жаннатига юборади", деган гаплари ҳақида:

Аллоҳ таоло ширкни бошқа гуноҳлардан фарқлагандир. Чунки ширк гуноҳи кабираларнинг кабирасидир. Аллоҳ таоло ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганларидек, ширк гуноҳи кечирилмас. Ундан бошқа гуноҳларнинг кечирилиши эса Аллоҳнинг хоҳишига боғлангандир.

  Бўлиши мумкин нарса хоҳишга боғланади. Бу ширкдан бошқа гуноҳни тавбасиз кечиришдир. Бўлиши мумкин бўлмаган нарса эса хоҳишга боғланмайди. Бу ширкни тавбасиз кечиришдир. Агар ҳаммаси баробар бўлганида, орасини фарқламаган бўлар эди. Балки икковини фарқлаш бефойда бўлиб қоларди.

  Муаллифнинг "Бу – Аллоҳ таоло Ўз аҳли маърифатини дўст тутгани учундир", деган сўзида юқорида айтганимиздек, "аҳли маърифат"нинг ўрнига "аҳли иймон" деганида эди, "Аллоҳга иймон келтирмасдан ҳам У Зотни танишнинг ўзи кифоя", деган ботил тушунчадан холи бўлар эди.

  Муаллифнинг "Аллоҳим! Эй Ислом ва Унинг аҳли дўсти..." деган гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларидан олингандир.

Табароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

"У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам дуоларида:

"Аллоҳим! Эй Ислом ва унинг аҳлининг дусти, мени то Сенга рўбарў бўлгунимча Исломда тут!" дер эдилар"

"АҚИДАТУТ-ТАҲОВИЯ шарҳининг талҳийси" китобидан

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид