ИФФАТ

ИФФАТ

imon.uz 2023-03-03 12:43:48 324

“Иффат” сўзи луғатда “қабиҳ нарсадан тийилиш” маъносини англатади. Ибн Манзур: “Иффат аслида қолдиқнинг ўрнига ўтадиган нарсани тановул қилиш ила кифояланишдир. Иффат (истилоҳда) ҳалол ва гўзал бўлмаган нарсадан ўзини тийишдир. Иффат ўта покликдир”, деган.
    Уламолар иффат ҳақида бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтганлар:
    Роғиб: “Иффат нафсда бир ҳолатнинг ҳосил бўлиши бўлиб, у ила шаҳватнинг ғалабасидан четланилади.
    Иффат нафсни ҳайвоний лаззатлардан тийиб туришдир. У ҳаддан ошган нафсни бузуқлик билан нуқсон ҳисобланган шаҳватсизлик орасидаги ўртача ҳолатдир”, деган.
    Жоҳиз: “Иффат нафсни шаҳватлардан жиловлаш, уни жасадини тик туришга ва соғлиғини муҳофаза қилишга етадигани билан кифояланишдир. Барча лаззатли нарсаларда исрофдан четда бўлиб, мўътадиллик йўлини тутишдир. Мустаҳаб равишда қондиришга иттифоқ қилинган маълум шаҳватлар ҳам ҳожат тушган вақтдагина бўлиши керак. Шунда ҳам ундан кўпга ҳожат тушмайдиган миқдорда бўлиши лозим”, деган.
     Журжоний: “Иффат шаҳвоний қувватга оид ҳайъат бўлиб, у мазкур қувватнинг ҳаддан ошган ҳолатидаги фужур ва нуқсонга учраган ҳолатидаги турғунлик орасидаги ўртача ҳолатдир. Иффатли киши ишларни шариат ва мурувват асосида олиб борадиган одамдир”, деган. 
   Иффат ҳақида келган оятлардан намуна:
   Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
    “(Садақалар) Аллоҳнинг йўлида тутилиб қолган, ер юзида кезишга қодир бўлмаган, билмаган киши иффатлари туфайли уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир. Уларни сиймоларидан танийсан, одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар. Нима яхшилик нафақа қилсангиз, бас, Аллоҳ албатта, уни ўта билувчидир” (Бақара сираси, 273- оят).

"Руҳий тарбия" китобидан

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид