130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ИФФАТЛИ БЎЛИШНИНГ ФАЗЛИ
imon.uz 2024-11-13 11:05:19 112Аллоҳ таоло:
«Билмаган одам уларнинг
иффатларидан бойлар, деб ҳисоблайди. Уларни сиймоларидан танийсан. Улар
одамлардан хиралик ила сўрамаслар», деган (Бақара, 273).
Шарҳ: Ушбу
ояти карима аҳли суффа – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг
масжидлари яқинидаги суффада яшовчи тўрт юз нафар тақводор, камбағал
мусулмонлар ҳақида нозил бўлган. Улар ўзларини Қуръон ва илм ўрганишга
бағишлаган кишилар бўлиб, маошларини касб қилиб топишга имконлари бўлмаган. ҳеч
нарсалари бўлмаса ҳам ўзларини иффатли тутишган, бировнинг молига назар ҳам
солишмаган. Уларнинг асл ҳолини билмаган одам, ўзларини тутишларидан уларни
бой, деб ҳисоблайдиган даражада бўлган. Уларнинг сиймоларидан тақводорликлари
билиниб турган. Ўзлари ўта муҳтож бўлишларига қарамай, одамлардан бирор нарсани
сўраб олмаганлар.
Ким аҳли суффа даражасига, улар етган улуғ мақомга етмоқчи бўлса, уларнинг ушбу оятдаги васфига қўшилмоқчи бўлса, одамлардан бирор нарса сўрамасин, ўзини иффатли тутсин, билмаганлар уларни бойлар, деб ҳисобласин.
.Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят
қилинади:
«Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна
бердилар. ҳаттоки, ҳузурларидаги нарса қолмади. Шунда у зот:
«Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб
қолмасман. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб
қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур.
ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Икки шайх ва Термизийнинг ривоятида:
«Ким мусулмон бўлиб, етарлича ризқлантирилса ва
Аллоҳ уни Ўзи берган нарсага қаноатлантирса, батаҳқиқ, нажот топган бўлур»,
дейилган.
Бошқа бир ривоятда эса:
«Эй бор Худоё! Оли Муҳаммаднинг
ризқини қути лаа ямут қилгин», дейилган.
Яна бир ривоятда эса:
«Бойлик
ориз(мол)нинг кўплигида эмас, лекин бойлик нафснинг беҳожатлигидадир»,
дейилган.
Шарҳ: «Қути
лаа ямут» – очдан ўлмасликка етарли емиш, таом.
Ушбу ривоятларнинг барчасида мусулмон ўзига
берилган ризқ қанча бўлса, ўшанга чидаб, қаноат ҳосил қилиб юриши яхши экани
ҳақида сўз кетмоқда. Мусулмон инсон турмуши яхши бўлиши учун имкониятидаги
барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо ризқ бериш
Аллоҳдан эканини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига берилган ризқ-насиба
Аллоҳнинг иродаси ила келмоқда, деб билади. Оз бўлса, норози бўлмайди, кўп
бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам
учун тўғри эмас.
ЗАКОТ КИТОБИДАН