Хаворижларнинг пайдо бўлиши

Хаворижларнинг пайдо бўлиши

Mimon.uz 2021-12-18 11:31:41 366

Сийрат китобларидан маълумки, учинчи рошид халифа ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу 81 ёшларида адашган, исёнчи ва келгинди авбошлар томонидан уюштирилган фитнада шаҳид этилганлар. Улар ислом уммати ичида пайдо бўлган дастлабки адашган тоифа эдилар. Улар садоқатли саҳобийлар эмас, балки залолатга кетган, ярамас эътиқодли ўта қаттиқ адашган кишилар эди. Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳунинг сиёсий бошқарувидан хато излаган,  мамлакатнинг иқтисодий ривожидаги молиявий қарорларини нотўғри деб билган, халифалик ҳудудидаги турли жойлардан йиғилган қўзғолончилар ўз қилмишларини тўппа тўғри деб эътиқод қилишган. Хато ва туғённинг кўлами шу даражадаки,  улар ўз "ижтиҳод"ларига кўра,  34 ёшида энг аввалгилар қатори исломга кириб эллик йилга яқин ислом динининг ривожига беқиёс ҳисса қўшган, фаришталарда ул зотдан ҳаё қиладиган фариштасифат отахонни қилич билан чавақлайдилар. Бундан ташқари ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буюк башоратлари билан жаннат башорати берилган ўнта саҳобийнинг учинчилари эди. Давлат раҳбарига- мусулмонларнинг халифасига итоатдан бош тортиш,  ҳамма тўғри деб билган ва итоатда бўлган саховатли рошид халифага исённинг уюштирилиши ва қирқ кун давом этган қамалдан сўнг ул зотни вахшийларча қатл этиш билан якун топди. Бу воқеа жамиятда турли парокандиликларнинг бошланиши,  ихтилоф ва низоларнинг авж олишининг энг асосий сабабларидан бири  ва ислом диёрлари раҳбарига қарши чиқувчи хаворижларнинг бўй кўрсатишига сабаб бўлди. Шу тариқа бошланган ва ҳозирги кунимизга қадар мусулмон ўлкаларида давом этиб келаётган қайси кўринишдаги уруш ва  фитна бўлмасин замирида исён,  итоатдан бош тортиш,  иш эгаларини ва мусулмонларни кофирга чиқариш яширинган бўлади. Аста секин хаворижлар номини олган энг хатарли тоифа ўз иддаолари билан мусулмонлар ўртасида тасирини кўпайтира бошлади. Улар ҳазрати Усмон,  Али, Зубайр,  Толҳа,  Оиша, Муовия ва бошқа бир қанча улуғ саҳоба розияллоҳу анҳумларни кофир деб ҳукм қилишган. Юқорида санаб ўтган саҳобийлар ҳақида илоҳий оятлар нозил бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан улар ҳақида турли муносабатлар билан гўзал ҳадислар ворид бўлган. Оммага кундек маълум бўлган,  барча мусулмонлар якдил бўлган  фикрлар,  эътиқодий тушунчалар хаворижлар томонидан ботил деб қабул қилинган. Демак, залолат инсон кўзини кўр қилиб дунё охиратининг барбод бўлишига сабаб бўлар экан. 

Зомин тумани "Боймоқли" жоме масжиди имом-хатиби

Мирзақулов Лутфулла

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид