ҲАЁТ ЭКАНСИЗ, ЗЕРИКИШНИ УНУТИНГ!

ҲАЁТ ЭКАНСИЗ, ЗЕРИКИШНИ УНУТИНГ!

imon.uz 2025-02-17 11:55:14 116

 Умрини ёлғизлик сўқмоқларида ўтказаётган киши машаққатга лойиқ, чунки унинг нафси тоқатсиздир. Инсон табиати бир хилликдан зерикади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло замон ва макон, таом ва ичимлик, кеча ва кундуз, текислик ва тоғлар, оқ ва қора, иссиқ ва совуқ, илиқ ва салқин, ширин ва аччиқ ҳамда бошқа барча махлуқотларини турли ҳолатда яратган. У Зот бу борада муборак китобида айтади: "...Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир" (Наҳл сураси, 69-оят).

 "Ерда бир-бирига ёнма-ён, бўлак-бўлак (унумдор ва унумсиз) ерлар, узумзор боғлар, экинзорлар ва шохлаган ва шохламаган хурмолар бўлиб, (ҳаммаси) бир сув билан суғорилур. Биз уларнинг биридан бирининг таъмини тотлироқ қилиб қўюрмиз. Албатта, бунда ақли билан англайдиган қавм учун аломатлар бордир" (Раъд сураси, 4-оят).

 "...таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди..." (Анъом сураси, 141-оят).

 "...Яна тоғларнинг оқ, қизил, ранг-баранг йўл(лиси) ҳам, тим қораси ҳам бордир..." (Фотир сураси, 27-оят).

 "...Имонли кишиларни билиш (синаш) ва сизлардан шаҳидларни саралаб олиш учун (Биз) шу (ғалаба) кунларни (кетма-кет) алмаштириб турамиз..." (Оли Имрон сураси, 140-оят).

 Бани Исроил қавми бир хил таом еяверишдан зерикди: "...биз бир (хил) таом (ейиш)га сабр қила олмаяпмиз..." (Бақара сураси, 61-оят).

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни баъзан ўтириб, баъзан туриб, гоҳида юрган ҳолда ўқирдилар ва: "Нафс зерикувчидир", дер эдилар.

 "...Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар..." (Оли Имрон сураси, 191-оят).

 Ибодатлар хусусида ҳам фикр юритсак, турли-туманликни кузатамиз: юрак ибодати, тил ибодати, амалий ибодат, молиявий ибодатлар. Масалан, имон юрак (қалб) ибодати, намоз юрак, тил ва бадан ибодати, закот молиявий ибодат, рўза вужуд ибодати, ҳаж молиявий ва амалий ибодатдир. Намознинг ўзи ҳам бир хилликдан иборат эмас, балки қиём, рукуъ, сажда, жалса каби амаллардан иборатдир.

 Демак, ким ҳаёти хотиржам, руҳияти кўтаринки, неъматлар давомли бўлишини истаса, амалларининг турини кўпайтирсин. Ҳар хилликни кундалик ҳаётига татбиқ этиб, уни сермазмун ўтказсин.

 Масалан, бу тажрибани илм ўрганиш борасида ҳам қўлласин.

 Илм толиби агар Қуръон ўқийверишдан зерикиб малолланса, ҳадис, фиқҳ, тарих ва бошқа фанларни алмаштириб ўқийверсин. Агар илмдан чарчаса, сайрга чиқсин, жисмоний ишлар қилсин. Ундан ҳам чарчаса, меҳмондорчиликка борсин, яқин ёр-дўстларини йўқлаб, уларнинг кўнглини олсин. Шунда бир амални бажариб, бошқасидан дам олади.

 Кейин бир оз вақт ўтгач, асосий амалига яна ғайрат билан киришади. Бу услубда инсонда бир ишни қилаверишдан зерикиш ва малолланиш ҳам, вақтини зое қилиб бекор ўтириш ҳам бўлмайди. Балки бир соҳадан дам олиб, бошқа соҳа билан шуғулланади. Натижада, куни мазмунли ва баракали кечади, кайфияти ва руҳияти кўтарилади, жисми ҳам соғлом бўлади.


"Ўкинма" китобидан.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид