130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Ҳақиқий толиби илм номига лойиқ йигит
imon.uz 30-12-2019 796Қуйида ғарбда жойлашган
Андалусдан машриқ диёрларига сафар қилган андалуслик бир олимнинг бошидан
кечирган ажойиб ва қизиқ воқеалари билан танишамиз. Бу андалуслик олим ўша
замоннинг буюк алломасидан илм ўрганиш мақсадида машриқ томон пиёда сафарга
чиқади. Машриққа етиб келгач, олимни уй қамоғида эканини, инсонларга дарс
беришдан ман қилинганини кўради. Шундай вазиятда ҳам инсоннинг хаёлига
келмайдиган бир чора-тадбирини қилиб, у зотдан илм олиш йўлини топади. Дарҳақиқат,
тарих ажойибу ғаройиб ҳодисалар уммонидир. Биз айтаётган олим имом Бақий ибн
Махлад Андалусийдир.
У киши 20
ёшида пиёда Бағдодга сафар қилади. Унинг Бағдодга сафар қилишидан асосий
мақсади имом Аҳмад ибн Ҳанбал билан учрашиб, у зотдан илм ўрганиш эди. Бақий
ибн Махладнинг ўзи бу воқеани қуйидагича ҳикоя қилади[1]:
“Бағдод
шаҳрига яқинлашганимда, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг бошига тушган мусибат ҳақида
эшитдим. Эшитишимча, у зот талабаларга дарс беришдан ман қилинган эканлар.
Бундан қайғуга тушдим. Шундай бўлса-да Бағдодга келиб, меҳмонхонадан бир хонани
ижарага олдим-да, у ерда кийим ва бошқа нарсаларимни жойладим. Сўнг биринчи
қилган ишим ўша ердаги катта жоме масжидга келиб, бирор бир дарс ҳалқасига
қатнашиш ва улар музокара қилаётган илмни эшитиш бўлди. Масжидга кирсам, ажойиб
бир дарс ҳалқасига рўбаро келдим. Бир киши ҳадис ровийларининг ҳолатини баён
қилиб, агар ровий заиф-ишончсиз бўлса, нима учун у ишончсиз эканлигини ва айни
пайтда ровий ишончли бўлса нима учун ишончли эканлигини, айтар эди. Шунда мен
олдимда ўтирган кишидан:
-
Бу зот ким? - деб сўрадим.
-
Яҳё ибн Маъин, - деди. У олимнинг
яқинида бир бўш жой бор экан, ўша жойга бориб:
-
Эй, Абу Закарийё, Аллоҳ умрингизни узоқ
қилсин, мен узоқ ўлкадан келган мусофирман, менинг сиздан сўрамоқчи бўлган
саволларим бор, илтимос менга қулоқ тутсангиз, - дедим. Яҳё ибн Маъин:
-
Сўра, - деди. Шунда мен ўзим учрашган
баъзи ҳадис олимлари ҳақида сўрадим. У зот уларнинг баъзиларини ишончли ва
баъзилари ишончсиз деди. Охирги саволим менга кўп ҳадис ўргатган устозим Ҳишом
ибн Аммор ҳақида бўлди. Шунда у зот:
-
Абулвалид Ҳишом ибн Аммор кўп намоз
ўқувчи, дамашқлик сиқа киши, сиқадан ҳам юқорироқ одам бўлиб, у зот шу даражада
яхши ва фазилатли кишики, ҳатто ридоси остида кибр бўлса ёки ўзини кибрли қилиб
кўрсатса-да, бу нарса у зотни айбли қилмайди, - деди. Шу саволимни сўраб
бўлишим билан ҳалқадагилар:
-
Барака топгур, бўлди энди, сендан
бошқаларнинг ҳам саволи бор-ку ахир, - деб бақириб юборишди. Мен тураётиб:
-
Яна
бир киши қолди. Аҳмад ибн Ҳанбал ҳақида нима дейсиз? – дедим. Шунда Яҳё ибн Маъин саволимдан
ўнғайсизланди-да:
-
Биз
кабиларга Аҳмад ибн Ҳанбал ҳақида фикр билдиришга йўл бўлсин. Зеро,
у зот барча мусулмонларнинг
имоми, энг яхшиси ва фозили-ку,
- деди.
Шундан
кейин Аҳмад ибн Ҳанбалнинг уйини суриштира бошладим. Менга у кишининг уйини
кўрсатишди. Бориб эшикни тақиллатдим. У киши чиқиб эшикни очди-да, мени кўрди
ва табиийки танимади. Мен:
-
Эй,
Абу Абдуллоҳ, мен мусофирман. Бу шаҳарда биринчи маротаба
бўлишим. Мен ҳадисларни
жамлаб, уларни ўрганишни ўзимга мақсад қилган инсонман.
Бу сафарга чиқишимдан ягона
мақсадим ҳам сиздан илм ўрганиш эди, - дедим. У зот менга:
-
Йўлакка
кир, бировнинг
кўзи сенга тушиб қолмасин,
-
деди. Сўнг – Қаердансан? - деб сўради.
-
Узоқ мағрибдан.
-
Африкаданми?
-
Ундан ҳам узоқроқ. Шаҳримдан Африкага бориш учун денгиздан ўтишим
керак бўлади, мен Андалусданман.
-
Уйинг узоқ экан. Сенга ўхшаганларнинг ҳожатини раво қилишни жуда истардиму, бироқ ўзинг ҳам
эшитгандирсан, айни
пайтда бошимга оғир кулфат тушган.
-
Ҳа сизнинг олдингизга келаётиб, шаҳрингизга
яқинлашиб қолганимда эшитиб қолдим, - дедим. Сўнг:
-
Эй, Абу Абдуллоҳ мен бу шаҳарга биринчи
келишим. Мени бу ерда ҳеч ким танимайди. Шунинг учун рухсат берсангиз, ҳар куни
тиланчи кийимида келиб, эшигингиз олдида тиланчилар каби нарса сўрайман. Сиз
эса бу ерга
чиқиб, менга бир кунда битта ҳадис айтиб берсангиз кифоя, - дедим. У киши:
-
Майли, фақат шарти шуки, бошқа дарс ҳалқаларига ва ҳадис аҳллари олдига дарс учун бормайсан, - деди. Мен:
-
Хўп,
-
дедим.
Шундан
сўнг мен қўлимга бир асо олиб, бошимга бир латта ўраб олар, қоғоз ва
сиёҳдонимни эса, енгим ичига тиқиб олар эдим. Сўнгра у кишининг эшиги олдига
келиб: “Савоб умидидагилар борми? Аллоҳ раҳмат қилгурлар!”, дер эдим. Чунки у
ердаги тиланчилар шундай қилар экан-да. У киши йўлакка кирганимдан кейин эшикни
ёпар эдилар-да, менга иккита-учта ёки ундан ҳам кўпроқ ҳадис айтиб берар
эдилар. Ҳаттоки, менда уч юзга яқин ҳадис йиғилиб қолди.
У
кишини таъқиб қилиб турган волий вафот этгунча бу ишда шу тарзда бардавом
бўлдим. Волий вафот этгандан кейин аҳли сунна эътиқодидаги волий тайинланди.
Шундан кейин Аҳмад ибн Ҳанбал уй қамоғидан қутулиб, халқ орасига чиқди. У
зотнинг обрўси олдингидан ҳам баланд бўлди. Одамлар турли ерлардан илм учун у
кишининг олдига сафар қилиб келадиган бўлишди. Шунда ҳам мени ўзгача ҳурмат
қиларди.
Агар
у кишининг дарс ҳалқасига борсам, дарс ҳалқаси талабалар билан тўла бўлишига
қарамай, мен учун жой бўшаттириб, ўзларига яқин жойга ўтқизар эдилар.
Шогирдларига: “Ҳақиқий толиби илм номига айнан шу йигит лойиқдир”, дер ва
ўртамизда бўлган воқеани айтиб берар эдилар. Менга ҳадисни муновала[2] тарзида
ўргатар ё тўғридан-тўғри ўқиб берар ёки мен у кишига ўқиб берар эдим.
Бир
куни касал бўлиб қолдим. У киши мени дарс ҳалқаларидан тополмагач, мен ҳақимда
сўрабдилар. Касаллигимни айтишибди. Ўша заҳоти атрофидаги кишилар билан мендан
хол-аҳвол сўраш учун йўлга чиқибдилар. Мен ўша вақтда ижарага олган уйимда
остимда бўйра, устимда кийимим ва китобларим эса бошим остида бўлган ҳолимда
ётар эдим.
Меҳмонхона
ходимларининг овозлари кўтарилганини эшитдим. Қулоқ солсам, улар: “Қаранглар,
қаранглар, бу – ўша машҳур зот-ку, бутун мусулмонлар имоми келяптилар”, деб
айтишарди. Мени олдимга меҳмонхона хўжайини шошганча келиб: “Эй, Абу
Абдураҳмон, олдингга бутун мусулмонлар имоми Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Ҳанбал сени
зиёрат қилиш учун келяптилар”, деди.
У
зот олдимга кириб, бошим ёнига ўтирдилар. Хона у кишининг шогирдлари билан
тўлиб кетди, ҳаттоки бир қанчаси ҳовлида қаламларни қўлга олиб тик туришар эди.
У киши менга: “Эй, Абу Абдураҳмон! Аллоҳни бераётган савобидан хурсанд бўл.
Ҳаётда касаллик бўлмайдиган соғлик кунлар бўлгани каби соғлик бўлмаган касаллик
кунлар бор. Аллоҳ сени офиятига олсин ва шифо берсин”, дедилар. Бундан бошқа
сўз айтмадилар. Шогирдларига қарасам, у кишининг гапларини ёзиб борар эдилар.
Аҳмад
ибн Ҳанбал чиқиб кетганларидан кейин олдимга меҳмонхона ходимлари келиб, менга
лутф кўрсата бошладилар. Улар холис Аллоҳ учун менга хизмат қилишар, бири
кўрпа-тўшак олиб келса, бошқаси ширин таомлар келтирар эди. Ҳаттоки, касал
бўлганимда оилам парвариш қилиши мумкин бўлгандан-да зиёда парвариш қилишар
эди. Буларнинг ҳаммаси ана ўша солиҳ зотнинг биргина мени зиёрат қилгани
шарофатидан эди.
Абу
Абдурраҳмон Бақий ибн Махлад Андалусий (201-276/816-889) йилларда яшаб
ўтганлар.
Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳни “Уламоларнинг илм олиш ва
таҳсил давомида чеккан машаққатлари битилган саҳифалар” китобидан олинди
(Таржимонларни Аллоҳ Ўз раҳматига мушарраф айласин!).
[1] Қуйидаги маълумотлар
Заҳабийнинг “Сияр аъломун нубало”, Улаймийнинг “Ал-Манҳажул Аҳмад фи тарожими
асҳобил имом Аҳмад” ҳамда Ибн Абу Яълонинг “Ихтисорун Нобулусий литабақотил
ҳанобила” китобларида келган.
[2] Муновала сўзи мусталаҳул ҳадис илмига оид атамадир. У луғатда “бермоқ” маносини билдиради. У икки хил бўлади: ижозат билан бўлган муновала ва ижозатдан холи муновала. Ижозат билан бўлган муновалада устоз талабага ўзининг устозлардан ёзиб олган ҳадис китобини беради ва “Бу фалончидан қилган ривоятларимдир, уларни мени номимдан ривоят қилавер!”, деб айтади. Сўнг талабага китобини бутунлай бериб юборади ёки нусха кўчириб олиш учун вақтинчалик бериб туради. Ижозатдан холи бўлган муновалада эса, устоз талабага ўзининг китобини бера туриб: “Бу мени устозларимдан эшитган ривоятларим”, дейди. Лекин “менинг номимдан ривоят қилавер” деб айтмайди.