130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Ҳаёси борнинг - иймони бор.
imon.uz 2024-09-09 05:40:47 172Гўзал хулқлардан бири бўлган ҳаё
динимизда иймоннинг асосий қисми ҳисобнади.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят
қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳаё ва камгаплик иймоннинг икки шўъбасидир. Ҳаёсизлик ва
маҳмадоналик нифоқнинг икки шўъбасидир», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Аллоҳ таоло ҳаёни иймонга боғлаб қўйгани бежиз эмас.
Ҳаётда ҳам бу боғланишни очиқ-ойдин сезилиб туради. Кишининг иймони даражасини
унинг ҳаёсидан билиб олса бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан
ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўъбадан иборатдир. Унинг
энг афзали «Лаа лаҳа иллаллоҳ» демоқ ва энг кичиги, йўлдаги озор берадиган
нарсани олиб ташлаш. Ҳаё, иймоннинг шўъбасидир», дедилар».
Исломда ҳаёли бўлиш шунчалар юқорига
кўтарилган. Ҳадиси шарифда, энг олий ва энг қуйи шўъбалардан кейин «Ҳаё»ни алоҳида
таъкидлаб, «Ҳаё иймоннинг шўъбасидир», дейилиши бежизга эмас. Чунки
ҳаё иймоннинг энг ажойиб кўринишларидан бири. У инсонни доимо яхшилик қилишга,
ёмонликдан четланишга чорловчи ажойиб сифатдир.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят
қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилинглар», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Биз, албатта, ҳаё қиламиз, алҳамду
лиллаҳи», дедик.
«Ундоқ эмас. Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш бошни ва у ўз ичига
олган нарсаларни, қоринни ва у ўз ичига олган нарсаларни сақламоғингдир. Ўлимни
ва чиришни эсламоғингдир. Ким охиратни хоҳласа, дунё зийнатини тарк қилур. Ким
ўшаларни қилса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлур», дедилар».
Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят
қилишган.
Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам
ҳақиқий ҳаё одамлар ўйлаб юрадиган баъзи бир ишларни қилишдан уялиш эмаслигини,
балки улкан бир маънони ўз ичига олишини баён қилмоқдалар.
Бош ўз ичига олган нарсалар —кўз, қулоқ, бурун, оғиз
ва тил эканлигини билиб қўймоқ лозим. Ушбу нарсаларни ёмонликдан сақлаш ила
Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилишнинг баъзи шартлари юзага келар экан.
Қорин ўз ичига олган нарсалар жумласидан озуқалар ва
фарж бордир. Демак, озуқанинг ҳалол бўлиши ва фаржни гуноҳдан сақлаш ила Аллоҳдан
ҳақиқий ҳаё қилишнинг баъзи шартлари юзага келар экан.
Ҳадисда ўлимни эслаш ҳам зикр қилинмоқда. Чунки ўлимини
эсламаган инсон ҳеч нарсадан ҳаё қилмайди. Қабрда чиришини эсламаган ҳам ҳеч
нарсадан ҳаё қилмайди.
Ким бу ҳадиси шарифда айтиб ўтилган ишларни мукаммал
қилган бўлса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлар экан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан
ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу
алайҳи васаллам:
«Ҳаё иймондандир. Иймон жаннатдадир. Ҳаёсизлик жафодир. Жафо
дўзахдадир», дедилар».
Ҳаёга бундан кўра улуғ васф бўлмаса керак. Инсоннинг
ҳаёли бўлиши унинг иймони борлигига далолат қилса, иймони уни жаннатга олиб
кирар экан. Демак, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилишимиз икки дунёда ҳам саодатли
бўлишимизга сабаб бўлар экан.
Яъло розияллоҳу анҳудан ривоят
қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
очиқ жойда иштонсиз ғусл қилаётган одамни кўриб қолдилар. Бас, минбарга
чиқдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан сўнг:
«Албатта, Аллоҳ ўта ҳаёли ва ўта тўсингандир. Бирортангиз
ғусл қилса, тўсиниб олсин», дедилар».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Бу сўзларда одоб-ахлоқнинг олий даражаси ўз ифодасини
топган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фалончини фалон жойда қип-яланғоч
ғусл қилаётганини кўрдим, шу ҳам иш бўлдими, демадилар. Бошқа шунга ўхшаган
гапларни ҳам айтмадилар. Балки аввал Аллоҳнинг ўта ҳаёли эканини эслатиб, мусулмонларни
ҳам ўта ҳаёли бўлишга ундадилар. Аллоҳнинг ўта тўсинган эканини эслатиб,
мусулмонларни ҳам ўта тўсинишга ундадилар. Сўнгра асосий мақсадга кўчиб,
тўсиниб олиб ғусл қилиш кераклигини баён қилдилар.
Ҳаё инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган улуғ
сифатлардан бири. Ҳаё инсонга зийнат ҳисобланиб, у пайғамбарларнинг ҳаммаларига
хос муштарак сифат бўлган.
Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят
қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидан: ҳаё, хушбўй
сепмоқлик, мисивок ва никоҳ», дедилар».
Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган.
Шундай экан ҳар бир мўмин-мўмина ҳаёли бўлишга ҳаракат
қилмоғи лозим.